2021 йилда Ўзбекистонни нималар кутмоқда? Экспертлар башорати O'zbekiston Dunyo

experts
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Дунё ҳануз Ковид-19 чангалида қоляпти. Вируснинг Европа ва жанубий Африкада аниқланган янги тури аввалгисидан шиддатли тарзда тарқалмоқда. Ўзбекистон коронавирус беморлари учун очилган шифохоналарни ёпаётган бўлса-да, у ҳам ҳали вирусдан қутулмади.

Ўзбекистон сиёсатида эса 2021 йилнинг энг катта воқеаси йил охирига мўлжалланган президентлик сайловлари бўлиши кутилади. Шунингдек, бу йил Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мамлакат қаршисида турган йирик саволлар: Коронавирусдан бу йил ҳалос бўламизми? Иқтисодда ўсиш бўладими? Президентлик сайловларида Шавкат Мирзиёевга ким рақиб бўлади ва бу сайловлар демократик тарзда ўтадими?

Би-би-си бу саволлар билан қатор ўзбекистонлик шарҳловчиларга юзланди.

Аксарият, албатта, мамлакатдаги ҳаётнинг яна нормал ҳолатга қайтиши аҳолини коронавирусдан эмлаш қанчалар муваффақиятли олиб борилишига боғлиқ бўлишида ҳамфикрлар. Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати «йилнинг ўрталарида» эмлаш ишларини бошлайди.

Дунё сиёсатида пандемия давлатларни ва иттифоқларни жиддий синовдан ўтказди. Вирусдан ҳалос бўлиш йўлида сиёсий пойга юзага келди ва давом этяпти.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг айтишича, мазкур пойга «вакцина миллатчилиги»ни юзага келтирган, аммо Ўзбекистон геосиёсий ўйинларга аралашмай, халқ саломатлигини биринчи ўринга қўйиши керак бўлади.

Йил охирида Президент Мирзиёевнинг лавозимдаги беш йиллик муддати ниҳоясига етади ва президентлик сайловлари бўлиб ўтади. У бу сайловда яна ўз номзодини илгари суриши ё сурмаслиги ҳақида гапирмаган, аммо ҳеч ким бунга шубҳа қилмайди.

Сиёсатшунос Рафаэль Сатторовнинг айтишича, бу сайловлар олдидан мамлакатда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган - газ ва электр муаммоси, экин ерларининг яроқсизлиги бунга бир мисол. Ҳукумат жойларда аллақачон сайловга тайёргарликни бошлаб юборган, аммо бу сайловларда илк иштирок этадиган ёш авлод аввалгиларидан фарқ қилади.

Айни дамда, Мирзиёвга муқобил номзодлар ким бўлиши ҳали ноаниқ. Президент ўзининг Олий Мажлисдаги охирги йиллик чиқишида сайловлар «халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда» ташкил этилишини айтди. Бироқ, сайловчида танлов бўладими?

Президент Мирзиёвга муқобил номзодлар ким бўлиши ҳали ноаниқ

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёвга муқобил номзодлар ким бўлиши ҳали ноаниқ

«Президент Мирзиёевга рақобардош бўла оладиган муқобил сиёсий фигура ҳали пайдо бўлгани йўқ. Альтернатив ечимлар ё альтернатив дастур билан чиқа оладиган номзод мавжуд эмас. Бирорта бир партия, бу шахсий фикрим, бунга қодир эмас», - дейди Толипов.

Раббимовга кўра ҳам сайловда янги сиёсий партиялар номзодлари иштирок этиши эҳтимоли «ниҳоятда паст».

«Менинг назаримда, бу сайловларда ҳам [мавжуд] бешта партия номзод кўрсата олади, холос. Айни дамда, ҳукумат шу йилги мустақиллик байрами арафасида жамиятда интиқлик билан кутилаётган маъмурий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ташаббусларини олға суриши мумкин» - дейди таҳлилчи.

Қандай бўлмасин, Раббимовга кўра, журналистлар анча фаоллашган ва мамлакатда мухолиф фикрлаш шаклланиб бўлди.

Мамлакат ичкарисидаги баъзи журналистлар бу баҳога тўла қўшилмайди. Журналист Анора Содиқованинг айтишича, у ва бошқа журналистларга мақолаларини олиб ташлаш йўлида тазйиқ ва таҳдидлар давом этяпти.

«Тўрт йил аввал бизга сайлов олдидан катта умид берилган бўлса, сайлов йилида ҳам умидларимиз янгиланса керак. Яна матбуотга нисбатан эркинлик берилса керак», - дейди Содиқова.

Иқтисод тикланадими? Пандемияси Ўзбекистонда фуқароларнинг бандлиги, фаровонлиги ва даромадларининг пасайишига олиб келди. Аммо, айни дамда Жаҳон банки агар мамлакат бўйлаб карантин қайта киритилмаса, 2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 4,3 фоиз бўлишини прогноз қилмоқда.

Иқтисодчи Баҳром Ражабовга кўра, агар эмлаш ишлари муваффақиятли олиб борилиб, иқтисод секторлари қайта тикланса ва хориждаги меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари тўла тикланса, бу ўсишга эришиш мумкин.

«Пандемия сабаб Марказий Осиёда камбағаллик, Жаҳон банкига кўра, 60 фоизга ошган. Ўзбекистоннинг ўзида яна тахминан 2 миллион одам камбағалликка дучор бўлган. Бу йил шу одамларни қашшоқликдан олиб чиқиш масаласи муҳим бўлади», - дейди Ражабов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek