Россия нега ўзининг Спутник V вакцинаси синовларига бюджет ишчиларини сафарбар қиляпти? Би-би-си кузатуви O'zbekiston Yangiliklar

SEFA KARACAN/ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Сурат манбаси, SEFA KARACAN/ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россиянинг саноат ва савдо вазири Денис Мантуров 4 декабрь куни шахсан ўзи коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини Тошкентга олиб келди. Ўзбекистон ҳукумати билдиришича, мазкур вакцинанинг учинчи босқич синовлари ўзбекистонликлар орасида ҳам ўтказилади ва ҳозирда синовда қатнашадиган кўнгиллилар сони борасида вакцинани молиялаётган Россиянинг Тўғридан-тўғри инвестициялар фонди билан музокаралар олиб борилмоқда.

Вакцинанинг самарали эканини аниқлаш учун у учинчи фаза синовларидан ўтказилиши керак. Аммо, бу синовлар Россиянинг ўзида ҳали тугалланмаган бўлса-да, Президент Владимир Путин буйруғи билан аҳолини эмлаш бошлаб юборилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Вакцинани ишлаб чиқарган Гамалея марказига кўра, Россиядаги учинчи босқич синовларида 40 минг одам қатнашяпти. Би-би-си рус хизмати бу синовларга кўнгиллиларни танлаш қандай кечганини кузатди ва нега уларнинг барини ҳам кўнгиллилар деб аташ мумкин эмаслигига гувоҳ бўлди.

Би-би-си гувоҳ бўлишича, Москвада синовларга бюджет ишчилари ўз раҳбариятининг йўлланма ёки буйруғи асосида жалб қилинмоқда. Би-би-си бу борада Москва ҳокимлиги ва Гамалея марказига мурожаат қилди. Ҳокимлик жавоб қайтармади, Гамалея маркази эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги розилигисиз жавоб бера олмаслигини билдирди. Би-би-си вазирликка мурожаат қилганида, уни яна Москва ҳокимлигига йўналтиришди.

Ибрат Сафо бу масала билан яқиндан шуғулланган Би-би-си рус хизматининг Москвадаги мухбири Елизавета Фохт билан суҳбатлашди.

Елизавета, сиз Спутник вакцинасини синаб кўриш учун одамлар қандай йиғилаётганига шахсан гувоҳ бўлдингиз. Нималарни кўрдингиз?

Фохт: Мен мақоламни ёзаётганимда Спутник вакцинаси синовларининг учинчи босқичи бошланаётганди, у ҳануз давом этяпти. Унга қўшилиш учун Москва ҳокимлиги сайти орқали ариза тўлдириш сўралди. Аммо, қизиғи, учинчи фаза энди бошланаётган бўлса-да, баъзи амалдорлар, банкирлар ва бошқалар синовларни айланиб ўтиб вакцинани урдириб олишган, ҳатто офисларида урдиришган. Мен кўрган синовларга келсак, мен синовлар ўтадиган марказлардан бирига бордим. Ҳокимлик порталидан менга шу поликлиникага боришни айтишди. Поликлиникага кирганимда, мендан биринчи сўраган саволлари: «Сиз ташкилотданмисиз?» деган савол бўлди. Аввалига бошим қотди, қанақа ташкилот - тушунмадим. Нима деяпсиз, десам, «Ўзингиз келдингизми ёки сизни бирон ташкилот юбордими?» деб сўрашди. Шунда тушундимки, демак кимдир юбориши ҳам мумкин экан. У ерда ҳамшира билан суҳбат, кейин эса кўп варақли маълумотномани ўқиш учун торгина даҳлизда қанчадир вақт ўтказган бўлсам, ўша вақт давомида синовга келган одамларни асосан давлат идоралари юборганига гувоҳ бўлдим. Масалан, коммунал хизматлар ташкилоти, йўл хизмати ходимлари келишди. Баъзилари рози эмасман деб ёзиб беришди ва бунинг бари рўйхатга қайд этилди. Мени эса синовга олишмади, чунки яқин орада менда жарроҳлик амалиёти ўтиши кутилаётганди. Лекин, ҳамшира менга айтган бир гап миямда муҳрланиб қолди. У давлат идораларидан келаётган ходимларга ишора қилиб, «баъзилар нега бу ерга келаётганларини ҳам билишмайди» деди. Яъни ишхонада «бор, эмланасан» дейишган, улар нимадан эмланишни ҳам билмай келаверишган. Рад қилганлар ичида бир йигит эсимда қолди. У хотини билан ҳомилага уринишаётган экан. Маълумотномада аниқ айтилганди, агар ҳомилага уринаётган бўлсангиз, синовда қатнашмаган яхши, деб. Лекин йигит ҳамшираларга «мен аёлим билан фарзанд кўришга уринмоқчимиз» деганди, ҳамшира унга қараб: «Сиз туғмайсиз-ку?» дея жавоб қайтарди.

Сизнингча, синовларга кўнгиллиларни йиғиш жараёни бутун Москвада шундай бўлганми ё бу истисно бир ҳолатми?

Вакцина ишлаб чиқарувчилари оддий кўнгиллилар, матбуот, ҳатто илмий тадқиқотчиларнинг кўплаб саволларига жавоб беришмаяпти.

Сурат манбаси, SEFA KARACAN/ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, "Вакцина ишлаб чиқарувчилари оддий кўнгиллилар, матбуот, ҳатто илмий тадқиқотчиларнинг кўплаб саволларига жавоб беришмаяпти."

Фохт: Мен фақат битта поликлиникада бўлдим. Балки бошқаларида аҳвол бошқачадир. Лекин, фикримча, ҳаммаси ўхшаш. Чунки Рейтерснинг Москвадаги бюросида ишлайдиган ҳамкасбларим ҳам меникига ўхшаш материал тайёлашди ва уларникида етти нафар журналист кўпгина поликлиникаларга бориб кўришди. Ҳаммасида бир манзара - кўп сонли бюджет ходимларига гувоҳ бўлишган. Адолат юзасидан айтсам, мен борганимда ўз хоҳиши билан келган кўнгиллилар ҳам бор эди ва мен улар билан суҳбатлашдим. Ҳар кимнинг ўзига яраша сабаблари бор эди, кимдир қария яқинларини ҳимоя қилмоқчи, кимдир ўзи касалликдан сақланмоқчи. Бир аёл инсоният манфаати учун синовда қатнашишга келганини айтди.

Сиз-чи, сизда қандай сабаблар бор эди?

Фохт: Мен кўпроқ журналистик қизиқиш сабаб бордим. Чунки аслида ҳозирда бу вакцинани олсанг, у сени ўлдириб қўядиган даражада хавфли, деган таассурот йўқ. Ундай ҳоллар ҳали қайд қилинмади. Лекин, мен кейинроқ синовда қатнашган бир кўнгилли йигит билан гаплашдим - унда вакцинанинг ўта-ўта жиддий салбий таъсири бўлган. Унинг ҳарорати +40дан ошиб кетган, юраги оғришни бошлаган. Айтишича, уни яхши кузатишмаган. Қизиғи, синовлар борасидаги кузатувлар яхши олиб борилмаётгани учун синов қатнашчилари ўзлари ўзаро Телеграм канал очиб дори таъсири ҳақидаги ҳикояларини улашишяпти. Улар ўзлари аксилтаналарга тест топшириб, ҳатто кимда бошқалардан кўпроқ аксилтана борлигини айтиб мақтаниб, мулоқот қилишяпти. Афтидан жуда жиддий салбий асоратлар йўқ. Лекин! Битта катта лекин. Вакцина ишлаб чиқарувчилари оддий кўнгиллилар, матбуот, ҳатто илмий тадқиқотчиларнинг кўплаб саволларига жавоб беришмаяпти. Нега бунча кам одам синовда қатнашдию, нега дарров ҳукумат унга яшил чироқ берди деган саволлар очиқ қоляпти.

Асосий хавотирлар ичида ҳам илк синовлар қатнашчилари сонининг жуда кам бўлгани, шундай эмасми?

Фохт: Ҳа, ҳатто синовларнинг иккинчи босқичида, хорижий рақибларнинг синовларида юзлаб ва минглаб одамлар қатнашганлар ва кенгроқ илмий хулосалар олинган. Спутник синовининг иккинчи босқичида эса атиги бир неча ўнта одам қатнашди. Юздан кам.

Нега бунча кам? Кўпроқ одам жалб қилса бўларди-ку?

Фохт: Бу саволни кўп экспертлар ва журналистлар беришди. Вакцина яратувчилари эса «зарур бўлган минимум»ни бажардик дейишди. Ҳеч нима Россия қонунларига хилоф қилинмади, билишимча. Лекин, жуда кўплар сўрашяпти, иккинчи фазада атиги 20 одамга бу вакцинанинг икки дозаси ҳам урилган бўлса, наҳотки шу хулосага асосланиб энди минглаб одамларга вакцина урилиши тўғри бўлса, деб. Ҳа, шу 20 кишида жиддий муаммолар туғилмаган, лекин барибир, эҳтимолий ва камдан-кам учрайдиган оғирроқ асоратларни илғаб олиш учун бу хулосалар етарлими? Нуфузли Лансет журналида ҳам кўп олимлар шу саволни беришди. Гап шундаки, биз энди нафақат синовлар, балки ўтган ҳафта Россияда бошлаб юборилган ёппасига эмлашлар ҳақида гапиряпмиз. У вилоятларга ҳам юборилди. Энди ҳеч қандай синовларсиз уни олишингиз мумкин. Мен ҳозир оддийгина поликлиникага ёзилиб, бир неча соатдан кейин уни олишим мумкин. Масалан, Оксфорд вакцинаси ишлаб чиқарувчилари жуда кўп эҳтимолий хавфлардан огоҳлантиришган, Россияники эса очиқчасига, масалан «ҳомиладор аёлга қандай хавф бўлишини билмаймиз, номаълум рисклар» бор дейишди. Яъни оддийгина қилиб, «номаълум рисклар бор» дейиляпти. Ундан ташқари, агар волонтёр соғлиғида бирон жиддий муаммо пайдо бўлса, у исботлаб бериши керак айнан шу вакцина туфайлими бу, ёки алоқаси йўқлигини. Масалан, Америка ва Британиядаги синовлар бир кишида пайдо бўлган қийинчиликлар сабаб тўхтатиб қўйилди. Лекин бизда, мен ҳали айтган ёш йигитда юқори ҳарорат, юрак оғриғи, нафас олиши қийинлашиши юз берса ҳам, уни касалхонага ётқизишмади ва синовларни тўхтатишмади. Ҳеч ким уни чақириб текширмади ҳам, оддий поликлиникада кардиолог кўриб «хавотир олманг, бу вакцина таъсири эмас» деган. Адолат юзасидан айтишим керак, бу кенг тарқалган ҳолатлар эмас. Жуда кўп одам шикоят қилмаяпти.

Лекин, синалган одамнинг ўзи кам, балки шунгадир?

Фохт: Йўқ, ундай одамлар кўп эмас ва оммавий чиқишлар қилишмади ва биламизки, синовлар тўхтатилмади.

Сизнингча, сиёсат қанчалар катта роль ўйнаяпти? Боя сиз «рақиб» сўзини ишлатдингиз. Буни энди ҳеч ким инкор этмаса керак - ҳақиқатдан ҳам ўзига яраша вакциналар пойгаси юзага келган, шундайми? Россияда бу қанчалар сезилади?

Фохт: Афсуски, сиз ҳақсиз. Бу нафақат Россия, балки бутун жаҳонда пойгага айланиб кетди. Америкада, масалан, Доналд Трамп тезроқ вакцина хулосаларини чиқаришни истади. У ишлаб чиқарувчиларни атайин буни кечиктириб, унинг сайловолди кампаниясига салбий таъсир қилишда ҳам айблади. Россияда ҳам у, албатта, сиёсийлашган. Августда Владимир Путин Спутникни дунёда биринчи рўйхатдан ўтган вакцина дея эълон қилди. Унинг ҳатто Спутник деган номи ҳам бунга ишора қилади - «қаранг биз Россия, биринчи бўлиб космосга чиққанмиз, биринчи бўлиб Спутникни чиқарганмиз, энди эса биринчи коронавирус вакцинасини чиқардик» дейиляпти. Бу Россия президенти ва илмий доиралар учун катта обрўли воқеа, бўлмаса ҳали августдаёқ уни рўйхатдан ўтказишмаган бўлишарди. У Россия давлатчилиги учун катта ғурур бағишлашига ҳеч шубҳа йўқ.

Вакцинанинг бошқа давлатларга етказиб берилишида-чи, унда сиёсат қанчалар роль ўйнаяпти? Уни Ўзбекистонга Россия савдо вазирининг ўзи олиб келди ва президент билан учрашди.

Фохт: Албатта, бу муҳим, чунки Россиянинг ҳозирги мавқеи шундайки, «мана Россия ва Ғарб ўртасида зиддият бор, лекин биз тинчликни сақловчи куч сифатида уни барчага етказиб беришга тайёрмиз». Айни дамда Европа Иттифоқи Спутникни олмай турган маъқулдир, унга саволлар бор, етарлича ўрганилмаган деяпти. Бизда эса Россия ҳукумати аъзолари буни айнан сиёсий сабаб билан изоҳлашмоқда - «ана вакцина Россияники бўлгани учун олишни истамаяпсизлар» деб. Шундай экан, албатта сиёсат аралашган ва Россия буни фақат меҳр-оқибат учун қилмаяпти. Айни дамда унинг репутацияси ҳам гаровда, чунки бу вакцина кимга қандай таъсир қилиши, бир йилдан кейин унинг таъсири қандай бўлиши, аксилтаналар давомийлиги ва бошқалар Россияга ўзга давлатлар келажакда қандай муносабатда бўлишларига ҳам таъсир қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek