Дайжест. Россия мигрантлардан нега хавфсираяпти? Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, BBC Uzbek
- Россия Марказий Осиё билан визавий тартибга ўтадими?
- Ким мигрантларни «жами русларнинг юзига тупурган»ликда айблади?
- Оммавий тўқнашувлар уюштирилганми?
- «Муҳожирлар сунъий равишда душманга айлантирилган»
Миграциявий фалокатдан сақланиш йўли
Россия Давлат Думаси Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий этишни таклиф қилди.
Марказий осиёлик мигрантларнинг июль ойидан буён Россиянинг турли ҳудудларида кетма-кет содир этилаётган оммавий тўқнашувлари мамлакат расмийларини ҳам хавотирга сола бошлаган.
Хусусан, «Справедливая Россия» («Адолатли Россия») партияси раҳбари, депутат Сергей Миронов "Жанубий қўшнилар билан виза тартибини жорий этиш - Россия учун миграциявий фалокатдан сақланишнинг ягона йўли!" - деб ёзди Facebookдаги саҳифасида.
Парламент аъзоси бўлган Миронов мигрантлар ўртасида муштлашувлар ва қирғинлар кўпайиши муносабати билан Россияга Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистондан кирганларга нисбатан қаттиқроқ талабларни таклиф қилган.
"Қаранг, нималар бўляпти. Деярли ҳар куни янгиликларда муҳожирларни оммавий қирғини ҳақида хабарлар чиқаяпди", - дейди сиёсатчи.
Мигрантларни «хушламаётган» сиёсатчилар

Сурат манбаси, Facebook\ Сергей Миронов
«Адолатли Россия» раҳбари Марказий осиёлик муҳожирларни Россиядаги ишсизлик сони кўплигининг сабаби сифатида келтиради.
Депутатга кўра, «муҳожирлар Россиянинг миллионлаб фуқароларининг иш жойларини олиб қўйишаяпти. Сабаби мигрантлар арзимаган пулга ишлайдилар, бу иш берувчилар учун фойдали. Мамлакатда эса қарийб 4 миллион ишсизлар бор».
Парламент аъзоси Сергей Миронов ўз таклифларида мамлакат ичкарисида тартибни ўрнатишни чегара тартибларини бир изга солишдан бошлаш кераклигини билдирган.
«Марказий Осиё мамлакатлари учун виза режимини жорий этиш - бу энг ишончли қадамдир», - дея хулоса қилади депутат Миронов.
Россия Давлат Думаси депутатларининг бу каби Марказий осиёлик мигрантлар билан алоқадор таклифлари сўнгги икки ой ичида бир неча бор янгради.
Жумладан, аввалроқ «Родина» («Ватан») партиясидан Алексей Журавлев чет эл фуқаролари учун алоҳида Жиноят кодексини киритишни ва меҳнат муҳожирларининг меҳнат лагерларидаги фаолиятини чеклашни таклиф қилди. Сўнг «ЛДПР»дан Леонид Нилов маҳаллий телеканалдаги чиқишида муҳожирларни «жами русларнинг юзига тупурган»ликда айблади.
«ЛДПР» етакчиси Владимир Жириновский эса Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини «Сибирга жўнатиш» каби Россиядаги яшаш ва ишлаш фаолиятини чеклаш билан боғлиқ бир неча таклифларини маълум қилган эди.
"Махсус хизматларнинг иши бўлиши мумкин"

Сурат манбаси, Rossiya Ichki ishlar vazirligi
Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, фаоллар бу каби чиқишларни «сиёсатчиларнинг вазиятдан фойдаланиши» каби мазмундаги фикрларини билдиришмоқда.
- Ҳамма ёқда муҳожирларга қарши ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Россия ҳукумати халқни бошқа муаммолардан чалғитиш учун шунга ўтган. Яна қандай йўллари бор? , - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик.
Ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, бу ҳолатларнинг барчаси Россияда 17 сентябрда ўтказиладиган парламент сайловлари билан боғлиқ ва муҳожирларнинг оммавий муштлашувлари махсус хизматларнинг ўзлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
- «Ҳозирда кунига бир неча минг муҳожирни ушлаб туришмоқда. Қўлга олинганларнинг 80 фоизи қирғизлардир. Буларнинг барчаси сайлов билан боғлиқ. Менимча, катта муштлашув ҳам уюштирилган. Бу ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Буни махсус идоралар россияликларнинг эътиборини ҳақиқий муаммолардан чалғитиш учун ташкил қилган бўлиши мумкин. Яъни, муҳожирлар сунъий равишда душманга айлантирилган», - дейди юрист Валентина Чупик.
Шунингдек, миграция масалалари борасидаги таҳлилчилар «мигрантлар сиёсатчиларнинг қўлида қуролга айлангани»ни ёзишмоқда.
Жумладан, Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновнинг фикрича, Давлат Думаси депутатларининг ксенофобик ҳаракатлари сайловчиларнинг маълум бир қисмининг овозини олиш учун меҳнат муҳожирларига қарши қаратилган.
Кузатувчиларга кўра, айнан сентябрдаги сайловлар арафасида Россия матбуотида ҳам Марказий осиёлик мигрантларга нисбатан салбий қарашларни акс эттирувчи ҳамда уларнинг жиноятлари ёки қонунбузарликларига урғу берувчи материаллар кўпайганини таъкидлашмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













