Ўзбекистон Россия газ иттифоқига қўшилмайди - O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ҳеч ким сиёсий шартлар эвазига газ айирбошлаш ҳақида гапираётгани йўқ, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

"Рейтер" нотўғри хабар берди. "Рейтер" сўзларни нотўғри талқин қилди. Биз нима дейилганини биламиз. Ҳеч ким сиёсий шартлар эвазига газ айирбошлаш ҳақида сўз юритаётгани йўқ. Иттифоқ барпо этиш ғояси контекстида бу ҳақда гап бораётгани йўқ", - деди Песков журналистларга 8 декабрь куни.

Бир кун олдин "Рейтер" ахборот агентлиги шундай хабар қилди:

"Ўзбекистон энергетика вазири чоршанба куни Россиянинг "газ иттифоқи" таклифига совуқ сув қуйди, Тошкент ўзининг миллий манфаатларини таҳдид остига қўядиган сиёсий шартларга рози бўлмайди, деб айтди".

Ўтган ой Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини барпо этишни муҳокама қилаётганини хабар берди.

"Бу Россиянинг Европа Иттифоқининг Россия энергетикасига боғлиқлигини кескин кесишга олиб келган Украина босқинидан кейинги Москва стратегияси ўзгариши", деб ёзди "Рейтер" агентлиги.

Бироқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон ҳозирча ҳеч қандай таклиф олмаганини айтди.

"Россия билан газ келишуви бўлган тақдирда ҳам бу иттифоқни англатмайди", деб айтган Ўзбекистон энергетика вазири.

"Москва ва Тошкент Россия газини қўшни Қозоғистон орқали етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда, бироқ "бу техник шартнома бўлади" ва "иттифоқ дегани эмас", деган Мирзамаҳмудов.

Кремль матбуот котиби Песков сўзларига кўра, гап мамлакатлар тужжорий манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида бормоқда.

28 ноябрь куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда Президент Путин билан ҳозиргина якунланган музокараси ҳақида гапирган, унда Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида уч томонлама иттифоқ тузиш кераклигини айтган.

Сўнг Тоқаев шуни қўшимча қилган:

"Изланган натижалар ва келишувларга келиш учун Қозоқ томони мавзунинг ичига кириши керак".

Украинага бостириб киргани оқибатида тобора яккаланиб бораётган Россияга Ўзбекистоннинг яқинлашиши ғоясига ижтимоий тармоқларда қаттиқ қаршиликлар билдирилмоқда.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek