You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Мирзиёев нега Путин иштирок этган саммитга келмади, Украина уруши Евроосиё иқтисодий иттифоқини зарарли ташкилотга айлантирдими? Yangiliklar, Dunyo
Путин Қирғизистонда ўтаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида иқтисодиёт кутилмаганда яхши кўрсатгичлар қайд қилаётгани билан мақтанди, иқтисодчилар бошқача фикрда. Путин иштирок этган саммитда Ўзбекистон президенти Мирзиёвнинг келмагани эътиборни жалб қилди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити Украинадаги уруш манзараси ва Россия иқтисодига нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар жорий қилинган бир паллада ўтмоқда.
Путин саммит давомида буни билдирмасликка ҳаракат қилди. Унга кўра, инфляция даражаси тушмоқда, макроэкономика кўрсатгичлари эса ўсмоқда.
"Айтганча, бизда 20 фоизча иқтисодий пасайиш башорат қилинганди, бироқ бу йил пасайиш 2,9 фоиз бўлади. Келаси йил 0.9 фоиз кутмоқдамиз ва ижобий кўрсатгичларга чиқиб олишда давом этамиз", дейди Путин.
Россия президенти Украинада уруш бошланганидан сўнг илк бор Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида иштирок этиш учун Қирғизистон пойтахти Бишкекка келди.
Алоқадор мавзулар:
Саммитга мезбонлик қилган Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров ташкилотга аъзо давлатларга катта юк тушаётганини айтган.
"Ҳурматли давлат раҳбарлари, бизнинг учрашувимиз глобал иқтисодий ва молиявий нотинчлик ҳамда пандемиядан кейинги инқироз шароитида ўтмоқда. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар иқтисодига катта юк тушмоқда. Бундай оғир шароитда биз давлат раҳбарлари сифатида ўзимизга боғлиқ бўлган ҳамма нарсани қилишимиз керак", деган у.
Саммит Россия иқтисодиётини мисли кўрилмаган халқаро санкцияларга дучор қилган Украинадаги уруш авж олган бир пайтда ўтказилмоқда. Санкцияларнинг Россияга таъсири Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бошқа давлатларга ҳам сезилди. Энди иқтисодчилар ЕОИИ фойдасини эмас, йўқотишларни санашмоқда.
"Айтишимиз мумкинки, умуман олганда, ташкилот фаолияти ҳар томонлама орқага кетган. Россия бу ташкилотни тузганида, унинг бошқа мақсадлари ҳам бор эди. Улар иқтисодий манфаатлардан кўра геосиёсий манфаатларни кўзлаганлар. Бироқ Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларуснинг мақсадлари, ниятлари ва умидлари иқтисодий манфаатлар билан боғлиқ эди. Энди уруш бўлганда, бу иттифоқ бизга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради", дейди қозоғистонлик иқтисодчи Қайрат Молдашев.
Ғарб давлатлари Россия нефт ва газидан воз кечди. Ғазнани тўлдириш учун Москва ўз гази ва нефтини сотиш учун янги бозорларни қидирмоқда.
Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон каби давлатлар эса транзит имкониятларидан максимал даражада фойдаланишга интилмоқда.
Президент Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ бўйича уч томонлама иттифоқ тузиш тарафдори.
Бироқ Остона ва Тошкент Москва ташаббусини қабул қилишга шошилмаяпти.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммитга келмаслигининг сабаби ҳам шу бўлса керак.
Ўзбекистон 2020 йилнинг декабр ойида ушбу ташкилотда кузатувчи мақомини олган.
Мирзиёев ўрнига саммитга Бош вазир Абдулла Арипов келган.
"Россиянинг "Уч томонлама иттифоқ" яратиш ташаббуси Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг икки томонлама иттифоқ тузиш ҳақидаги сўровига жавоб сифатида илгари сурилди. Адашмасам, бу ташаббус на Тошкентга, на Остонага ёқди, дейди қирғизистонлик сиёсатшунос Эмил Жўраев.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи етти йил аввал ташкил этилган. Бироқ, етакчилар ҳали ҳам ички ягона бозордаги тўсиқларни олиб ташлашни муҳокама қилишмоқда.
Геосиёсий вазиятдаги ўзгаришлар, Украинадаги уруш ва халқаро санкциялар назарда тутилса, Бишкек саммити олдида ЕОИИ стратегик режаларини жиддий ўзгартириш вазифаси турибди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek