Ўзбекистон: Японияга қарияларни парваришлаш ишига борасизми? Заправкадаги “рэкет” ва Қашқадарёда “троллар фабрикаси” ташкил этиладими? - O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Videodan skrinshot
- Қашқадарёда талаба танқидчи блогерларга қарши жамоа тузишни таклиф қилди;
- Нукусда қурол қўллаганларга алоҳида жиноят иши очилган - Бош прокуратура;
- Заправкада "рэкет" қилган икки йигит 15 суткага қамалгани айтилди;
- Япония ва Исроилга ишга бориш осонлашади;
"Троллар фабрикаси" ва ҳокимликдан иш
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов "танқидчи блогерлар"га жавобан "Ёш блогерлар" жамоасини тузиш таклифини берган талаба қизни вилоят ҳокимлигига ишга олишини айтган.
Мазкур таклиф Азимовнинг 13 декабрь куни Қарши давлат университети талабалари билан очиқ мулоқоти чоғида ўртага ташланган.
Учрашув тасвирланган видеопарчада сўзга чиққан талаба қиз Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси ҳузурида "Ёш блогерлар" жамоасини тузиб, унга ҳар бир тумандан кўнгилли талабаларни қамраб олишни таклиф қилгани намойиш этилди.
Алоқадор мавзулар:
- Эксклюзив, Қорақалпоғистон: Би-би-си мухбири Нукусда нималарга гувоҳ бўлди? Видео
- Ўзбекистон: “Зудлик билан озод этилсин” – блогер Отабек Сатторий иши халқаро эътиборда (видео)
- Янгиликлар. Ўзбекистон ҳамон Афғонистонга ток беряпти, Ҳарбийлар суддан кимни кечиришни сўради? Икки миллион муҳожири бор юрт
Талаба қиз ноўрин танқидларга жавоб қайтариш ушбу жамоанинг асосий вазифаси бўлиши ҳақида гапирган.
"Юртимизда, айниқса, Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни халқ оммасига тарғиб қилиш бўларди. Айрим қўштирноқ ичидаги блогерлар томонидан баъзи бир ҳолатларда нотўғри ёндашилаётгани вилоятимизнинг баъзи жойларида, ўзингиз айтгандек, бизни хафа қиладиган даражага етказяпти. Биз шундай жамоа шакллантирайликки, 100 та оқ нарсани кўрсатмасдан, битта қора нарсани кўрсатаётганлар учун ижобий жавоб берсин", деган у.
Бу сўзларни эшитган ҳоким Азимов талаба қизнинг вилоят ҳокимлигига ишга олинишини айтган чоғи залда гулдурос қарсаклар янграган.
Видеога зумда эътибор қаратган айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тузилиши таклиф қилинган жамоани "бўлажак троллар фабрикаси" дея атаганлар.
Ҳолатни изоҳлаган Қашқадарё вилояти ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқов талабанинг таклифи турлича талқин этилаётганини таъкидлаган.
"Шу жойда вилоят ҳокими таклиф юзасидан бирор фикр билдирган эмас. Қизнинг таклифига эътибор берсангиз, "АОКА вилоят бошқармаси қошида ташкил этсак", деган жумлалар бор. Бу таклиф, холос", дея ёзган Содиқов.
Матбуот котиби ҳоким Азимов талабанинг фақат илгари сурган таклифи учунгина эмас, балки учрашувда фаоллик кўрсатгани сабабли ишга олинишини айтганини билдириб, бу ҳолатни ёшларга берилаётган эътибор, дея атаган.
"Демоқчи бўлганимиз, у қизни ишга олиниши у очиқ мулоқотда берган таклиф билан боғлиқ эмас. Вилоят ҳокими ва жамоаси ҳар доим холис ОАВ учун очиқ ва ушбу очиқлик бўйича олиб борилаётган сиёсат ҳеч қачон ортга қайтмайди".
Қурол қўллаганларга алоҳида иш

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Нукусда намойишчиларга қарши қурол қўллангани юзасидан алоҳида жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинмоқда.
Нукус воқеалари бўйича комиссиянинг очиқликка чақириши ортидан Бош прокуратура жамоатчилик қизиқаётган айрим маълумотларга ойдинлик киритган.
Маълум қилинишича, оммавий намойишлар вақтида Жўқорғи Кенгес маъмурий биноси, Нукус шаҳар ИИО ФМБ ва аэропорт биноларини муҳофаза қилиш учун ўқотар ҳамда махсус қуроллардан фойдаланилган.
Бош прокуратура қурол қўлланилишининг қонунийлиги юзасидан алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани, тергов якунига кўра, ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилишини қўшимча қилган.
Шунингдек, 1-2 июль кунлари рўй берган намойишлар вақтида ҳалок бўлган 19 инсоннинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари очиқ суд мажлислари давомида бир-бир муҳокама қилиниши билдирилган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура оммавий намойишлар туфайли жамият ва давлат манфаатларига етказилган умумий зарар суммаси экспертлар томонидан 6,6 миллиард сўм, деб баҳолангани ва қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 нафар шахс айбланаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни Бухоро шаҳрида Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган эди.
Заправкадаги "рэкет"?

Сурат манбаси, Videodan skrinshot
Олтинкўл туманидаги метан заправкалардан бирида навбатсиз кириш эвазига ҳайдовчилардан пул олиб келган икки нафар шахс 15 суткага қамалди, дея хабар қилмоқда Андижон вилояти ИИБ.
Бундан аввал Интернет ижтимоий тармоқларда автомашина видеорегистраторида тасвирга олинган видео пайдо бўлган, унда икки йигит заправканинг чиқиш жойида шохобчага навбатсиз киришни истаган ҳайдовчилардан пул олаётгани кўринади.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видео изоҳида ушбу ҳолат "заправкадаги рэкет" дея аталган.
"9-10 соатлаб совуқда турмай, таксичиликдан қолиб кетмай, уйдаги бола-чақамни олдига тезроқ борай, деб бечора шопирлар пора бериб киришга мажбур бўлмоқда", дея ёзган видеони тарқатган фойдаланувчи.
Расмий хабарга кўра, газ қуйиш шохобчасига автомобилларни навбатсиз киритиб келган йигитлар устидан суд 12 декабрь куни бўлиб ўтган.
Япония, Исроил ва меҳнат муҳожирлиги

Сурат манбаси, Reuters
2023 йилдан ўзбекистонликларнинг Япония ва Исроилга меҳнат муҳожирлигига бориши осонлашади - бу борада керакли битимлар имзоланган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматовнинг сўзларига кўра, фуқаролар Япония ва Исроилга, асосан, қарияларни парвариш қилиш ҳамда тиббиёт соҳаларидаги ишларга юборилади.
"Бу бўйича икки давлат ўртасида битимлар имзоланган", деган у.
Шунингдек, Меҳнат вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаров Ўзбекистон учун асосий меҳнат бозорига айланиб қолган Россия билан, эндиликда, чегараланмасдан, янги давлатларга ҳам йўл очиш ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган.
"Масалан, Болгария, Руминияга. Хусусий бандлик агентликлари ҳам тўхтаб қолгани йўқ, изланмоқда", деган Асқаров.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















