UzAuto Motors ишчилари арзи: Заводдаги ҳолат феодализмдан фарқ қилмайди, ишчилар чарчаган ва қўрқувда, ҳаммаёқда камера O'zbekiston

Сурат манбаси, UzAutoMotors
«Ассалому алайкум. Биз Асака шаҳридаги УзАвтоМоторс (эски номи GM Ўзбекистон) автомобил заводи ишчи ходимлари заводимизда бўлаётган қонун бузилишлари, инсон ҳуқуқларини поймол қилинишига жим қараб тура олмай бўлаётган ишлар ҳақида кенг оммани ҳабардор қилиш ва шу орқали қонун ҳимоячиларини ушбу холатларга эътибор қаратишларини хоҳладик».
Би-би-сига келиб тушган шикоят хати шундай бошланади. Биз хат муаллифи билан телефон орқали суҳбатлашдик ва камида яна икки ишчи ва бир собиқ ишчининг бу даъволарга муносабатини сўрадик.
«Хуллас, барчаси автосаноат тизимига раис этиб прокуратура органи ходими Шавкат Умурзақовнинг келиши билан бошланди. Аввалига тизимдаги коррупция, автомобил сотишдаги "шапка" муаммоларини ҳал қилиш ва иш шароитларини яхшилаш, ойлик маошларни кўтариш бўйича ваъдалар берган раис тизимга ўзи билан прокуратура ходимларини олиб кирди. Асосий раҳбарлик лавозимлари автосаноатдан умуман йироқ бўлган орган ходимлари ва уларнинг таниш-билишларига топширилди», дейилади хатда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дарҳақиқат, UzAuto бошқарув раиси 43 ёшли Шавкат Умурзақов 2011-2013 йилларда Тошкент вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши бўлими раҳбари, 2013-2018 йилларда эса Бош прокуратуранинг уюшган жиноятлар ва коррупцияга қарши бўлими раҳбари лавозимида ишлаган.
Ишчиларнинг айтишларича, унинг бошқаруви остида ишчилар устидан назорат кескин кучайган.
«Ҳозирда заводдаги ҳолат ҳақиқий феодализмдан заррача фарқ қилмаяпти. Ўз олдига жуда катта ишлаб чиқариш режасини қўйган раис, Ўзбекистон Республикаси конституцияси ва қонунларини бузиб бўлса-да бунга эришишга уриняпти. Деярли бир йилдан бери икки сменада ишлаётган ишчилар бир ойда 300 соатга яқин ишлашларига тўғри келяпти, бу ўта даражада юқори. Тўғри, ошиқча иш соатларига икки баравар пул тўлаб бериляпти, лекин тиклаб бўлмас соғлиқ қўлдан бой берилмоқда, ишчилар касал бўлиб даволанишга мажбур бўляпти. Ортиқча иш соатлари хисобига оддий ишчилар 5-6 млн маош олмоқда, ташқаридан қараса бу жуда яхши ойлик лекин нимани хисобига? 160-170 соатга икки ярим миллион атрофида ойлик беради. Ишчилар кўпчилиги кредит олган, кредитларни ёпиш учун ҳар қанча ортиқча ишлатишса ҳам рози бўлишяпти. Иш соатларини қисқартириб ойлик маошлирни ошириш ҳақидаги саволларга эса "Хоҳласанг шу, ишламасанг катта кўча, ташқарида ишлайман деб юрганлар кўп" деб жавоб қайтаришади раҳбарлар», дейилади шикоят хатида.
Бошқа ишчилар ҳам «план баланд» экани, аммо ишчилар сони бунга мутаносиб эмаслигини айтишди. Компания маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида «UzAuto Motors» заводида 126 246 автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2021 йилгига қараганда 47% кўп.

Сурат манбаси, UzAutoMotors
Телефон суҳбатида шикоят муаллифи узоқ ишлагани сабабли машина ҳайдаётганда чарчаб, ўзини билмай қолиши ва рулда ухлаб қолиш ҳоллари бўлаётганини айтди. У Би-би-сига ўз меҳнат шартномасида ишлаш соатлари ҳақида нима дейилганидан бехабар эканини билдирди.
«Иш соатлари кўплиги етмаганидай, назорат ўта даражада қаттиқ. Раиснинг ёрдамчилари Шерамат Обидов, Фарҳод Тўраев, Ҳасан Ражабов исмли раҳбарлар ноғорасини чалиб заводдагиларни хоҳлаган мусиқасига ўйнатяпти. Авваллари завод худудида саноқли камералар бўларди. Ҳозир Махсус бўлимга Ражабов келганидан кейин завод камерага тўлиб кетди, оддий хоналардаям камералар ўрнатилган. Цехларда 100 га яқин камералар ишчиларни ўзларини жиноятчидек ҳис қилишига олиб келяпти. Оддий ишчи заводдан ҳеч қачон, агар унга қўриқлаш хизматидагилар ёрдам бермаса, бирор нарса олиб чиқиб кета олмайди. Бунчалик назорат кимга керак? Бу ҳам етмагандай, Обидов буйруғи билан бир қанча гуруҳлар эрта-ю кеч завод ҳудудида рейдлар уюштиради.»
Шикоят муаллифининг айтишича, тинимсиз рейд ва текширувлар «ўзини СНБ ходимларидек» тутадиган Махсус бўлим ходимлари, Техника ҳавфсизлиги ходимлари, Миллий гвардия ходимлари, Ёнғин ҳавфсизлиги инспекторлари, ҳамда Бош директор ўринбосари Шерамат Обидов ва унинг ёрдамчилари томонидан олиб борилади.
«Камералар ҳатто ишчилар танаффусда дам олиш учун ўтирадиган хоналарга ўрнатилган», дейди у. Айрим ишчилар эса танаффуссиз ва тушликсиз ишлашга мажбур бўлаётганини айтади. Ишчиларнинг аксарига завод ҳудудига телефон олиб кириш тақиқланган ва улар узоқ сменада ишлаганида ўз оилалари билан мулоқот буткул узилган бўлади.
«Ҳар куни бир неча марта рейд уюштирилади, ҳар бир группа алоҳида-алоҳида. Агар раис, Обидов, Тўраев, Ражабовлар обходга чиқса, ҳаммани ваҳима босади, раҳбарлар у ёқдан бу ёққа югуради, чунки уларни ўқига учраган одам ўша заҳоти ҳайдалади. Раҳбарлар юрагини олдириб қўйган. Шерамат Обидов уларни куракда турмайдиган ўта уят сўзлар билан ҳамманинг олдида ҳақорат қилади», дея давом этади шикоятчи ходим.

Сурат манбаси, President.uz
Унинг айтишича, ишчи ва ходимлардан кучли босим остида тилхат ва розилик хатлари олинади. «Масалан, йил якунида завод бўйича инвентаризация ўтказилиб, камомад билан чиққан бошқарма ва цех ходимлари камомадни ҳаммага тенг ажратиб ойликдан ушлаб қолиш орқали қоплаш учун кучли тазийқлар остида розилик хатига имзо чекадилар. Камомадга умуман алоқаси йўқ ишчилар ҳам тўлашга мажбур этилади.»
Ходимнинг айтишича, у ва бошқа ишчилар раҳбарият ҳақида бошқа идораларга шикоят этишмаган, чунки нафақат ишдан ҳайдалиш, балки ўз хавфсизликларидан ҳам хавотирдалар.
«Иш соатларини камайтириб ойликларни ошириш бўйича баҳорда завод ҳудудида ишлаб чиқариш рахбарларининг олдини тўсиб митинг уюштирилди. Митингдан хеч қандай натижа чиқмади. Аксинча митингда қатнашганлар камера ва СКУД (Назорат ва киришни бошқариш тизими) маълумотлари орқали аниқланиб Махсус бўлимга битта-битта чақириб эслари киргазилди.»
«Деярли ҳамма ишчи ходимларни заводдаги сиёсатдан сабр косаси тўлди, эплаганлар бошқа иш топиб чиқиб кетяпти, қолганлар иложи йўқ - ишлашга мажбур, чунки вилоятда аҳоли зич, иш топиш муаммо. Аввалги даврлар кўп эсланади. Ҳамма иштиёқ билан ишлаган, ҳеч қандай босим йўқ, ойликлар баланд, ҳамма бир-бири билан дўстона муносабатда бўлган. Хозир ғирт тескариси, ҳеч ким ишлаб маза қилмайди, ишлаб чиқаришдаги муаммолар сабабли ҳамма бир-бирига қарши, бир-бири билан урушган. Чунки муаммонинг эгаси прокурорларга боши билан жавоб бериши керак», дейди ходим ўз хатида.
UzAuto Motors нима дейди?
Би-би-си ходимларнинг шикоятидаги баъзи даъволарни «UzAuto Motors» компаниясининг матбуот хизматига йўллади ва қуйидаги жавобни олди.
"UzAuto Motors" АЖ ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳудуддаги қўшма корхоналар билан солиштирганда ТОП-5 корхоналардан бири ҳисобланади. "UzAuto Motors" АЖда Республикадаги ўртача истеъмол саъвати, ҳудуддаги ташкилотларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари, энг кам ойлик иш хақининг ўсиш суръатлари мунтазам равишда таҳлил қилиб борилади. Мазкур таҳлил натижаларига мувофиқ, сўнгги 4 йил мобайнида ходимларнинг ойлик иш хақи жами 78%га, хусусан, 2018 йилда 45%га, 2019 йилда 10%га, 2020 йилда 13%, ўтган 2021 йилда эса 10% га оширилган. Бундан ташқари, ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида корхона ва тармоқ фаолият самарадорлик кўрсаткичига мувофиқ ойлик иш ҳақининг 40% гача миқдорда мукофот пуллари тўлаб борилмоқда.
Шунингдек, ходимлар учун корхонада бир қатор ижтимоий ҳимоя пакетлари яратилган. Ҳимоя пакети ўз таркибига ишга қатнов транспорти, 24/7 бепул овқатланиш, махсус форма, дам олдириш ва соғломлаштириш масканлари, тиббий кўрик шунингдек моддий рағбатлантириш каби бир қатор хизматларни ўз ичига олади. Заводнинг иш фаолияти икки смена қилиб ташкил этилган. Унга кўра, ходимларнинг кунлик меҳнат муддати 8 ва 11 соатлик иш вақти этиб белгиланган. 11 соатлик иш тартибида ишлайдиган ходимлар учун қонунчиликда белгиланган тартибда 600 соатлик меҳнат сарфи учун иш ҳақи тўлаб келинмоқда. Бугунги кунда корхонанинг ходимлар олдида иш ҳақи ҳамда бошқа тўловлар бўйича ҳеч қандай қарздорлиги мавжуд эмас. Ходимларга меҳнат фаолиятини бажариши лозим бўлган вақтдаги меҳнат сарфи учун маош тўланиб келинмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, хақиқатдан ҳам ўтган давр мобайнида, ўғирлик устида қўлга тушган бир неча ходимлар ишдан бўшатилди. Ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳалол, виждонан ва ташаббускорлик билан бажарувчи ходимлар ҳамда завод раҳбарияти ўртасида ҳеч қандай эътироз ва тушунмовчиликлар мавжуд эмас. Камомадга келсак, инвентаризация натижаларига кўра моддий бойликларнинг етишмаслиги молиявий жавобгар шахслардан ундирилади ва бу умумдавлат амалиётдир. Асака заводи жуда кўп юқори технологияли ва сирли ускуналарга эга стратегик объект ҳисобланади. Айнан шунинг учун ҳам заводга камерали телефонларни олиб кириш мумкин эмас. Шунингдек бутун ҳудуд бўйлаб кузатув камералари ўрнатилган. Турли ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширишни режалаштирмаган ходимлар камералардан қўрқмасликлари керак.»

Сурат манбаси, UzAutoMotors
Би-би-си бу баёнот ортидан яна бир аниқлаштирувчи саволни йўллади: Дам олиш хоналари ҳам стратегик объект ҳисобланадими?
Бунга «UzAuto Motors» матбуот котиби қуйидагича жавоб берди:
«Заводда дам олиш учун хоналар ажратилмаган экан, барчаси иш фаолиятини бажариш учун мўлжалланган хоналар. Танаффус вақтида дам олиш учун қўйилган скамейка ва столлар бор фақат. Бу жойлар ишлаб чиқаришнинг ўзида ва битта том тагида.»
«UzAuto Motors»га Ўзбекистон ҳукумати эгалик қилади. 2019 йилгача унга General Motors компанияси қисман эгалик қилган. Ўзбекистонда истеъмолчилар йилларки «UzAuto Motors»нинг мамлакат автомобиль бозоридаги монополияси, ҳамда унинг маҳсулотлари нархларининг асоссиз равишда баландлигидан шикоят қилиб келишади.
Ҳозирда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида хизмат қилаётганида мамлакат автосаноатида монополияга чек қўйилишини айтганди.
Ўтган йил 21 декабрида Тошкентда ўтган Ёшлар форумида гапира туриб, жаноб Умурзоқов монополиянинг тугатилиши Жаҳон савдо ташкилоти билан олиб борилаётган музокараларнинг бир қисми эканини айтган.
Аммо, афтидан Ўзбекистон ҳукумати бу масалани ҳал этишга ҳали шошилмаётган кўринади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













