Facebook Ўзбекистон ҳукуматининг талабидан хавотирга тушган - O'zbekiston Internet

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си қўлига келиб тушган Facebook ички ҳужжатидан аён бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистондаги фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида сақлаш бўйича Facebook'га "буйруқ" йўллаган.
Ҳужжатда айтилишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Facebook компаниясини "2021 йил январидан ишга тушган шахсга доир маълумотлар бўйича янги қонун" ҳақида огоҳ қилган. Facebook ҳужжатида, хусусан, шундай дейилади:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Бу дунёнинг баъзи қисмларида ўсиб бораётган тренд, энди эса у Марказий Осиёдаги баъзи ҳукуматлар орасида тобора кўп русум бўлаётган қонуний тушунча. Улар бунда Россия ва Хитойнинг қаттиқ таъсири остидалар. [Россия ва Хитой] киберфазони суверенитет дея талқин қилувчи, [ҳамда] интернетдаги ва интернетдан ташқаридаги сўзни бошқарувчи бу моделни Марказий Осиё ҳам ўзлаштиришини истайдилар."
Facebook Хитойнинг хитойлик фойдаланувчилар шахсий маълумотларини мамлакат ичида сақлаш талабига бўйсунмагани сабаб, Хитой бўйлаб бу ижтимоий тармоқ тақиқланган.
Facebook Ўзбекистон талабига кўнса, ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини Ўзбекистон ҳудудидаги дата марказларида сақлаши керак бўлади.
Бундай дата марказлари қурилишини расмий Тошкент икки йил аввал маълум қилганди, февраль бошида эса Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент, Бухоро ва Қўқонда дата марказлари қурилишини билдирди.
Facebook жавоби
Би-би-си Facebook компаниясидан Ўзбекистоннинг бу талабига кўниш ё кўнмаслиги ҳақида сўради.
"Биз Ўзбекистон ҳукумати билан музокара қилишда давом этяпмиз (бу масалада дунё бўйлаб бир нечта ҳукуматлар билан музокара қиляпмиз)," - дея жавоб қайтарди Facebook матбуот котиби Матю Поллард.
Ўзбекистондаги сўз эркинлиги хавотирлари тўғрисида сўралганда, Facebook қуйидагича жавоб қайтарди:
"Биз глобал жамоамизнинг шахсий ҳаёти ва хавфсизлиги ҳақида қаттиқ қайғурамиз. Жаҳон бўйлаб [амалга оширилаётган] дата локализацияси фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаётига, фикр билдириш эркинлиги, хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқларига сезиларли хавф туғдиради."
Шунингдек, жаноб Поллард дунёдаги дата локализация ҳаракатлари ҳақида йўллаган қўшимча маълумотда қуйидагилар айтилган:
"Дата локализация миллий хавфсизликни кучайтирмайди, балки сезиларли даражада заифлаштиради.
- Мажбурий локализация ҳакерлар, жиноятчилар ва хорижий жосуслик агентликлари учун янги нишонларни ҳосил қилади.
- Табиий офат, бузиб киришлар ва яширин кузатувлар қаршисида заиф бўлган ягона марказлашган локализацияда маълумот сақлаш хавфлар ва харажатларнинг ошишига сабаб бўлади.
- Датани маҳаллийлаштириш дата хавфсизлигига оид энг яхши дастурларни тадбиқ қилишни қийинлаштиради.
- Одатда датани маҳаллийлаштириш ҳукуматнинг [интернет] фойдаланувчисининг шахсий маълумотларини олиш салоҳиятини оширади. "

Facebook баёнотида айтилишича, муаммо фақат Ўзбекистон, ва ҳатто Марказий Осиё билан чекланмайди.
"Осиёда биз бир томонлама ва мувофиқлашмаган протекционист чоралар қабул қилиниши тобора ошиб бораётганини кўряпмиз, давлатлар ўз фуқаролари атрофида рақамли деворлар ўрнатишга уринмоқдалар (масалан, Вьетнам, Покистон, Ҳиндистон, Камбоджа, Хитой, Россия...). Агар бу йўлда давом этсак, интернет фаолиятидаги глобал ва маҳаллий бўлинишларга яқин қоламиз. Мажбурий дата локализацияси интернетнинг эркин ва очиқ тузилмасига, ҳамда тезлик, самарадорлик ва танлов билан таъминлайдиган иқтисодий ва тижорий қийматига раҳна солади," - дейилади баёнотда.
Ўзбекистоннинг расмий муносабати
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби мухбиримиз билан телефон суҳбатида халқаро операторларга «талаб эмас, таклиф» йўллаганини айтди.
Аммо, вазирликнинг Би-би-сига йўллаган баёнотида операторлар янги қонунга бўйсунишлари "шарт" дейилади:
"Шунга асосан оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларини ахборот технологиялари ёрдамида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғида қайта ишлашда уларни жисмоний равишда Ўзбекистон Республикаси худудида жойлашган ва Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғиш, тизимлаштириш ва сақлашни таъминлаши шарт.
Вазирлик баёнотида айтилишича, агар Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлари чет давлат ҳудудида сақланса, давлат ўз фуқароларининг маълумотларига нисбатан хорижий компания томонидан "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонун талабларининг бажарилишини назорат қила олмайди.
Вазирлик, шунингдек, мазкур чора ишлаб чиқилишида хорижий тажриба ҳам қўлланилганини билдирди.
"Агар хорижий тажрибага назар соладиган бўлсак ушбу қонунга қўшимча киритиш жараёнида, халқаро тажрибалар яъни, АҚШ, Европа, Австралия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Индонезия, Турция (Туркия - таҳририят) ва бир қатор бошқа давлатларнинг тажрибалари ўрганилди," - дейилади баёнотда.
Ижтимоий тармоқлар устидан назорат бобида охирги йилларда ҳукуматлар ва йирик интернет компаниялари орасида баҳс ва мунозаралар авж олган.
Ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи компаниялар уларни назоратга олиш ҳаракатлари сўз эркинлигига путур етказишидан хавотир билдириб келадилар.
Собиқ сиёсатчи, "Уздунробита" асосчиси, ҳозирда АҚШда яшаётган тадбиркор Санжар Умаров дата марказларига катта тижорий интернет компанияларини жалб қилиш мумкинлиги, аммо ижтимоий тармоқларга бундай босим ўтказиш нотўғри эканини айтади. Ибрат Сафо лавҳаси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












