Ўзбекистон ғазнасига энг кўп пулни ким туширмоқда?- видео, O'zbekiston, soliq, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистонда давлат ғазнасига энг кўп солиқ тушираётган ширкатлар эълон қилинди.
Булар:
Навоий кон-металлургия комбинати;
Олмалиқ кон-металлургия комбинати;
"Ўзтрансгаз";
"Ўзбекнефтгаз";
"ЎзБАТ";
"ЎзАвтомоторс";
"Лукойл";
"Ҳудудгазтаъминот";
"Ўзбектелеком";
"Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Солиқ қўмитасига кўра, ўтган йили ҳаммаси бўлиб 103 триллион сўмдан зиёд солиқ йиғилган, бу солиқларнинг 63 фоизини ана шу 10 юридик шахс тўлаган.
Давлат Солиқ қўмитаси маълумотларига таянилса, Ўзбекистондаги йирик солиқ тўловчиларнинг аксари давлатники ёки давлат улушига эга корхоналардир.
Бу дегани, улар кўп солиқ тўлаши билан бирга давлат бюджетидан ҳам яхшигина пул оладилар.
Мустақил иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев ишлаб чиқариш корхоналарининг йириклиги Совет Иттифоқи меросидир.

Сурат манбаси, Soliq.uz
Топ 10 талик солиғининг ярми олтин чиқарадиган Навоий комбинатига тўғри келган, ўтган йили Ўзбекистон 2019 йилга қараганда 1,2 баравар кўп олтин сотиб иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш уддасидан чиққан.
Мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цой айтишича, коронавирус пандемиясидек вазият давлат корхоналари учун қийин бўлмаслиги аён бўлди, чунки улар давлат дастагидан айрилмайди.
Лекин бу Ўзбекистон раҳбарияти хусусий тадбиркорлик ва иқтисодиётда нодавлат сектор улушини кўпайтириш йўналишини танлаганига қарамасдан, давлат бюджетини тўлдиришда нодавлат секторнинг ҳиссаси ҳамон пастлигича қолаётганини кўрсатади.

Сурат манбаси, .
2020 йили коронавирус пандемияси боис кўплаб хусусий корхоналар қийинчиликларга дуч келди, ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлди, фаолиятини тўхтатганлар ҳам топилди.
Бироқ Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар ҳақидаги рақамларига таянилса, уларнинг сони кўпайган: 2020 йили Ўзбекистонда 836 та ширкат йирик солиқ тўловчи ҳисобланган бўлса, 2021 йили бу 1120 га етган.
Иқтисодий таҳлилчи Игорь Цой умид қилишича, Президент Мирзиёевнинг ўтган йил 27 октябрдаги хусусийлаштириш фармони вазиятни ўзгартириши мумкин.
Фармон бўйича 32 объект, 479 корхонани давлат тасарруфидан чиқариш кўзланган, ана шундан кейин улар давлат ғазнасига кўпроқ солиқ тушириши мумкин деб кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















