Президент ваъда берди – оддий халқ нима дейди? Ўзбеклар ва дунё, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Ўзбеклар ва дунё: Президент ваъда берди - оддий халқ нима дейди? Бирларига кўра, "ноумид шайтон", бошқаси эса, "ҳаммаси президентнинг хоҳишига боғлиқ", демоқда. Миграция, ишсизлик, қонун устуворлиги - Садир Жапаровнинг ваъдаси эса, оз бўлмади.
Садир Жапаров кеча, 28 январь куни Қирғизистоннинг янги президенти сифатида расман қасамёд қилди.
Яна бир Халқ инқилоби ва муддатидан илгари чақирилган сайлов ортидан, у мустақил Қирғизистон тарихидаги олтинчи президентга айланди.
Қолган бирор бир минтақа давлати мисолида Қирғизистондагичалик президент алмашинуви кузатилмаган.
Садир Жапаров Қирғизистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазият таназзул ёқасига келиб қолган бир пайтда президентликка келган.
Аммо ички сиёсат билан алоқадори бўладими ёки ташқиси, янги президент сифатида берган ваъдалари билан мамлакат ичкариси ва ташқарисида кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортиб улгурган.
Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, йилларки, четда меҳнат муҳожилигида банд юз минглаб фуқароларини бир неча йилнинг ўзида ортга қайтаришга ваъда қилган.
Миллиардлаб долларлик ташқи қарзлари, бир чет давлатнинг минтақадаги энг кўп ҳарбий иншоотларига эга ягона мамлакат эканига қарамай, кўпқутбли ташқи сиёсат олиб боришини айтган.
Устма-уст инқилоблар ва кетма-кет қудрат алмашинувига саҳна бўлаётган бир манзарада Қирғизистонда қонун устуворлигини таъминлаш ва ортиқ ҳокимият узурпациясига йўл қўйилмаслигини баён қилган.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Муносабат
Юсуф Авас, мутахассис
Садир Жапаровнинг берган ваъдалари қанчалик реаллигини вақт кўрсатади. Халқ қандай бўлса, президент ҳам шундай бўлади, дейишади. Ноумид шайтон, кўрамиз, янги давлат раҳбари қандай ишларни амалга оширишини ва албатта яхши бўлишини умид қиламиз.
Лекин Садир Жапаровнинг берган ваъдалари биз учун янгилик эмас. Собиқ президентлар ваъдалари каби. Ҳозирдан берган ваъдалари билан қилган ишлари тўғри келмаяпти.
Кўр-кўрона ҳибсга олишлар, собиқ президентлар каби ўз мухолифлари ва сиёсатчиларга қарши жиноий иш қўзғаш билан машғул бўлаяпти.
Халқ эътиборини бошқа тарафга қаратишга ҳаракат қилаяпти. Порахўрликка қарши курашиш баҳонасида иқтисодий амнистия эълон қилишди ва давлат бюджетидан миллионларни ўмарган расмийлардан арзимаган пул ғазнага тўктирдик деб, уларни уй қамоғига чиқариб ёки бутунлай оқлаб юборяпти. Бу халқни алдаш. Аслида у ундирилган пуллар ҳақиқатан ҳам давлат бюджетига тушаяптими ёки йўқми, бу ҳақда аниқ ҳисобот беришмаяпти.
Тўғриси, мен Садир Жапаров давлатни ривожлантиришига у қадар ҳам ишонмайман. Сабаби, у унчалик илмли, дипломат, босиб ўтган йўли ҳам намунали эмас. Собиқ маҳкум.
Президентнинг илк хорижий сафари, анъанага кўра, Россияга бўлиши кутилмоқда. Агар МДҲ давлат раҳбарлари, жумладан, Қирғизистон расмийлари ҳам бу давлат дуосини олишдан воз кечмас экан, яқин келажакда бизнинг юртлар ривожланмайди. Сабаби, Россияга кучли давлатнинг кераги йўқ. Ўзига сиёсий ва иқтисодий тарафдан тобеъ қилиб ушлаб туришни хоҳлайди.
Қирғизистонни тараққий топтириш учун барча давлатлар билан дипломатик алоқларни ривожлантириш керак.
Давлат бюджетини ўмарган порахўрлар билан курашни жадал олиб бориш лозим ва улардан ундириладиган пулларни ғазнага тўктириш керак.
Ҳар бир соҳада тажрибали раҳбар ва мутахассислар ишлаши керак. Шунда давлат ривожланади.
Йирик тадбиркорликка имконият яратиб бериш керак. Тўсқинлик қилмасдан, қонун доирасида солиқ тўлашларини назорат қилиш лозим. Бугунги кунда қонуний солиқ тўлашнинг ўрнига, унинг эвазига тегишли идора ходимларига пора бериш авж олган. Улар тадбиркорларни ўз "ҳимоясига" (Крыша) олади.
Шу нарсаларни президент ўз назоратига олиб, ортиқча идора ва расмиятчиликни йўқ қилса, ҳар бир тадбиркор сидқидилдан қонуний солиғини тўлайди деб ўйлайман.
Ва Қирғизистон солиқлар ҳисобидан беш йил ичида ривожланишига ишонаман.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Дилшодбек Тўқурбоев, савдогар
Давлатни ривожлантириши мумкин, фақат бу ишни президентнинг ўзи ҳоҳласа ва унинг атрофидаги командаси қўллаб-қувватласа.
Мени ҳам ҳар бир Қирғизистон фуқароси каби янги президентдан умидларим бор. Энг аввало қонун устуворлигини ўрнатсин ва қонун ҳамма учун баробарлигини таъминласин. Порахўрликни йўқ қилсин, ҳеч бўлмаганда озайтирсин.
Порахўрликни йўқ қилишни аввало ойликларни кўтаришдан бошласин. Яхши маош тайин қилсин, токи пора олишга ўрин қолмасин.
Халқни давлатга ва қонунга бўлган ишончини тиклаш керак.
Қани энди Қирғизистонда ҳам сиёсий ва иқтисодий барқарорлик бўлса, одамлар эртанги кунидан хотиржам бўлиб, тайинли ва яхши маошли ишда ишлашса.
Мактабларда диний тарбия берилса, олий ўқув юртларида бюджет ҳисобидан ўқиш кўпайтирилиб, битирувчиларга иш ўринлари яратилиб, кадрлар иш билан таъминланса.
Тўғри, буларнинг барчасини бир президентлик муддатида амалга ошириш қийин, лекин ҳеч бўлмаганда шу нарсаларга тамал тошини қўйиб бошлаб берса, кейинги президентлар ҳам шу йўлдан бориб давлатимиз ривожланиш йўлига тушади.
Замирахон Ибайдуллаева, уй бекаси
Янги давлат раҳбари Қирғизистонимизни ривожлантиради, деб ўйлайман. Бунгача бўлган президентлар бир оз муддат яхши ишлаб, кейин адолатсиз бошқарувни афзал кўришди. Ҳокимият ҳар қандай инсонни тўғри йўлдан қайтарар экан.
Агар президентлар холис, сидқидилдан халқим учун деб ишлaса, адолатли сиёсат олиб борса, халқ ардоғида бўлади. Бизда, афсус, ундай бўлмаяпти.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Садир Жапаров давлатимизда иш ўринларини яратса, Россияга кетаётган ёшларимиз ўзимизда ишларди. Навқирон йигит-қизлар оилаларидан узоқда ишлашга мажбур бўлишаяпти. Соғлигини йўқотишаяпти. Дард орттириб келишаяпти.
Давлатимизда энди нотинчлик, қўзғолонлар бўлмасин. Бас, етар. Биз ҳам ривожланиб, яхши шароитда яшашга ҳақлимиз.
Экспертлар нима дейди?

Сурат манбаси, BBC
Равшан Жээнбеков, таҳлилчи
Янги президентга ваъдаларини бажариш жуда қийин бўлади. Ҳозир жамият, янги президент тарафдорлари тарафидан унга бўлган умид, талаб жуда катта. Ҳамма тез ўзгаришлар, муваффақият ва натижаларни кутаяпти. Уларнинг барчасини амалга ошириш президентга имконсиз. Сабаби, бугунги кунда иқтисод ўн фоиз орқага кетди. Ишсизлик кучайган. Ижтимоий вазият оғир. Бюджет инқирозда. Хориж давлатлари бизга ёрдам беришда эҳтиёт бўлишмоқда. Шу фонда бугунги кундаги жамиятнинг, президентга овоз берганларнинг ва тарафдорларининг талабини бажариш қийин. Бу йил янги президент, давлат учун оғир йил бўлади ва яна қайта ижтимоий норозилик кучайиши мумкин.
Ички сиёсатда президент ва унинг командаси адолатли ва қонуний сиёсат олиб бориб, ислоҳотларни амалга ошириши керак. Буларнинг барчасини бажариш қийин. Сабаби, президентнинг тарафдорлари кўплаб инсонлардан ўч олиб, қамоққа олиш ва сиёсатга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилади.
Иккинчи навбатда, ички сиёсатимизда кўп ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий қийинчиликлар бор. Масалан, бугунги кунда ўз вақтида ойлик ва нафақа пулини бериш бюджетга малол келмоқда. Уни қандай тўлайди, бу катта муаммо. Бизда камбағаллик масаласи жуда оғир. Халқимиз қийналиб яшаяпти.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Ҳар бир давлатда халқнинг ишончини оқлаш, берган ваъдаларни бажариш учун энг аввало фикрлар, дастур ва команда муҳим. Буларнинг барчаси ҳозирги президентда борми ёки йўқ ва буларни туза оладими? Бу президентнинг ўзига боғлиқ. Масалан, ҳозир кўп қамоққа олишлар бўлаяпти, порахўрлик, сиёсий масалалар бўйича. Бироқ, афсуски, давлатда умумий ислоҳотлар олиб борилмади. Суд, ҳуқуқ тартибот идоралари аввалгидек ҳокимиятга тобеъ. Шу фонда одамларни қамаш, уларни қўрқитиш, тадбиркорларга босим қилиш, порахўрлик билан курашиш бир қараганда халққа қизиқ, фойдалидек кўринади, бироз вақтдан кейин эса унинг акси бўлади.
Инаугурация маросими
Янги сайланган президентнинг қасамёд қабул қилиш маросими пойтахт Бишкекдаги Тўқтўғул Сатилғанов номидаги миллий филармонияда бўлиб ўтди.
Инаугурацияда мингга яқин одам, жамоат арбоблари, оддий фуқаролар ва маданият арбоблари иштирок этишди. Улар барчасининг тадбир олдидан коронавирус тестидан ўтказилгани айтилди.
Тантанали маросимда 4 октябрь куни бўлиб ўтган баҳсли парламент сайловларидан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлган собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳам иштирок этди.
Шунингдек, инаугурацияда 2010 йилнинг апрелида Қирғизистонда юз берган халқ инқилобидан кейин давлатни қарийб икки йил бошқарган собиқ президент Роза Отунбаева ҳам қатнашди.
Қасамёд қабул қилганидан кейин халққа мурожаат қилган президент Садир Жапаров "бу сафар халқнинг ғалабаси ўғирланмайди", деб ваъда берган.

Сурат манбаси, official
"Биз қисқа вақт ичида "Осиёнинг Швейцарияси" бўлишни орзу қилардик. Ҳар олти йилда тинч йўл билан ҳокимият алмашинишини, ҳар олти йилда мамлакатимизнинг улкан ютуқларини нишонлаб, фуқароларимизнинг турмуш даражасини кўтарилишига, ҳар бир оиланинг яхшилигига шерик бўлиб, хурсанд бўлишни орзу қилардик. Биз парламентаризм ғояларини нотўғри тушуниб, умумий сиёсий онг ва сиёсий маданиятни шакллантириш истагини оддий бизнес лойиҳасига айлантирдик. Афсуски, сўнгги ўттиз йил ичида бизнинг жамиятимиздаги бир неча гуруҳгина бойиб кетди, хусусийлаштириш жараёнидаги муваффақиятсизликлар, иқтисодий хатолар миллий манфаатларимизга тўсқинлик қилди. Натижада одамлар тоқати тоқ бўлди. Бу орада минглаб ватандошларим "муҳожир" деб номланиб, қашшоқлик ботқоғидан чиқолмаётгани, халқим тарқоқлиги ва бу ҳодиса тинимсиз давом этаётгани мени хафа қилади! Сабрнинг ҳам чегараси бор. Шу сабабли, халқ 5 октябрда ҳукуматнинг якуний истеъфосини талаб қилиб, оммавий сайловлар натижаларини бекор қилишни талаб қилиши табиий ҳолга айланди. "Бу сафар халқнинг ғалабаси ўғирланмайди ва эзгу орзу-умидлари тортиб олинмайди!", деган президент Садир Жапаров.
Янги давлат раҳбари мамлакат оғир иқтисодий аҳволда эканлигини таъкидлаб, бу ҳолатдан чиқиш осон бўлмаслигини, халқ бирлиги орқали фаровон турмуш тарзига эришишлик мумкинлигини қўшимча қилган.
Кўпқутбли ташқи сиёсат

Сурат манбаси, official
Президент Қирғизистон ташқи сиёсати кўпвекторли йўналишда давом этиб, Европа, Америка ва Осиё мамлакатлари билан яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилишини ва халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъкидлади.
"Қирғизистондаги сиёсий вазиятни диққат билан кузатиб борган ва нотинч воқеалардан самимий хавотир билдирган давлатлар, хусусан, Россиядан миннатдормиз. Ўзлари пандемиядан азоб чекаётган бир пайтда, қирғиз халқига ёрдам беришга ошиққан қўшниларимиз Ўзбекистон ва Қозоғистонни эътироф этмасак бўлмайди. Ушбу мамлакатлар билан тарихимиз ва тақдиримиз ҳам умумий. Шунинг учун ушбу стратегик шериклар билан ҳар томонлама алоқаларимизни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва маданий алоқаларни давом эттириш - ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу йўналишдаги давлатлар сафига Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва Туркияни ҳам қўшмоқчиман. Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида тобора ўсиб бораётган қўшнимиз Хитой Марказий Осиё, жумладан, Қирғизистон иқтисодиётига ижобий таъсирини кўрсатади, деб умид қиламиз. Кўп асрлик қўшничилик алоқаларидан ўзаро муносабатларни яхшилашда фойдаланиб, ушбу тажрибани йилдан-йилга бойитиб боришни давом эттиришимиз керак. Бизнинг ташқи сиёсатимиз кўпвекторлик йўналишидан четга чиқмайди", дея таъкидлаган Садир Жапаров.
Қасамёд қабул қилиш маросимига бирор бир хориж давлати президентлари таклиф қилинмаган. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг табригини ўқиб, эшиттирди. Мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг табригини ҳам унинг вакили ўқиди.
Инаугурация ва пикет
Қасамёд маросими ўтаётган миллий филармония биноси олдида пикет ўтказган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси ва президентликка номзод Абдил Сегизбаевнинг тарафдорлари қўлга олинган.
Кейинрок милиция қўлга олинганларга баённома тузиб, уларни қўйиб юборган.
Собиқ чекист Абдил Сегизбоев уч кун аввал ҳибсга олинган эди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, Сегизбаев "хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш" да айбланмоқда.
Шунингдек, у президентлик сайловида номзод сифатида ҳам қатнашган ва Садир Жапаровнинг кучли танқидчиларидан бири бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















