Ўзбекистон: Ароқнинг нархи қимматлади, Зангиотада беморлар сони ошди ва сумалак либоси учун узр? Янгиликлар O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ аҳвол ёмонлашаяптими, фақат пивога белгиланган нарх ўзгаришсиз қолди ва сумалак пишириш учун қандай либосда бўлиш керак? bbcuzbek.com дайжести.
Зангиота махсус шифохонасига мурожаат қилаётган беморлар сони сўнгги кунларда сезиларли ортган.
Бу ҳақида шифохона директори Анвар Ҳусанов маҳаллий журналистларга маълум қилди, дея ёзмоқда Кун.уз нашри.
Ҳусановнинг сўзларига кўра, шифохонага мурожаат қилаётган кунлик беморлар сони охирги 10 кун ичида 50-60 нафарга қадар ортган.
Республикадаги коронавирусга ихтисослашган энг йирик шифохоналардан биридаги жорий вазиятга оид бундай тафсилот эпидемиологик ҳолат борасидаги ташвишли хабарлар кучайиб бораётган бир вақтда чиққан.
Баландми ё барқарор?

Сурат манбаси, official/arxiv
Ўзбекистонда 16 мартдан буён кунлик аниқланаётган коронавирус беморлари сони юз нафардан пастга тушмаётир.
Бу ҳолат аҳоли орасида маълум даражада хавотирларга сабаб бўлган.
Ўтган ҳафта Тошкент кўчаларида ўтказилган Би-би-си сўровномасида одамлар вазият жиддийлашиши ортидан яна карантин чекловлари қатъийлаштирилиши эҳтимолидан ташвишда эканликларини билдирган эдилар.
Бироқ Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков "қатъий карантинни тиклашга асос йўқлиги" борасида айтди.
Кун.уз нашри билан суҳбатда масъул касалланиш кўрсаткичи уч ойлик пасайишдан сўнг яна орта бошлаган бўлсада, бу "карантин чекловларини кучайтиришга асос бўладиган даражада эмас»"лиги ҳақида гапирган.
Бир вақтнинг ўзида Отабеков касалланганлар орасида болаларнинг улуши 25 фоиздан ортиб кетганини маълум қилган.
У касалланиш ҳолатлари, асосан, пойтахт ҳудудида кўпроқ кузатилаётганини қўшимча қилган.
Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов аҳолига мурожаат қилиб, «хавотирланишга ўрин йўқ, дейиш» мушкул эканини урғулаган.
"Чунки бепарволик, хотиржамлик инфекциянинг яна тарқалишига олиб келиши мумкин", деган Арзиқулов ўз мурожаатида.
Март ойининг биринчи ярми тугаши арафасида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият яна ёмонлаша бошлагани тўғрисида хабарлар юзага чиққан.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, аввалига, бундай хабарларни қисман рад этиб чиққан, аммо ўтган ҳафта пойтахт маъмурияти карантин чекловлари қаттиқлаштирилишини эълон қилган.
Тошкент шаҳрининг уч туманида мактаблар бутунлай ёпилган, бозорларда назорат кучайтирилган.
Расмийлар Наврўз сайлларини очиқ ҳаво остида ва кичик гуруҳларда ўтказишга чақирганлар.
"Узр, билмай қилибмиз"
Ноодатий кийинган ҳолда сумалак пиширган қизлар жамоатчиликдан узр сўраб чиққан.
21 март куни сумалак пишираётган ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқда тарқалиб кетиб, кенг жамоатчилик норозилигига бўлиши ортидан кечирим сўраб чиққанлар.
"Узр, билмай қилибмиз. Кечиринглар", - дейишган қизлар қисқа видеода.
Қайнаётган сумалак бошида олинган видеотасвирда ўн нафарга яқин қиз ноодатий ёки бир қадар очиқ кийимларда кўринган.
Кескин танқидлар ортидан Урганч шаҳар ИИО ФМБ видеолавҳадаги ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Кейинроқ қизлар шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида раққоса сифатида ишлаши аён бўлган.
Танқидлар билан бир вақтда қизларнинг кийиниш эркинлиги борлигини ёқлаб чиққанлар ҳам кўзга ташланади.
Алкоголь нархи кўтарилди

Сурат манбаси, Gazeta.uz
20 мартдан бошлаб Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларига нисбатан янги минимал улгуржи ва чакана нархлар ўрнатилган.
Натижада, бир литр тайёр ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотининг улгуржи нархи 24 минг сўмдан 28 минг 600 сўмга; чакана нархи эса 28 минг 500 сўмдан 34 минг 400 сўмга кўтарилган.
Вино ва коньякнинг янги улгуржи ва чакана нархлари, мос равишда, 11,200 ва 13,200 ҳамда 41,200 ва 49,400 сўмни ташкил этмоқда.
Пивога белгиланган нарх ўзгаришсиз қолдирилган.
Мамлакатда алкоголь маҳсулотларининг минимал нархлари охирги бор ўтган йилнинг октябрь ойида кўтарилган.
Турк ҳарбийлари Термизда

Сурат манбаси, Mudofaa.uz
Ўзбекистон ва Туркия ҳарбийлари Термиздаги дала-ўқув майдонида махсус-тактик машғулотлар бошлаган.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берган.
Икки давлат ҳарбийлари кўргазмали амалий махсус ўқ отиш ва қийин шароитларда яшовчанлик ҳолатлари бўйича амалий машғулотларга жалб этилган.
Хабарда қанча турк ҳарбийси Ўзбекистонга келгани очиқланмаган.
Ҳамкорликдаги машғулотлар 27 мартга қадар давом этиши маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















