Ўзбекистон. Янгиликлар: Энди Ўзбекистонга Украина урушининг таъсири бўлмайдими, Тоқаев яна президент бўлмоқчи, Раҳмон юбилейини қаерда нишонлади? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга 500 миллион доллар пул ажратади.
- Қайнота келинининг бошини олиб ташлаганликда гумонланмоқда;
- Тоқаев президентликка ўз номзодини қўйди. Ўзи нима дейди?
- 70 ёшлик юбилейини уйида нишонлаган президент;
Янги қарз нималарга ишлатилади?
Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга 500 миллион доллар пул ажратади.
Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида иқтисодий зарар кўрган Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандликни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.
Алоқадор мавзулар:
- Қозоғистон Украина борасида Россиянинг "ғазабини" келтирдими? Икки давлат нега элчиларни чақирди?
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Венгрия билан ядровий ҳамкорлик? Россия ҳарбий кўмак сўрадими ва Қозоғистонга шунча кўп россиялик қочганми?
- Ўзбекистон ва Марказий Осиё Украина урушидан ютаяптими?
- Видео. Россия, сафарбарлик: Ўзбекистон фуқаролари ҳам урушга тортилиши мумкинми?
ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига ажратган маблағ мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш, кам таъминланган оилалар, кексалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига тўғридан-тўғри ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ишсиз ва қайтган меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
"Марказий Осиё пандемиядан халос бўлгач, минтақа уруш оқибатида келиб чиққан иқтисодий талафотларга дуч келди, бу, айниқса, заиф қатламнинг ҳаётини оғирлаштирди, - дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Евгений Жуков.
Шунингдек, ОТБ мониторинг ва баҳолашни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам кўрсатади, бу техник ёрдам учун махсус жамғарманинг 400 000 АҚШ доллари миқдоридаги гранти ҳисобидан молиялаштирилади.
Қайнота келинини нима қилди?
Фарғонада оилавий жанжал туфайли қайнота ўз келинини ваҳшийларча ўлдирганликда гумонланмоқда.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, Қўштепа туманида 64 ёшли қайнота оилавий жанжал туфайли келинининг бошини кесиб ташлаган. Мазкур жиноят 1 октябрь куни содир бўлганлиги хабар қилинган.
Берилган тафсилотларда Ҳумдон маҳалласида яшовчи оилада кечки овқат устида қайнота ва келин орасида оғзаки низо юзага келгани айтилади. Келиннинг эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетганлигидан ғазабланган қайнота аввал бўйнига зарб билан урган. Келин ҳушини йўқотганидан сўнг қайнота машинасида Фарғона вилоятининг Оқбилол қишлоғи тепалигига олиб борган ва у ерда хўжалик пичоғи билан ҳушсиз ётган К. Г. нинг бўйнидан кесиб, бошини танасидан ажратади ва шу орқали қасддан қотиллик содир этади.
«У кесилган бошни полиэтилен пакетга солади, жасадни чиқиндихонага ташлайди, бошни эса Олтиариқ тумани Файзобод қишлоғидаги «Тожиали обод» фермер хўжалиги ҳудудидаги арчалар орасига яшириб қўяди», — дейилади Бош прокуратура хабарида.
Расмий баёнотда мазкур ҳолат юзасидан 3 октябрь куни Фарғона вилояти прокуратураси томонидан И. Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилгани ва гумонланувчи процессуал тартибда ушлангани билдирилган.
Қотилликда гумонланувчининг руҳий ва жисмоний саломатлиги борасида ҳозирча маълумотлар берилмаган.
«Сайлов ҳаққоний, очиқ ва адолатли ўтишига кафолат бераман»

Сурат манбаси, official
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев уни президентликка номзод сифатида кўрсатиш бўйича кўплаб таклифлар тушаётганлигини ва бу уни хурсанд қилаётганини айтди. Бироқ Тоқаев 20 ноябрга белгиланган навбатдан ташқари президентлик сайловларига бирон бир ташкилотдан эмас, балки ижтимоий-сиёсий кучларнинг кенг коалициясидан боришни тўғри, деб ҳисоблайди.
"Жамиятда бўлажак сайловларда қайси бирлашмадан қатнашишим борасидаги савол алоҳида қизиқиш уйғотаётганлигини кўраяпман. Очиғини айтаман: менга турли республика бирлашмалари ва партияларидан номзод бўлиш таклифи тушмоқда. Айниқса, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари ташаббус кўрсатаётгани мени қувонтирди. Ўйлайманки, сайловга бирон бир ташкилотдан эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий асосини ташкил этувчи ижтимоий ва сиёсий кучларнинг кенг коалициясидан борсам, тўғри бўлади», - деди Тоқаев.
Ва бу давлат раҳбарининг турли партия ва бирлашмалардан тенг масофада туриши тамойилини тасдиқлаш имконини беришига ишонч билдиради.
- «Сайловолди ташвиқотининг қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Мен давлат раҳбари сифатида Президент сайлови ҳаққоний, очиқ ва адолатли ўтишига кафолат бераман», — деди у.
Т.окаевнинг фикрича, бугунги кунда «ички сиёсий майдонда жонланиш кузатилмоқда»: сайловолди ташвиқоти жадаллашмоқда, номзодлар кўрсатилмоқда, партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар фаоллашмоқда.
Путин Раҳмонни қандай тақдирлади?
Владимир Путин Тожикистон президентига «Ватан олдидаги хизматлари учун» орденини берди.

Сурат манбаси, official
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 октябрь куни 70 ёшга тўлди.
Шу куни Тожикистон давлат раҳбари матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода президент ўз туғилган кунини болалари ва қариндошлари даврасида нишонлашини маълум қилди.
Шарифзодага кўра, бу кун Эмомали Раҳмон учун оддий иш куни: «Унинг туғилган куни муносабати билан мамлакатда ҳеч қандай тадбир режалаштирилмаган».
«Президент иш кунидан кейин таваллуд айёмини оиласи даврасида нишонлайди», - деган Абдуфаттоҳ Шарифзода.
Тожикистон президентини бир неча давлат раҳбарлари табриклашган. Улар орасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.
3-даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени Россиянинг давлат мукофоти саналади.
Путин фармонида ёзилишича, Эмомали Раҳмон «Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун бунга лойиқ», деб топилган.
2017 йилда Путин худди шундай изоҳ остида Эмомали Раҳмонга Александр Невский орденини берган.
Аммо Россия президентининг бу галги фармони Украина уруши манзарасида бўй кўрсатганлиги билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.
Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган.
Президент Мирзиёев Путинни 70 йиллиги билан мукофотлади

Сурат манбаси, .
Президент Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путинни Ўзбекистоннинг "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан мукофотлади.
Россия президенти 7 октябрь куни 70 ёшга тўлади.
Расмий хабарда айтилишича, Путин икки халқ ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси ҳамда таваллудининг 70 йиллик юбилейи муносабати билан ушбу мукофотга лойиқ, деб топилган.
Россия президенти ўтган ой Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда бўлиб ўтган саммити теграсида Шавкат Мирзиёевга Россиянинг Александр Невский орденини шахсан ўзи топширганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













