Ўзбекистон “қўллаб-қувватлайди”, ўзбеклар нима дейди? - Минтақа ва сиёсат, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Ўзбекистон "қўллаб-қувватлайди", ўзбеклар нима дейди? - Ўзбекистон томони президент бошчилигида "қирғиз халқини ҳар қандай ташаббус билан қўллаб-қувватламоқчи". Ваъда берди. Ўзбекистонга бевосита чегарадош Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар ҳам яшайди. Сўх йўли ҳам очиладими?
Улардан бирига кўра, икки қўшни давлат ўртасидаги барча алоқалар янгиланиш ва ривожланишга муҳтож.
Бошқасининг таъкидлашича, "Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши", деб бекорга айтилмаган, тезроқ борди-келди алоқаларини яхшилаш, қайта йўлга қўйиш керак.
Янгича муносабатлар

Сурат манбаси, official
Қирғизистоннинг янги Бош вазири Улуғбек Марипов ўтган ҳафта Олма отада ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашган.
Учрашув Улуғбек Мариповнинг Бош вазирлик мақомини эгаллашдан саноқли кунлар ўтиб бўлиб ўтган.
Икки Бош вазирнинг учрашуви ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши теграсида бўлиб ўтган.
Бош вазирлар савдо-иқтисодий, сармоявий, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, сув-энергетика ва транспорт соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кўплаб масалаларини муҳокама қилишган.
Икки давлат ўртасидаги чегараларни делимитация қилиш масаласига ҳам тўхталишган.
Икки Бош вазир ўртасидаги учрашув кун тартибидан Сўх йўли муаммоси жой олган-олмагани маълум эмас.
Охирги пайтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви ҳамда чегара музокараларининг фаоллашганига қарамай, Сўх аҳолиси амалда қамалда қолаётир.
Фарғона вилояти таркибидаги алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик бўлган Сўх тумани ҳамма томондан бошқа давлат - Қирғизистон билан ўралган.
70 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган туманнинг ўзи Қирғизистон ҳудуди орқали яна икки қисмга - шимолий ва жанубий Сўхга бўлинган.
Аҳолисининг асосий қисмини этник тожиклар ташкил этадиган сўхликлар чегарадан ўтишдаги тўсиқлар ва иқтисодий қийинчиликлардан шикоят қилиб келишади.

Сўх аҳолиси асосан, деҳқончилик билан тирикчилик қилади ва аҳолининг катта қисми мавсумиий ишлар учун Россияга қатнаши айтилади.
Сўхликлар ўзларининг мол-қўйларини боқиш учун кўпинча Қирғизистон ҳудудидаги яйловларга ўтишади.
Қирғизистонликларнинг вақти-вақти билан бунга тўсқинлик қилиши шундоқ ҳам қийин аҳволдаги сўхликларнинг турмушини янада оғирлаштиради.
Сўхни қўшни давлат орқали мамлакатнинг асосий қисми билан боғлаб турувчи даҳлиз масаласи ҳал этилмагани айтилади.
Сўх йўли - мустақил Ўзбекистон тарихидаги ҳали-ҳануз ўзининг якуний ечимини топмай келаётган энг долзарб муаммолардан бири бўлади.
Ўзбекистон давлат чегарасининг айни шу ҳудуди эса, мамлакат мустақиллиги тарихида энг кўп ва энг зўравон можароларга саҳна бўлгани, бўлаётганларидан бири экани кўрилади.
Сўнгги бор ўтган йил 31 май куни Сўх тумани аҳолиси ва Қирғизистон фуқаролари ҳам чегара ҳудудда жойлашган Чашма булоғининг кимга тегишли экани борасидаги тортишувлар ортидан тўқнашган.
Жанжал натижасида Ўзбекистон ҳудудидаги уч хонадон ёқиб юборилган.
Можаро ҳар икки томондан жаъми 200 дан ортиқ кишининг тан жароҳати олиши билан якун топган.
Биргина расмий рақамлардан энг кўп жабрланганларнинг ўзбекистонликлар экани англашилган.

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган тўрт йил ичида Ўзбекистоннинг бир минтақа давлати билан ўзаро чегарасида бу кўламдаги зўравон можаро кузатилмаганди.
Янги Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий сиёсати натижасида ўтган йил бу йўлни ҳам бир муддат очишга муваффақ бўлган.
Қирғизистон томони эса, сўнгги бор бу йилнинг қисқа фурсатда ёпиб қўйилиши сабабини ўзининг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги билан изоҳлаганди.
Бугунги кунда Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1 378 километрни ташкил этади. Улардан 1 170 км ёки 85% рўйхатга олинган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 9 та мунозарали ҳудуд мавжуд бўлиб, у ерда икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддиятлар тез-тез юз бериб келади.
Давлат Чегара хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасида 2020 йилда 12 та, давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида 9 та, қирғиз-ўзбек қисмида эса, 3 та кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.
Абдулла Арипов ҳамкасбини Қирғизистон Бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаб, ўзбек-қирғиз муносабатлари юксак ишонч даражасида эканини таъкидлаган.
"Сизни ишонтириб айтаманки, Ўзбекистон президенти бошчилигидаги ўзбек томони ҳар қандай ташаббус билан қирғиз халқини қўллаб-қувватлайди ва ҳар икки халқ ва мамлакат манфаатларига жавоб берадиган барча лойиҳаларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр", деган Абдулла Арипов.
Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов ҳам қўшни давлат билан ўзаро ишончга асосланган чинакам қардошлик муносабатларидан фахрланишини урғулаган.
"Биз Ўзбекистон билан стратегик шерикликни янада фаол ривожлантиришга тайёрмиз", деган Улуғбек Марипов.
Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳозир эканликларини тасдиқлаб, ўзбек- қирғиз чегарасининг қолган участкаларини қонуний рўйхатдан ўтказишни якунлаш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлашган.
Шунингдек, ўзбек томони Қирғизистон етарли миқдорда минерал ўғитлар етказиб беришни ташкил этишга тайёрлигини ҳам билдирган.
Учрашув якунида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон президентини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилган.
Янги ҳамкасб

Сурат манбаси, official
3 февраль куни Қирғизистон парламент депутатлари Бош вазир Улуғбек Марипов раҳбарлигидаги янги ҳукумат таркибини тасдиқлаган. Президент Садир Жапаров шу куни янги ҳукумат таркибини маъқуллаган.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов худди шу куннинг ўзида қирғизистонлик янги ҳамкасбига расман табрик мактуби йўллаган.
Садир Жапаровнинг ўзи шу йил 28 январь куни мустақил Қирғизистоннинг 30 йиллик тарихидаги 6-президент сифатида қасамёд келтирган.
Орада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам унинг сайловдаги ғалабаси билан расман қутлаганди.
Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Олти миллиондан сал ошувчи аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини ўзбеклар ташкил этади.
Қирғизистондаги пандемия билан боғлиқ аҳвол ва сўнгги сиёсий жараёнларга Ўзбекистон ҳукуматининг фаоллик билан муносабатда бўлгани, вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш саъй-ҳаракатида экани кўрилган.
Улуғбек Марипов сўнгги халқ инқилоби ортидан қудратга келган амалдаги президент Садир Жапаровнинг ўрнини эгаллаган.
10 январь кунги президент сайлови билан бир вақтда бўлиб ўтган референдумда Қирғизистон парламентидан президент бошқарувига қайтиш учун овоз берган.
Унгача Қирғизистон минтақадаги расман парламент бошқаруви амалда бўлган ягона давлат эди.
Муносабат

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Феруза Шамшиддинова, мутахассис
Қирғизистон Ўзбекистон билан кўп соҳаларда биргаликда ривожланса бўлади. Масалан, медицина борасида тажриба алмашинувлар бўлса, хорижга чиқиб даволаниб келувчилар сони ҳам камаяди.
Шунингдек, тикувчилик борасида ҳам ҳамкорлик қилинса, икки давлат маҳсулотлари балким дунё миқёсида тан олинар.
Айниқса, яна туризм соҳасини ҳам мисол келтирган бўлардим. Фақат бир соҳада эмас, ҳар томонлама ҳамкорлик килишларини хоҳлар эдим. Зеро ривожланиш ва барака фақат бирликдадир.
Одилжон Дадажонов, Ўш яшовчиси
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ўзаро ички ва ташқи иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, маҳаллий товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмларини ошириш, икки давлат орасидаги чегара муаммоларини енгиллаштириш орқали туристик оқимни жалб қилиш, республикалараро транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш масалаларида бу давлатларнинг ҳамкорлиги юзасидан мамлакатлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар тузилса, мақсадга мувофиқ, манфаатли иш бўлар эди.
Дилшодбек Тўқурбоев, савдогар

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Икки давлат ўртасида алоҳида бир эътибор бериб ривожлантириш керак бўлган соҳанинг ўзи йўқ. Яъники, ҳамма алоқалар ривожланиш ва янгиланишга муҳтож.
Энг аввало "Дўстлик" божхонасидаги аҳволни ўрганиб чиқиш керак. Ўзбекистонга кириш учун фалон пуллик COVID-19 тестини топшириш лозим. Қирғизистонга кириш учун эса, айрим ўзбекистонликларнинг даъво қилишларича, чегарачиларга пора бериш керак экан.
Бу каби ишлар одамларда ёмон таассурот уйғотиб, икки давлатга келиб-кетувчиларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.
Шуни унутмаслик керакки, баланд парвозлар майда қадамлардан бошланади.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Соҳибжон Мамиров, маҳаллий фаол
"Узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши деб" бекорга айтилмаган. Ўзбекистон яқин қўшнимиз. Расмийларимиз икки давлат муносабатларини, борди-келди алоқаларини яхшилаш керак.
Ҳозир фақат "Дўстлик" чегараси очиқ. Қолган чегараларни ҳам очса, халққа фойда бўлади. Қўшни давлатдан Қорасув бозорига келаётганлар ҳам Ўшга келиб, чегарадан ўтаяпти. У шаҳардаги чегарани ҳам очса, одамлар қийналмай, ўша ернинг ўзидан ўтади.
Маданиятни ҳам ривожлантириш керак. Маданият ривожланса, халқ ривожланади. Илм соҳасида ҳам ўзаро алмашинув дастурлари амалга оширилиши керак.
Асосий шу уч соҳада ишлар олиб бориш керак. Биз бозори ҳам, мозори ҳам бир халқмиз. Урф-одатларимиз яқин.
Соҳиба Шокирова, тахлилчи
"Икки давлат ҳамкорлигини, биринчи навбатда, иктисодий тарафлама ривожлантириш керак. Бизнинг товарлар Ўзбекистонга монополия билан ўтади, шуни текширувга олиб, товар айирбошлашни очиб қўйсин. Қўшни давлатда кўп фабрикалар хом-ашё йўқлиги боис, тўхтаб қолгани айтилади. Инвестор қатори ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйса, маърифий, ижтимоий, туризм соҳасини ривожлантирса, эртароқ иш жойлари бўларди.
Ишчи кучи, қўшни давлатдан Қирғизистонга келаётган мардикорларни келишув ёки патент асосида ишлайдиган қилса, фақат яхши ишчи кучи келарди. Ҳозир ҳар тоифаси шу ерда. Деҳқонларига парниклар, пахта, тамаки далаларни ижарага бериш ҳакида ҳам ўйлаб кўриш керак. Янги шаҳарлар лойиҳасини бизникилар ўзлаштирса фойдадан холи бўлмасди.
Бишкек -Ўш-Тошкент ҳаво катновларини ҳам очса, четдан инвесторлар жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Янги замонавий шошилинч амбулаториялар очишга йўл берса тиббиёт, оғир операцияларни қилишга имконият бўлади. Шунингдек, икки давлат талабаларини алмашинув дастури билан ўқитиш ҳам йўлга қўйилиши керак.
Ўзбекистонда мавжуд кирил алифбосидаги китоблар Қирғизистонга олиб келинса, ўқувчиларимизга маънавий озуқа бўлади. Қўшни давлат лотин алифбосида бўлгани учун кирилдаги китоблар утилизация қилинмоқда. Китоб босмахоналарини ишини ҳам ҳамкорликка чорлаш керак. Архитектура, йўл қурилиши, темир йўл, метро лойиҳалари Ўзбекистонда яхши ривожланган. Қирғизистон расмийлари шу соҳаларда қўшни давлат билан ҳамкорлик қилиб, уларни давлатимизга жалб қилсинлар.
Маданият, санъатга имконият яратиб берса, икки давлат одамлари ўзлари эплаб кетарди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















