Ўзбекистон. Янгиликлар: Венгрия билан ядровий ҳамкорлик? Россия ҳарбий кўмак сўрадими ва Қозоғистонга шунча кўп россиялик қочганми? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Венгрия ТИВ Ўзбекистон билан ядровий ҳамкорлик ҳақида нима деди?
- Банкларда нақд доллар яна тақчиллашдими?
- Россия ТИВ ҳарбий ёрдам борасида изоҳ берди;
- Россияликларнинг қанчаси Қозоғистонга қочган - янги рақамлар чиқди;
Уч босқичли ҳамкорлик дастури
Венгриядаги айрим нашрларнинг ёзишларича, Ўзбекистон ва Будапешт ядровий энергетика соҳасида ҳамкорлик қилади.
Улар ўз хабарларида бу хусусда Венгрия Tашқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг сўзларига таянишган.
Маълум бўлишича, Петер Сийярто бу баёнотни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ўтказилган музокаралари якунлари борасидаги маълумотида билдирган.
Бу ҳақда яна Ўзбекистондаги етакчи нашрлардан бири саналувчи «Kun.uz» нашри ҳам хабар берган.

Сурат манбаси, official
Алоқадор мавзулар:
Айни мазмундаги хабарларда Петер Сийярто Венгрия ва Ўзбекистон ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастурини йўлга қўйишининг муҳим аҳамиятига алоҳида тўхталгани айтилади.
Вазирнинг келтириб ўтилган сўзларига кўра, мазкур ҳамкорлик дастури уч қисмдан иборат бўлиши режалаштирилган. Унда Ўзбекистонда қурилаётган АЭСда Венгрия совитиш тизимларидан фойдаланиланиши маълум қилинган.
Шунингдек, бу дастур доирасида Венгрия ўзбекистонлик олий ўқув юртлари талабаларига ҳар йили 170 та стипендия ажратишни, ядровий энергетика соҳасида бўлажак инженер ва экспертларнинг Венгрияда тайёрланишини кўзда тутган, дейилади мазкур хабарларда.
Аввалроқ, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзолаганини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланган.
Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланган.
Банклар расмий изоҳ бермаяптими?
Сўнгги кунларда пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон банкларида яна нақд доллар танқислиги кузатила бошлаган.
Ўзбекистондаги бир нечта банклар нақд валюта сотишга чекловлар ўрнатган ва бу спекулятив амалиётлар кўпайиб кетгани билан изоҳланмоқда, деб ёзади, жумладан, «Kun.uz» нашри.

Сурат манбаси, Getty Images
Нашр айрим банкларда яна кузатилаётган нақд валюта танқислигини ўрганган.
- Orient Finance Bank ўз шохобчаларида 2 минг доллардан ортиқ нақд доллар олишга чеклов қўйган. Бунга нима сабаб бўлганига аниқ изоҳ берилмаган. Шунингдек, Ziraat Bank'да ҳам катта миқдорда нақд валюта олиб бўлмаяпти, деб ёзади «Kun.uz».
Kun.uz манбасига таяниб, Hamkorbank'нинг бир нечта филиалларида ҳам катта миқдорда нақд валюта олишга чеклов қўйилганини билдирган. Ипотека банк матбуот хизматининг нашрга маълум қилишича эса, банкда валюта сотиб олиш билан боғлиқ чекланган лимит ўрнатилмаган.
«Ҳозирча ҳеч қайси банк мазкур ҳолатга расмий равишда изоҳ бермади», дейди нашр.
Мақолада Ўзбекистонда банкларида яна нақд доллар танқислиги кузатилаётгани ҳолатига иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров таҳлили келтирилган. Блогерга кўра, Ўзбекистонда «спекулятив ўтказмалар миқдори мисли кўрилмаган даражага етди».
Иқтисодчи Отабек Бакиров вазиятни таҳлил қиларкан, «айрим ҳолатларда юзага келган дефицит шароитидан фойдаланиб қолишга уринаётган, спекулянтлар билан бир фронтга қўшилиб қолган банкирлар ҳам бўлиши мумкин»лигини билдирган.
- «Нақд валюта билан боғлиқ вазиятнинг мураккаблашиши биринчи марта эмас, бу апрелда ҳам, майда ҳам, июнда ҳам бўлди. Ҳар сафар шундай вазиятга дуч келинганида ечим топилган, вазият барқарорлаштирилган. Бу сафар ҳам шундай бўлади», - иқтисодчидан иқтибос келтиради нашр.
Би-би-си Ўзбек хизмати айни мазмундаги хабарларни ўрганиш ҳаракатида.
Хат сохта эдими?
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ҳарбий ёрдам сўрагани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Сурат манбаси, official
Ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Д. А. Медведевнинг КХШТ Бош котибига ҳарбий ёрдам сўраб ёзган мактуби пайдо бўлган.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова мазкур мактубни сохта деб атади ва «унинг тарқатувчиларини Россиянинг КХШТ ва иттифоқчилар билан муносабатларни бузишга қаратилгани аниқ» дея ёзди.
Шунингдек, Мария Захарова хатнинг қалбаки эканлигини исботлаш учун унинг белгилари ва шакл-шамойилига кўра батафсил таҳлил қилиб кўрсатади.
- «Хатнинг штрих-коди Россия Ташқи ишлар вазирлиги МГИМО ректори номига ёзилган бошқа очиқ ҳужжатдан олинганлигидан бошлайлик. Серия рақамлари асосида бундай чиқувчи хат рақами умуман йўқ», - деб ёзади матбуот котиби.
Шунингдек, Россия Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари лавозими Хавфсизлик Кенгаши ходимларига тегишли эмаслигини ва хато бланкани хатнинг сохта эканлигини кўрсатиши билдирилган.
Мария Захарова ўз баёноти сўнгида «Россиянинг ҳарбий салоҳияти нафақат Россия фуқаролари ва ҳудуди, балки унинг КХШТдаги иттифоқчилари хавфсизлигини кафолатлаш учун ҳам етарли» эканига «ишонтириб айтмоқчи»лигини ёзган.
Чегарада вазият қандай?
Ўтган бир кеча-кундузда бўй кўрсатаётган хабарларга кўра, 21 сенябрдан буён Қозоғистонга 200 мингдан ортиқ россиялик кириб келган.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN/TASS
Уларда ёзилишича, Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинган кундан буён 200 мингга яқин россиялик кириб келди, - дея баёнот берган Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов.
Расмийга кўра, кириб келган россияликларнинг 147 минг нафари қисқа муддатда яна мамлакатни тарк этган.
Бу вақт ичида уч нафар россиялик чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун депортация қилинган, шунингдек, бир неча Россия фуқаролари ҳам Уралскдаги тунги клубда муштлашгани учун депортацияни кутмоқда.
Қозоғистон ички ишлар вазири айни пайтда мамлакат чегарасида назорат-ўтказиш пунктларида вазият барқарор эканини билдирган.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати қўмитаси раҳбари Аслан Аталиков эса 27 сентябрга қадар 441 нафар россиялик Қозоғистон фуқаролигини олиш учун ариза топширгани, уларнинг 117 нафари этник қозоқлар эканини маълум қилган.
Шунингдек, Қозоғистонда 21 сентябрдан бери қарийб 70 минг Россия фуқаросига индивидуал идентификация рақами (ИИН) берилгани маълум бўлди, деди республика рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












