You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Европа Марказий Осиёни 'кўра' бошладими? Мирзиёев Францияга боради. Уйга байроқ илсак майлими? Ўзбекистон тақиқлардан қачон қутилади? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
- Европа Иттифоқи Марказий Осиёни ҳамкорликка чақирди
- Макрон таклифи билан Мирзиёев Францияга боради
- Қирғизистон чегара масаласида нима деди?
- Уйга байроқ илишга тақиқ бекор қилиниши мумкин
- Дрон олиб киришга кимларга рухсат берилди?
ЕИ ва МО яқин ҳамкорликка чорлов
17 ноябрь куни Самарқандда Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. "Газета.uz" нашри хабарига кўра, Евроиттифоқнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррель Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё вазирлари йиғилишига ҳам раислик қилиш учун Ўзбекистонга келган.
Алоқадор мавзулар:
- Видео. Россия ва Марказий Осиё: Энди Путиндан "қўрқмаса" ҳам бўладими?
- Франция: Парижда Ўзбекистон тарихига оид очилаётган кўргазмаларда нималарни кўриш мумкин?
- Ўзбекистон: Чегаралар баҳси якун топяптими? Ўзбек мигрантларни Путиннинг янги фармонидан ким қутқариши керак?
- БМТ бош котиби ва СОР27: Инсоният иқлим бўйича ҳамкорлик қилмаса, йўқ бўлиб кетади
Жозеп Боррель Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан биргаликда Самарқандда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар бўйича конференция ўтказган.
"Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги Европа Иттифоқи, шунингдек, Марказий Осиё учун глобал оқибатларга олиб келади. Уруш оқибатида юзага келган зарба тўлқини иккаламизга ҳам бевосита таъсир қилди", — дейди Боррель вазирлар йиғилишида сўзлаган нутқида.
Жозеп Боррель Европа Иттифоқи номидан Украинадаги уруш шароитида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ва хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга чақирган.
"Аммо биз ҳамкорликни, савдо-сотиқни, иқлим ўзгаришига қарши курашни, бутун дунё бўйлаб гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликни назорат қилишни истасак, бизга кўпроқ ҳамкорлик ва кўпроқ ҳамжиҳатлик керак", - дейди Европа Иттифоқи вакили.
"Россиянинг Украинага қарши уруши — бу халқаро тартибнинг бузилишидир. Шу боис биз энди аввалгидан-да, хавфлироқ бир дунё билан тўқнаш келишимизга тўғри келади. Ва бу хавфга қарши туришнинг ягона йўли — янада кўпроқ ва яхшироқ ҳамкорлик қилишдир. Бу, таъбир жоиз бўлса, бугунги кундаги бош масала", —ЕИнинг олий вакили сўзларидан иқтибос келтиради "Газета.уз".
Шунингдек, жаноб Боррель Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг ташқи чегараларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашда давом этишини, шунингдек, минтақага дезинформация, Ковид -19 пандемияси оқибатлари ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ёрдам беришини айтган.
"Боррель учрашув якунлари бўйича қилган чиқишида глобал сиёсат ва иқтисодиётда Марказий Осиёнинг ўрни тобора сезиларли тус олаётганини таъкидлаб ўтди", деб ёзади "Газета.уз".
"Бир неча йил аввал Марказий Осиё ҳақида гапирарканмиз, эҳтимол, у [жаҳон кун тартибида] ҳеч қаерда йўқлигини таъкидлаган бўлардик. Бироқ бугун ҳаммаёқда Марказий Осиё мавзуси бор. Чунки ушбу минтақа жаҳоннинг яна ва янада ҳурматли қисмига — Европа ва Осиё ўртасидаги чорраҳага, икки қитъани боғлаш учун зарур бўлган инфратузилмаларни ташкил этиш учун янада кўпроқ саъй-ҳаракатларни йўналтиришимиз керак бўлган жойга айланмоқда. Бундай қараш кечаги кунда ҳам тўғри эди ва Россиянинг Украинага уруши фонида янада тўғрироқдир", — дея қайд этиб ўтди Жозеп Боррель, деб ёзади нашр.
Ўзбекистон Президенти ҳам "Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза" мавзуидаги биринчи халқаро конференция иштирокчиларига ёзма мурожаат йўллаган.
Шавкат Мирзиёев, "Бугунги кунда дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий жараёнлар ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган турли зиддиятлар, глобал сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, турли замонавий таҳдидлар минтақалар ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришни тақозо қилаётгани"ни эътироф этган.
"Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган биргаликдаги қатъий саъй-ҳаркатларимиз албатта ўз ижобий натижасини беради", - дея ишонч билдирган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ҳам мазкур анжуман ортидан уюштирилган брифингда мамлакати "Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли, кўп қиррали стратегик шерикликни, шу жумладан, Марказий Осиё-Европа Иттифоқи мулоқоти доирасида ривожлантиришга катта аҳамият бераётгани"ни таъкидлаган.
Францияга расмий ташриф
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан, жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Рresident.uz хабарига кўра, ташриф дастурида Париж шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар, Франция Парламентининг қуйи палатаси - Миллий йиғинида учрашув ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари иштирокида ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.
"Кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фаол гуманитар ва таълим алмашинувларини давом эттириш масалалари ўрин олган. Саммит якунида ўндан ортиқ муҳим икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, инвестиция битимлари ва савдо шартномалари тўпламининг қабул қилиниши режалаштирилган", - маълум қилади Президент.уз расмий сайти.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи кунлари Париждаги жаҳонга машҳур Лувр музейи ва нуфузли Араб дунёси институтида мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий меросига бағишланган ноёб кўргазмалар очилиши маълум қилинган.
Чегара масаласига чек қўйилдими?
Қирғизистон парламенти қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ва Кампир-обод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллади. Мазкур ҳужжатлар аввалроқ Ўзбекистон томонидан ҳам ратификация қилинган эди.
Қирғизистон Жогорку Кенеши мажлисида сўзга чиққан Президент Садир Жапаров Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ йиллардан буён ҳал этилмаган чегара масаласига чек қўйиш керак бўлган тарихий кун эканини таъкидлади.
"Шу муносабат билан Садир Жапаров бутун мамлакат учун тарихий ва ҳал қилувчи паллада ўз фикрини билдириш учун бугунги масала муҳокамасида иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади", деб ёзади Президент.кг расмий сайти.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев эса ўз маърузасида Ўзбекистон томони билан бу масала қандай ҳал этилаётгани ҳақида батафсил маълумот бергани хабар қилинган.
"Президент Садир Жапаров депутатлардан давлат тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилишда масъулиятли бўлишни сўради", - дейилади расмий сайт хабарида.
Уйимизга байроқ илсак майлими?
Эндиликда Ўзбекистон давлат байроғидан эркин фойдаланиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Телеграмдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
Депутатга кўра, Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP Фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини муҳокама қилиб, депутатлар орасидан ишчи гуруҳи тузилмоқда.
Шунингдек, Қонун лойиҳасида Давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни олиб ташлаш, фуқароларнинг эркин фойдаланиши, эгалик қилиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
"Оддий айтганда бу ўзгаришлардан кейин фуқаролар ҳам байроғимизга ҳурмат сақлаган ҳолда ўз хонадонларига ҳам илиш, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкин бўлади. Бу орқали байроқ бўйича мавжуд чекловлар учун белгиланган жазо масаласини ҳам қайта кўриб чиқишга тўғри келади", - деб ёзади Расул Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Давлат байроғи тўғрисидаги қонунга мувофиқ, мамлакат байроғидан фойдаланиш чекланган.
Дрон билан кириш - жиноят
Ўзбекистонда дронлардан фойдаланишга белгиланган тақиқлар бор.
Мамлакат қонунларига кўра, учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади. Қонунбузарлик ҳолати жиноий жавобгарлик ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга олиб келиши мумкин.
"Ўзбекистон Республикаси ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш ва уларни Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кириш фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 26.11.2014й. 322-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамасининг алоҳида қарори билан рухсат берилади", дейилади Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги расмий сайтида.
Мазкур агентлик мамлакат туризм салоҳияти тўғрисида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳларга учувчисиз учадиган аппаратларни республика ҳудудига вақтинча олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун рухсатномани Туризм ва маданий мерос вазирлигининг илтимосномасига асосан беради.
Эндиликда ҳукуматнинг 15 ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан Ўзбекистонга дронларни олиб кириши учун Туризм вазирлиги, "Чорвоқ" эркин туристик зонаси дирекцияси, "Геоинновация маркази" ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссиясига рухсат берилди.
Шунингдек, қарор билан вазирлик, идоралар ва хўжалик субъектларига Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари асосида учувчисиз учадиган аппаратларни ва уларнинг бутловчи қисмларини олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek