Ўзбекистон ва Франция ўртасида талаш бўлаётган бола O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 6 дақ

"Арслон менинг ягона ўғлим. У менинг ягона фарзандим. Менинг бошқа болам йўқ. Ўғилчам Ўзбекистонда, мендан йироқда қолар экан, мен уни тарбия қила олмайман. У ўз оиласи, ўз отаси кимлигини билмай ўсади, чунки онаси менга уни кўришга рухсат бермаяпти. "

Тўрт яшар Арслон Франция ва Ўзбекистон ўртасида талаш бўлаяпти. Арслоннинг тақдири икки давлатнинг энг юқори даражали идоралари эътиборига тушган, мактублар алмашинган, суд ишлари бўлиб ўтган, ўзбек ва француз қонунлари тўқнашган, аммо боланинг тақдири мавҳум қолмоқда.

Би-би-си суриштируви боланинг отаси тақдим қилган ҳужжатлар, унинг Франция ва Ўзбекистон ҳукумати билан ёзишмалари, ҳамда Би-би-си Ўзбекисон ҳукумати билан олиб борган мулоқотларга асосланган. Онанинг мавқеини бевосита унинг ўзидан тақдим қила олмаймиз, чунки у бизга гапиришдан бош тортди. У бу "машмаша"ни унутишни истаётганини билдирди. Аммо, у ҳозирча унутиладиган кўринмайди. Ўтган ой Франция суди бола франциялик отанинг қарамоғида бўлиши керак дея ҳукм чиқарди. Аммо, Ўзбекистон тарафи бола - Ўзбекистон фуқароси демоқда. Ва у ҳозирда Ўзбекистонда.

Франциялик мусиқашунос Сильван Руа ўзбек мусиқаси ҳақидаги илмий иши учун 2013 ва 2014 йилларда етти ойни Ўзбекистонда ўтказар экан, у ерда тошкентлик Камилла Гайсина билан турмуш қуради. Жуфтлик кўп ўтмай Францияга доимий яшашга кўчиб ўтадилар ва никоҳларини Францияда ҳам қайд этадилар. 2015 йил октябрида эса Арслон дунёга келади.

2017 йилда Камилла Гайсина ажрашиш аризаси билан Франция судига мурожаат қилади. Аввало яраштирув суди 23 майга белгиланади. Бу суд иши ҳужжатларида айтилишича, ажрашув суд ишигача Арслон онаси билан яшаши, отаси эса уни кўриб туриши мумкин. Муҳим жиҳати, айни ҳужжатда Камилла Гайсина Францияни тарк этиш нияти йўқлигини айтгани қайд қилинган. Суд ота ва онанинг келишувисиз болани Франциядан олиб чиқишни ман қилган. Аммо бу суд ишидан икки кун ўтиб, Камилла ва Арслон ғойиб бўлишади.

Арслон қайси давлат фуқароси ва у қаерда ким билан яшаши керак?

2017 йил 27 майида, яъни яраштирув суди бўлиб ўтишидан икки кун ўтиб, Париждаги Ўзбекистон консуллиги Камилла Гайсинага болани Ўзбекистонга олиб кетиш учун ҳужжат берган. Консул Заҳро Нарзиева имзолаган Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада боланинг исми Гайсин Арслан дея қайд қилинган. Аммо, бола Францияда туғилганида берилган гувоҳномада унинг исми - Арслан Сильван Андре Руа.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси Би-би-сига йўллаган мактубларда Ўзбекистон қонунчилиги бузилмагани, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси томонидан Гайсин Арсланга расмийлаштирилган туғилганлик ҳақида гувоҳнома "Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ амалга оширилган"и айтилади.

Биз элчихонага мактубни йўллашимиздан аввал унинг сайтига кирганимизда, олтита талабга гувоҳ бўлдик. Туғилганлик гувоҳномасини олиш учун талаб қилинадиган олтита ҳужжатлар орасида, хусусан, қуйидаги талаб бор эди:

"Агар боланинг отаси ё онаси ўзга давлат фуқароси бўлса, Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини расмийлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун ўзга давлат фуқароси бўлган ота ёки онанинг нотариал тасдиқланган розилигини тақдим қилиш керак".

Лекин, биз Франциядаги Ўзбекистон элчихонасидан жавоб олишимиз ортидан, унинг сайтидан бу талаб ғойиб бўлди.

Бунинг сабабини сўраб, қайта йўллаган мактубимизга элчихона жавоб бермади.

Биз, жумладан, қўшни Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси сайтини текширганимизда, бу талаб унда ҳали ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Хўш, Ўзбекистон консулликлари қандай қонунлар асосида иш юритмоқда?

" 2019 йил февралида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Франция Адлия вазирлигига баъзи ҳужжатларни йўллабди. Улар орасида ўзбек тилидаги туғилганлик ҳақида гувоҳнома ҳам бор эди. Бу гувоҳномани Заҳро Нарзиева исмли консул берган. Бу консул менинг рухсатимсиз менинг ўғлимнинг исмини ўзгартирган. Унинг исми Арслан Сильван Андре Руа. Арслан Гайсин эмас. Бу ҳужжатлар ичида ўғлимга берилган паспорт ҳам бор. Унда отаси деган жойига ИКС ҳарфи қўйилган. Демак, ўғлимнинг отаси йўқ экан", - дейди жаноб Руа.

Биз ҳозирда Франциядаги консуллик лавозимини тарк этган Захро Нарзиевага ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилдик, аммо ҳозирча жавоб олганимиз йўқ.

Шунингдек, Элчихона бизга йўллаган мактубда шундай дейилади:

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 14-моддасининг 1-қисмининг 2-бандига биноан, ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, бола Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида туғилган бўлса, ота-онаси ёки уларнинг бири шу вақтда Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлса, мазкур бола Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади."

Сильван Руанинг айтишича, унинг собиқ хотини Камилла Гайсинанинг доимий истиқомат жойи Ўзбекистонда эмас, Францияда бўлган, ва бу унинг Ўзбекистон паспортида қайд этилган. Дарҳақиқат, Камилла Гайсинанинг паспортидаги "Яшаш жойи" варағида унинг адреси сифатида Франциядаги адреси кўрсатилган. Нега Ўзбекистон элчихонаси буни ҳисобга олмади? Гайсина элчихонага ўз паспортини ҳам тақдим қилган-ку?

Ўзбекистон фуқаролик тўғрисидаги қонунининг 14-моддасида шундай дейилади:

"Ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган бўлса, агар бу вақтда ота-она Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат жойига эга бўлган бўлсалар, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви билан белгиланади."

Жаноб Руанинг айтишича, бундай ёзма келишув, ва ҳатто оғзаки келишув мавжуд эмас. Унинг айтишича, эр-хотин 2014 йил октябридан бери доимий тарзда Францияда яшаганлар.

Сильван Руа ўғлини кўриш учун Ўзбекистонга бир неча марта борганига, лекин бунда қатор тўсиқларга дуч келганини айтади.

"2018 йилнинг 29 августида Ўзбекистон маданият вазирлиги мени франциялик этномусиқашунос сифатида Мақом фестивалида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ўғлимни кўришим учун ажойиб имконият эди. Юнусободга келиб, Камилла яшаётган онаси хонадони қўнғироғини босдим. У тушаман дедию, тушмади. Унинг ўрнига Али исмли эркак тушди. У Исломий қоидаларга кўра, мен унинг бўлғуси хотини билан учраша олмаслигимни айтди. Ҳайрон бўлдим, у ҳалиям менинг хотиним эди-ку? У ўғлимни ҳам кўра билмаслигимни айтди. Бу мен учун жуда оғир эди. У эшикни тўсиб, киришимга қўймади ва мен ортга қайтдим. Икки кундан кейин участковий билан бордим. Камилла ўшанда эшикни очишга калити бўлмаганини рўкач қилди. Ичкарида эса боламнинг йиғлаётгани эшитиларди. Бу жуда оғир эди мен учун. Сўнг, Камилла нотўғри иш қилганини англадими, билмадим, кечқурун соат 10да Шимолий вокзал қаршисида у билан 45 дақиқа учрашишимга рухсат берди. Шу билан ўғлимга совғалар бериб, бағримга боса олдим. Йўқдан кўра, шунисига ҳам рози эдим."

Халқаро қонунлар нима дейди?

Франция Адлия вазирлиги Ўзбекистон Адлия вазирлигига йўллаган мактубда Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги 1980 йилги Гаага Конвенцияси тилга олинади. Ўзбекистон ҳам ушбу Конвенцияга аъзо. Франция мактубида ёзилишича, Сильван Руа оталик ҳуқуқига эга, ўғли эса Франция фуқароси ва уни отаси рухсатисиз ватанидан олиб чиқиб кетиш нотўғри бўлган.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси берган маълумотномада ҳам Арслан Сильван Андре Руа Франция фуқароси экани тасдиқланган.

Би-би-си айни масалада Ўзбекистон Адлия вазирлигига ҳам боғланди. Ўз исми очиқланмаслигини илтимос қилган ходим бизга айни иш бўйича жаноб Руага Ўзбекистонда судга мурожаат қилишни тавсия қилганини билдирди. Аммо, Сильван Руа ўғлига Ўзбекистон ҳукумати тарафидан фуқаролик ноқонуний берилганини билиши ортидан ўзбек судлари унинг манфаатини ҳимоя қила олишига қаттиқ шубҳа қилаётганини айтади.

Қандай бўлмасин, Франция суди 19 февралда ҳукм чиқарди. Сант шаҳри трибунали ҳукмида Арслон Руа Францияда туғилгани ва унинг фуқароси экани айтилди, ҳамда эксклюзив васийлик ҳуқуқи унинг отаси Сильван Руага тақдим этилди. Ҳукмда айтилишича, Камилла Гайсина ўз фарзандининг манфаатларини биринчи ўринга қўймаган.

" Хотинимдан у ўғлим Арслон билан Тошкентга кетиб қолишгани ҳақида хат олганимда, мен шокка тушгандим. Бир неча кун овқат емадим, ухламадим. Яхшиям оилам ва дўстларим юпатишди. Яқинда ўғлим ўғирлаб кетилганига уч йил тўлади. Мен эса ҳалиям унинг хотираси билан яшаяпман. Унинг сурати ҳар доим ёнимда, ҳар онда унга қарайман. Кўчада унинг ёшидаги бошқа болани кўриб қолсам, юрагим эзилиб, яна ғамга ботаман," - дейди Арслоннинг отаси.

Арслоннинг бобоси ҳам неварасини соғинган.

"Неварамнинг йироқдалиги мен учун борган сари оғир бўляпти. Саксондан ошдим, ўтган сафар Ўзбекистонга борганимда бетоб бўлиб қолганимни ҳисобга олсам, яна уни кўриш учун 11 соат уча олишимга кўзим етмайди. Арслан келажакда Руа шажарамизни давом эттира оладиган оиламиздаги ягона ўғил. Неварамга жуда яқинман. Болалигида, ўсиб улғаяётганида унинг ёнида бўлсам дейман," - дейди у.

Сильван Руа Ўзбекистонни ўзининг иккинчи ватани деб билишини айтади. Унинг этник мусиқий фаолияти ва тадқиқот ишлари Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ. Аммо ҳозирда ўғли билан ҳатто видео орқали суҳбатлашишга имкон берилмаяпти. Руа ўз боласи ёнида бўлиши учун унинг онаси Камилла Гайсинага ҳам Францияда яшашга ёрдам беришга тайёрман деди ва Ўзбекистон президентдига мурожаат қилди.

" Мен Ўзбекистон президентига мурожаат қилмоқчиман. Боламнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз керак. Арслон - Франция фуқароси. У ҳеч тўсиқларсиз Франция ва Ўзбекистон ўртасида сафар қилиш ҳуқуқига эга. Францияда Арслоннинг катта оиласи бор. У ўз оиласини кўриш ҳуқуқига эга. Бутун оиламиз уни кутяпти. Мен унинг онаси тутган йўлни тутмайман - истаган вақти онасини кўриши мумкин. Агар онаси буни истаса, мен онаси Францияда яшашига ёрдам бераман."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek