Ўзбекистон: Йирик нашрлар Президент администрацияси ҳузуридаги АОКА босим ўтказаётганини айтмоқда - видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистондаги йирик интернет нашрлари - kun.uz, gazeta.uz ва podrobno.uz сайтлари Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбаридан огоҳлантириш хатлари олган. Нашрлар ушбу огоҳлантиришни матбуот эркинлигига нисбатан босим ва эски даврнинг шамоли сифатида қабул қилишини билдирган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Агентлик директори Асаджон Ходжаев имзоси билан 23 ноябрь куни ёзилган огоҳлантириш мактубига муносабатни илк бўлиб Kun.uz нашри 25 ноябрда чоп қилди.
"Асаджон Ходжаев Kun.uzни газ-свет муаммосини ёзгани учун огоҳлантирди. Таҳририят буни босим ўтказиш деб ҳисоблайди" сарлавҳали мақолада мактуб нусхаси ҳам чоп қилинган.
Kun.uzнинг ёзишича, Жойлардаги электр энергияси ва табиий газ билан боғлиқ муаммолар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган қизиқарли ва танқидий постлар жамланиб, Kun.uz сайтида эълон қилиниши ортидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев таҳририятни нохолисликда айблаган ва «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби Ходжаев Kun.uz сайти 22 ноябрь куни «Халққа свет-газ беринг!» - ижтимоий тармоқларда азалий ва оғриқли мавзу» сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар жамланган материалга эътироз билдирган.
Агентлик kun.uz сайтини мавзуни бир томонлама, ҳиссиётга берилган ҳолда ёритишда ва ҳукумат томонидан газ етказиб беришда амалга оширилган қатор ислоҳотларга атрофлича тўхталмаганликда айблаган.
Мактубда мақолада келтирилган ёзувчи Улуғбек Ҳамдамдан "ХХI асрда миллатни газсиз ва чироқсиз қолдириш - жиноят, кечириб бўлмас жиноят!", дея келтирилган иқтибосга эътироз билдирилган.
Kun.uzнинг раддиясида ёзилишича, иқтибосда ҳукумат тилга олинмаган бўлса-да, Асаджон Ходжаев «Ўзбекистон ҳукумати аҳолига нисбатан жиноят содир қилишда айбланган», дея хулоса берган.
Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Kun.uz сайти келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан зарур чора-тадбир кўрмаса, унинг давом этиши жиддий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирган.
Kun.uz таҳририяти агентлик бош директорининг ушбу хатини журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш, деб баҳолашини маълум қилган.
«Бу хатти-ҳаракатдан Эски Ўзбекистоннинг иси келмоқда, десак янглишмаган бўламиз. Сўнгги пайтларда муаммони яратган мутасаддилар эмас, уни кўтариб чиққан матбуот ходимларини айблаш оддий ҳолга айланиб бормоқда», дейилади мактубда.
Юқоридан босим бўлган вақтда танқидий руҳдаги мақолаларнинг Ўзбекистондаги интернет нашрларидан йўқолиб қолиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.
Аммо бу сафар kun.uz огоҳлантириш олган мақоласини сайтдан ўчирмади ва тўғри йўлда эканлигини айтиб ҳукумат идорасини сўз эркинлигига босим ўтказаётганини даъво қилди.

Сурат манбаси, kun.uz
Kun.uz ортидан Ўзбекистондаги яна икки интернет нашри gazeta.uz ва podrobno.uz лар Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директоридан шу руҳда огоҳлантириш олганини ёзиб чиқди.
Бу икки нашрга огоҳлантириш 20 ноябрь куни ёзилган ва сайтларни Ўзбекистондаги Ковид беморлари сони борасида нотўғри маълумот бериб жамоатчиликни чалғитганликда айблаган.
Огоҳлантириш 17 ноябрь куни Президент матбуот хизмати хабари асосида ёзилган хабарларга нисбатан ёзилган.
Президент матбуот хизматининг хабарида қуйидаги матн мавжуд: "Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда…"
Gazeta.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша кунги статистика маълумотида эътибор қаратган. Вазирлик хабарида мамлакатда 2123 нафар, яъни Президент матбуот хизмати ёзган рақамдан қарийб 3 баробар кам коронавирус бемори даволанаётгани ёзилган.
Интернет нашри рақамлардаги ушбу фарққа эътибор қаратган.
«Хабарни эълон қилишдан олдин таҳририят ССВга муносабат сўраб мурожаат қилди, лекин тезкор жавоб ололмади», дейилади gazeta.uz мақоласида.
Хабар эълон қилинганидан бир оз вақт ўтганидан сўнг ССВ ушбу ҳолатга изоҳ бериб, 6570 нафар бемор ичида баъзи белгилари мавжуд бўлиб, касалликда гумон қилинган, лекин вирус тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар борлигини маълум қилган. «Газета.uz» ушбу тушунтиришни ҳам ўз сайтида эълон қилган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги gazeta.uz ва podrobno.uz ларнинг икки давлат идораси хабаридаги тафовутни олиб чиқишини «ҳукумат томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин», дея баҳолаган.
"«Газета.uz» масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблайди, огоҳлантириш хатига эса таҳририятни «ноқулай» саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш бўйича кескин жавоб деб қарайди", дея муносабат билдирган таҳририят.
Podrobno.uz сайти таҳририяти ҳам Асаджон Ходжаев томонидан ёзилган огоҳлантириш хатини ОАВ бўлган босим сифатида қабул қилишини маълум қилган.
Таҳририят агентликни матбуотга босим қилиш ўрнига журналистларнинг саволларини жавобсиз қолдираётган ёки шунчаки қуруқ расмий жавоб билан чекланаётган давлат идоралари матбуот хизматлари билан ишлашга чақирган.
Gazeta.uz агентликдан огоҳлантириш олган kun.uz нашрини қўллаб-қувватлашини ва унинг чақирувларига қўшилишини билдирган.
Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев даврида матбуот анча эркинлашгани айтилади.
Мамлакатнинг сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтингларда ўрни бироз яхшиланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи баланд минбарлардан бир неча марта сўз эркинлиги бўйича ортга қайтилмаслигини, амалдорлар бугуннинг талаби билан яшаши кераклигини айтиб чиққан.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ директори Комил
Алламжонов kun.uzнинг раддияси чиққанидан сўнг Twitter да "Эхх... No comment", дея ёзди ва оғзи ёпилган смайлик қўйди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 1
Кўпчилик Алламжоновнинг ушбу изоҳини Асаджон Хўжаев мактубига берилган муносабат сифатида қабул қилди.
Алламжонов раҳбар бўлган вақтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бир неча маротаба журналистлар ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиб баёнотлар чиқарганди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан kun.uz мухбирлари ҳақоратланиб, таҳдид қилинганидан сўнг агентлик матбуот котиби номидан кескин баёнот берилган.
Ўша вақти агентлик матбуот котиби бўлган Ҳикматилла Убайдуллаев Ходжаевнинг огоҳлантириши эълон қилинганидан сўнг "AOKAdan oʼz vaqtida ketganimga Hudoga shukur...", деб твит ёзди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 2
Айни дамда агентликда фаолият юритаётганини айтган Аҳмаджон Юсупов бу тақдимномаларга алоқаси йўқлигини айтди.
«Шу пайтдан айтиб қўяй, бу тақдимномаларга мени алоқам йўқ, мени функциям умуман бошқа :)», деб твит ёзди Аҳмаджон Юсупов.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 3
Фикр билдирганлар орасида нашрларга бўлаётган босимлар мамлакат раҳбариятининг сиёсати эмас, балки Асаджон Ходжаевнинг шахсий ташаббуси эканлигини ёзганлар ҳам бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















