Ўзбекистон: Журналистлар президентни нега ўткир муаммолар билан саволга тутмади? – Янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Namangan

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев илк бор журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Ўзбекистонда журналистлар ва блогерлар биринчилардан бўлиб вакцина олувчи инсонлар тоифасига киритилди. Алишер Усмоновдан янги хайрия - bbcuzbek.com дайжести.

Савол-жавоб

Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга сафари чоғида журналистлар саволларига илк бор жавоб қайтарган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода президент саволларни журналистлардан ўзи сўраб олгани кўзга ташланади.

"Наманганда нималар ёқди, нималар ёқмади? Фарғонадан нима хулоса қилдингиз? Нима саволлар сизларни қийнаяпти?" деган у журналистлар билан юзма-юз мулоқотда.

Мирзиёев журналистларнинг ислоҳотлар йўлига тўсиқ бўлаётган сабаблар ҳақидаги саволига жавоб қайтарган.

У бунга жавобан учта омилни санаб ўтган: кадрлар масаласи, коррупция ва жойлардаги раҳбарларнинг ислоҳотлар моҳиятини англамаслиги.

Маҳаллий нашрлар томонидан бу Мирзиёевнинг матбуотга илк бор интервью бериши ўлароқ тасвирланган бўлса-да, аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари журналистлар президентни ўткир муаммолар билан саволга тутишга журъат қилмаганликда айблаганлар.

Президентга савол бера олган журналистлар қаторида бўлган Кун.уз мухбири Аброр Зоҳидов учрашувдан таассуротларини ижтимоий тармоқда бўлишган.

У давлат раҳбарини электр муаммоси, сайловлар, "снос"лар тўғрисида саволга тутиш мумкинлиги, аммо нега бундай саволлар янграмаганини шундай изоҳлаган:

"…буларнинг ҳаммаси у ёки бу доираларда ёритилган, қолаверса бевосита президент жавоб бериши шарт бўлмаган ёки шундоқ ҳам аён бўлган нарсалар эди (ИМҲО албатта).

Яна бир жиҳат - бу илк марта рўй бераётган ҳодиса, ўзига хос тажриба эди. Давлат раҳбарига ҳеч ким буйруқ бера олмайди, дастлабки таассурот яхши бўлса, саволларга жавоб бериш анъана тусига кириши мумкин, табиийки, бунинг ортидан саволлар ҳам чархланиб бораверади".

Президент Мирзиёев февраль ойи бошида Фарғонада ҳам журналистлар билан қисқа мулоқотда бўлган, лекин улар билан савол-жавоб қилмаган эди.

Шавкат Мирзиёев ўтган бешга йилга яқин вақт давомида мамлакатда матбуот бундан буён очиқ бўлиши, бу йўлдан ортга қайтилмаслигини бот-бот такрорлаб келган.

Бироқ биринчи президентлик муддати ҳам якунланиб борар экан унинг ўзи журналистлар билан очиқ сўзлашгани, интервьюлар бергани кўзга ташланмаган.

Алишер Усмоновдан янги хайрия

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Алишер Усмонов Ўзбекистон учун ўз ҳисобидан коронавирусга қарши 500 минг вакцина олиб беради.

Бу ҳақда президент Мирзиёев Намангандаги сафари чоғида гапирган.

Бироқ у Усмонов қандай турдаги вакцина олиб бериши ва у қачон Ўзбекистонга етказилишига ойдинлик киритмаган.

Миллиардер Алишер Усманов қайси давлатда бўлишидан қатъиназар коронавирусга қарши вакцина топилса, Ўзбекистон халқи учун олиб келишга ваъда бергани ўтган йил апрель ойида маълум бўлган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев йиғилишларининг бирида айтиб ўтган.

Мирзиёев Алишер Усмоновга коронавирус билан боғлиқ қийин шароитда Ўзбекистонга 20 миллион доллар маблағ ажратгани учун миннатдорчилик ҳам билдирганди.

Журналистлар ва вакцина

O'zbekiston

Сурат манбаси, AOKA

Журналистлар ва блогерлар биринчилардан бўлиб вакцина олувчи инсонлар тоифасига киритилди.

Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда эмлаш ишлари февраль ойи охири - март бошларида бошланиши кутилмоқда.

Бунга қадар эмлаш ишлари бошланувчи вирус юқиш хавфи юқори бўлган инсонлар тоифаси тасдиқланган эди.

Унга кўра, 65 ёшдан ўтганлар, тиббиёт, таълим ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, меҳнат муҳожирлари, хорижда ўқувчи талабалар, транспорт ходимлари биринчилардан бўлиб эмланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek