Ўзбекистон: Янги солиқ, фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг ва боғчадаги роботлар – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ўзбекистонликлар меҳмонхонада тунагани учун солиқ тўлайди, расмийлар автомобиль ижараси шартномалари тузишда огоҳ бўлишга чақирди ва саратон туфайли йилига қанча аёл оламдан кўз юммоқда? bbcuzbek.com дайжести.
Ички туризм ва йиғим

Сурат манбаси, official
Энди ўзбекистонликлардан ички саёҳат пайтида туристик йиғим ундирилади.
Президент 9 февраль куни имзолаган фармонга биноан янги тартиб 1 мартдан бошлаб кучга киради.
Фармонда Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакат ҳудудидаги меҳмонхоналарда яшаган ҳар бир кун учун ундириладиган туристик йиғим миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўзда тутилган.
Ундирилган йиғимлар ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Айни вақтда, туристик йиғимни фақат хорижликлар тўламоқда.
2020 йил сўнггида Туризмни ривожлантириш қўмитаси бундай йиғим мамлакат фуқароларига ҳам жорий этилиши режалаштирилаётганини маълум этган эди.
Ўшанда, ўзбекистонликлар учун туристик йиғимнинг миқдори БҲМнинг 0,5 фоизи (айни вақтда 1,225 сўм) этиб белгиланиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
"Автомобиль ижарасидан эҳтиёт бўлинг"

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда 830 фуқаро автомашиналарни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаларидан "куйиб қолган».
Аниқланган зарар 5,5 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўзбекистонликларни сотиш шарти билан автомобилларни ижарага берувчи ёки лизинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлар билан шартнома тузишда эҳтиёткор бўлишга чақирган.
Агентликнинг таъкидлашича, айрим жамиятлар шартнома тузишда жавобгарликни мижоз зиммасига туширишга ҳаракат қилади.
Оқибатда, истеъмолчи нафақат моддий зарар кўриши, балки автомобилдан ҳам айрилиб қолиши мумкин.
"Шартнома тузишдан олдин у билан яқиндан танишиб чиқинг ва бетараф бўлган ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг. Шартномани сизга яхши тушунарли бўлган тильда тузилишини талаб қилинг", маслаҳат берган агентлик ўз баёнотида.
Йирик солиқ тўловчилар ва UzAutoMotors

Сурат манбаси, official
2020 йил якунларига кўра, мамлакат миқёсида жами солиқ тушумлари миқдори 103,6 триллион сўмни ташкил этган.
Йирик солиқ тўловчилар сони 1,120 тага етган.
Бу ҳақда йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси хабар бермоқда.
Инспекция энг йирик солиқ тўловчилар топ ўнталигини ҳам маълум қилган.
2020 йилда йирик солиқ тушумларининг 63,3 фоизи ана шу корхоналар ҳиссасига тўғри келган.
"Навоий кон-металлургия комбинати", "Олмалиқ кон-металлургия комбинати", "Ўзтрансгаз", "Ўзбекнефтгаз" ва "ЎЗБАТ" энг кўп солиқ тўлаган корхоналар бешталигини эгаллаган.
Автомобиль саноатида монополь мавқега эга "UzAutoMotors" эса топ ўнталикда еттинчи ўринни эгаллаган.
2020 йилда компаниянинг солиқ тушумларидаги улуши атиги 3 фоизни ташкил этган.
Аввалроқ, Ҳисоб палатаси томонидан "UzAutoMotors" бюджетга 3 фоизлик мажбурий йиғимни тўламаётгани маълум қилинганди.
Бачадон бўйни саратони

Сурат манбаси, Mahalladosh.uz
Ўзбекистонда ҳар йили 1700-1800 аёл бачадон бўйни саратонига чалинади, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади.
Бу ҳақда 9 февраль куни ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бачадон бўйни саратони мамлакатда кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турувчи аёллар орасида энг тарқалган иккинчи саратон тури ҳисобланади.
"Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида бачадон саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради", маълум қилган Қурбонов.
Масъул ушбу ўлимлар аксар қисмига асосий сабаб ташхиснинг кеч қўйилиши эканини қўшимча қилган.
Қайд этилишича, бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98-99 фоизи) одам папиллома вируси ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистонда ушбу вирусга чалинаётган аёлларни даволаш учун $2 миллион ажратилгани маълум қилинган.
Боғчалар ва роботлар

Сурат манбаси, .
Корея томонида Ўзбекистон боғчаларига дастурлашни ўргатувчи роботлар тақдим этилди.
Инъом этилган роботлар сони 275 дона, дея хабар бермоқда Мактабгача таълим вазирлиги.
Хабар қилинишича, Albert ва Genibot номли роботлар 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган.
"Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади.
Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратишлари мумкин", дея роботларнинг хусусиятини очиқлаган вазирлик.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















