You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Франция: Парижда Ўзбекистон тарихига оид очилаётган кўргазмаларда нималарни кўриш мумкин?
Лувр - дунёнинг энг кўп ташриф буюриладиган музейи. 12 асрда қурила бошлаган бу даргоҳ Мона Лиза ва Милос Венераси каби энг машҳур санъат асарларини ўзида сақлайди. Ундаги қирқ мингга яқин осори атиқаларни ўз кўзлари билан кўриш учун одамлар бутун дунёдан ёғилиб келади.
Бу ноябрь ойида эса Лувр илк марта Ўзбекистон меросига бағишланган кўргазмага мезбон бўлади. «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳаларида» деб номланган кўргазма бугунги Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўли тарихидан ҳикоя қилади.
Унда монументал ва дастгоҳ санъати намуналари, девор расмлари, саройларнинг ўймакор жиҳозлари, санъат ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилади.
Ташриф буюрувчилар жами 168 та музей экспонатлари билан танишишлари мумкин бўлади: шулардан 137 таси Ўзбекистоннинг 13 та музейидан бўлиб, эрамиздан аввалги V-VI асрлардан Темурийлар давригача бўлган даврни қамраб олган экспонатлар, 31 таси эса жаҳоннинг етакчи музейлари — Британия музейи, Британия кутубхонаси, Виктория ва Алберта музейи; Франция Миллий кутубхонаси, Лувр, Кливленд музейи ва бошқа даргоҳларда сақланувчи асарлар.
Ўта турфахил замонларга вакиллик қилувчи бу экспонатлар орасида Ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид «Катта Лангар Қуръони» алоҳида ажралиб туради.
Мазкур Қуръон Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Лангар ота» жомеъ масжидида узоқ вақт сақланган. Ислом оламида у Мусҳафнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири ҳисобланади.
Бугунда бир неча варақлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбуруғ каби зарарли бактериялардан тозаланди.
Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда амалга оширилган.
Умимийла, Лувр музейида ўтказиладиган кўргазма учун 70 та осори атиқа реставрация қилинди.
Париж бу ой Ўзбекистонга оид яна бир кўргазмага мезбонлик қилади. Араб дунёси институтида очиладиган "Самарқандга йўл, Ўзбекистон жилолари ва улуғворлиги" номли кўргазмада Нукусдаги Савицкий коллекциясида сақланувчи мўйқалам суратлардан тортиб, Бухоро зодагонлари саройларида сақланган жиҳозлар ўрин олади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek