Янги Бош вазир ҳоким укасини ишдан бўшатди – Ўзбекистон, минтақа ва сиёсат, Qirg’iziston, Oʼzbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Янги Бош вазир ҳоким укасини ишдан бўшатди - у бу ишни манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун қилганини айтди. Садир Жапаров эса, президент сайловида ютиб чиқиши ортиданоқ, бирор бир қариндоши ёки яқин шеригини давлат бошқарувига аралаштирмаслигини баён қилганди. Бу минтақадаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмади.
Хабарларга кўра, Улуғбек Мариповнинг укаси бунгача Қирғизистоннинг жанубий Ўш вилояти Новқат тумани ҳокими бўлиб ишлаган.
Ўз укасини ишдан бўшатиш - унинг янги Бош вазирлик лавозимида берган илк қарорларидан бири бўлган.
Қирғизистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ижро ҳокимиятининг бир қисми ҳисобланади ва бевосита мамлакат Бош вазирига бўйсинади.
42 ёшли Улуғбек Марипов бошчилигидаги янги қирғиз ҳукумати шу йил 3 февраль куни расман қасамёд келтирган ва иш бошлаганди.
Сўнгги янгилик шу соатларда Ўзбекистон илова қатор минтақавий нашрларнинг диққат-эътиборини ҳам ўзига тортганини кўриш мумкин бўлган.
Қирғизистонда сўнгги ўн йил давомида парламент бошқаруви амал қилиб келган.
Минтақада бошқарувнинг парламент шаклига ўтган биринчи ва ягона давлати бўлган.
Аммо шу йил 10 январь кунги президент сайлови билан бир вақтда бўлиб ўтган референдумда Қирғизистон ҳам президент бошқарувига қайтиш учун овоз берган.
Сайловдаги ғалабаси ортидан қилган илк чиқишида эса, Қирғизистоннинг янги президенти Садир Жапаров, "аввалги ҳокимиятнинг хатоларини такрорламасликлари"ни баён қилган.
"Ҳукумат эшиклари ҳар доим халқ учун очиқ бўлиши, сиёсий таъқибларга йўл қўйилмаслиги"ни ваъда қилган.
"Янги ҳокимият тузилиши, янги парламент бўлиши, кейин ислоҳотлар бошланиши"ни айтган.
Бунинг ортидан, бирор бир қариндоши ёки яқин шеригининг давлат бошқарувига аралашмаслигини таъкидлаган.
"Худо хоҳласа, мен давлатни неча йил бошқарсам ҳам, фақат ўзим бошқараман", - дея баён қилганди.
Минтақа ва сиёсат

Сурат манбаси, GettyImages/Yves Forestier
Бу каби анъана деярли барча Марказий Осиё давлатларига бирдек хос эса-да, айнан Ўзбекистон уларнинг орасидан биринчи президенти тўнғич қизининг коррупцияга боғлиқ можаролари билан ҳатто халқаро миқёсда тилга тушгани бўлади.
Худди шу боис ҳам ислоҳотчи эканини аввалбошдан баён қилган, кенг қамровли ислоҳотларини эълон қилиб улгурган эса-да, янги Ўзбекистон Президенти икки қизининг ҳам қисқа вақтнинг ўзида мамлакат сиёсий саҳнасида пайдо бўлиши қарама-қарши талқин, баҳо ва муносабатларга сабаб бўлган.
Бир томондан, Ўзбекистонда яна ўша тарихнинг такрорланишига оид хавотирлар бўй кўрсатган. Ҳозирда марҳум биринчи президент қизлари билан паралеллар чизилган.
Улар турмуш ўртоқларининг ҳам кетма-кет янги лавозимларга тайинлангани кузатилган.
Бу ҳам Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви давридаги янги тайинловлар билан боғлиқ кибер фазода қарама-қарши муносабатларга сабаб воқеъликлардан бирига айланган.
Бошқа тарафдан, айниқса, аллақачон реформатор президент отаси ислоҳотларининг тарғиботчиси сифатида танилиб улгурган Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистондаги кенг ислоҳотлар, Ўзбекистонни дунёга очиш, демократлаштириш жараёнида муҳим ўрин тутишига оид фикрларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Таъбир жоиз, ана шу "мерос" фонида бу каби масъулият улар зиммаларидаги тарихий синов эканига оид баҳолар янграган.
Аммо Ўзбекистондаги эркинликлар, шаффофият ва демократик жараёнлар билан боғлиқ вазиятни назарда тутаркан, икковлоннинг бу синовдан қанчалик муваффақиятли ўта олиши ҳозирча вақт ихтиёридаги масаласи эканига оид башоратлар ҳам аллақачон бўй кўрсатиб бўлган.

Сурат манбаси, facebook/official
Ўзининг чиқишларидан янги Ўзбекистон Президенти тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг ҳам кибер фазодаги, таъбир жоиз, гап-сўзлардан яхши хабардор экани кўрилган.
Саида Мирзиёева ўзи мустақил Ўзбекистон биринчи Президенти(ҳозирда марҳум - таҳр.) тўнғич қизи Гулнора Каримовага қиёс берилган баҳоларни расман ва ошкора рад этган.
У ўз сўзида тарихни яхши билиши ва у такрорланмаслигини айтган.
"Мен давлат лавозимида ишлаганимда ва бугун янги фондда иш бошлаётганимда турли танқидий ўхшатишларга учрадим. Имкониятдан фойдаланиб, сизларни ишонтириб, шуни айтмоқчиманки, мен ўзимдаги бутун масъулиятни яхши тушуниб турибман. Мен отам олиб бораётган ислоҳотларда фойдали бўлиш учун максимал даражада ҳаракат қиламан", деган.
Саида Мирзиёева ўз сўзида давом этаркан, тарихдан хулоса чиқарганини ҳам алоҳида қайд этган.
"Биз тарихни ўргандик, хатоларни ҳам. Улар бизни асл мақсаддан чалғитмаслиги керак. Бир нарсани айта оламан: Президентнинг қизи бўлиш алоҳида имконият эмас, у жавобгарлик. Мен буни яхши англайман", деб айтганди.*
Саида Мирзиёева Ўзбекистонда асосан расмий минбарлардан нутқ сўзлайдиган давлат раҳбарининг ҳозиргача кўрилмаган инсоний қиёфасини, таъбир жоиз, кенг оммага очиш ва намоён этишга муваффақ бўлган инсон ҳам саналади.
Унинг ўз мақомларида экан, турли хайрия лойиҳаларига бошчилик қилаётгани, Ўзбекистон ташқи имижини яхшилашга қаратилган тадбирларга қўл ураётгани, ўз оиласини янада халққа яқинлаштириш саъй-ҳаракатида экани кўрилади.
Саида Мирзиёева ўзининг турли ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари - аккаунтларини ҳам анчайин фаоллик билан юритади. Таъбир жоиз, буларнинг барчаси, ҳамда бунга қўшимча ўзи ва идораси қилаётган ишлар борасида энг аввало айни шу акаунтлари орқали маълумот бериб боради.

Сурат манбаси, official
Президентнинг кичик қизи бўлган Шаҳноза Мирзиёева эса, ҳозир Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи бўлади.
Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида опасидан аввалроқ иш бошлаган. Шавкат Мирзиёев расман қудратга келишидан йил ўтиб, вазирлик тизимида Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган.
Телевидение орқали намойиш этилувчи хабарлар ва вазирлик сайтида Шаҳноза Мирзиёева асосан боғчалар очилиши, мактабгача таълим борасидаги анжуман ва тадбирларда иштирок этаётган қиёфада намоён бўлади.
Маҳаллий кузатувчилар орасида эса, президент кичик қизининг бу лавозимга тайин этилишини янги вазирлик фаолиятини юриштириб олиш, вазирликка аввалбошдан кенг жамотчилик ишончини уйғотиш ҳаракати сифатида баҳо берганлари ҳам йўқ эмас.
Қизларининг бу лавозимларга тайинланишига Президент Шавкат Мирзиёев ҳалича расман ошкора бир муносабат билдирмаган.
Президентлар ва уларнинг фарзандлари

Сурат манбаси, facebook/official
Сўнгги йилларда минтақа давлатлари бўладими ёки дунё, президент оилаларининг мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик фаоллашиб бораётгани таҳлилчиларнинг алоҳида эътиборларига молик мавзулардан бирига айлангани кўрилади.
Турли ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб воқеълик экани кузатилади.
Кимдир буни бошқарувдаги тизим табиати, президент отанинг қудратига йўйаётган бўлса, бошқаси бунга қобилияти, салоҳияти бўлса, нега йўқ, у ҳам ўша мамлакатнинг бир фуқароси, қаддини урсин, омадини берсин, деган муносабатда экани англашилади.
Яна бирларининг президентлар фарзандлари билан боғлиқ воқеалар ривожини "хайрлиси бўлсин", дея анчайин "хавотир" билан кузатиб турганликлари маълум бўлади.
Сиёсий таҳлилчилар эса, ўз таҳлилларида ҳали-ҳануз анчайин эҳтиёткор мавқеъда, уларга кўра президент отанинг қизи бўладими, куёви ёки ўғли, ўз яқинларини ишга олиши ҳуқуқчилик нуқта назридан манфаатлар тўқнашуви талқинида мақбул иш бўлмаслиги мумкин.
Аммо таҳлилчилар баҳоси, танқидчилар танқиди ва оддий одамларнинг қизғин акс-садоларига қарамай, бу каби тажриба ҳануз амалда.
Дейлик, халқаро баҳоларда дунёнинг энг демократик иккита давлатидан биттаси сифатида кўрилувчи Америка Қўшма Штатларида президент Дональд Трамп қизи Иванканинг қанчалик сиёсий фаоллиги, йилларки, баҳсу мунозаралар марказида бўлиб келган.
Минтақада нима гап?

Сурат манбаси, facebook/official
Фақат Ўзбекистон эмас, қолган аксарият минтақа давлатларида ҳам президентлар фарзандларининг бир ёки бирваракайига бир нечта лавозимни эгаллаб келишгани ёки туришгани кузатилган ва ҳамон кузатилади.
Қирғизистоннинг сўнгги халқ инқилоби ортидан, истеъфо беришга мажбур бўлган президенти бир қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлади.
Қирғиз-Россия славян университети битирувчиси бўлган қизи ўғлининг тарбияси билан банд, куёви президент маъмуриятида эксперт бўлиб ишлаган.
Рафиқаси ҳақидаги саволган жавоб бераркан, Қирғизистон собиқ президенти унинг кўпроқ фарзандлари тарбияси ва кичиккина фермерлик хўжалиги юмушларида банд экани, диққат-эътиборда бўлишни ёқтирмаслиги, фақат зарур бўлган ҳоллардагина жамоатчилик кўз ўнгида кўриниш беришини айтган.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмон президент маъмуриятининг раҳбари.
Тўнғич ўғли Рустам Эмомали ян бошқа қатор лавозимлари билан бирга, Сенат раиси ва Душанбе шаҳар ҳокими.
Мамлакатда президент отасидан кейин иккита қудратли шахсдан биттаси саналади.

Сурат манбаси, official
Қозоғистон Президенти Қасим Жомарт Тоқаев ёлғиз ўғлининг суратлари ўтган йил охирида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.
Ўшанда бўй кўрсатган хабарларда Тимур Тоқаевнинг сиёсий фанлар номзоди ва бизнесмен экани айтилган.
Айрим интернет нашрлари ундан олти йил аввалги хабарларга таяниб, Қозоғистон президенти ўғлининг "Аби Петролеум Кэпитал" ширкати ҳамасосчиси экани ҳақида ҳам ёзишган.
Тимур Тоқаев яна бобоси, таниқли ёзувчи - Кемел Тоқаев номидаги хайрия жамғармаси асосчиси сифтида ҳам тилга олинган.
Аммо Қозоғистон президенти ёлғиз фарзандига оид расмий маълумотлар имконли бўлган очиқ манбаларда кам.
Қозоғистон президентининг ёлғиз - ўз оиласидан ажрашгани айтилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон президентининг фарзандлари орасидан энг кўп ўғли - Сардор Бердимуҳаммедов билан боғлиқ хабарлар минтақавий интернет нашрлари диққат-эътиборига тушган.
Қизлари ва Туркманистон биринчи хоними ҳақида расмий хабарлар деярли имконсиз. Кибер фазода борлари эса, кўпинча тахмин ва фаразларга таянгани кўрилади.
Президентлар даражасидаги расмий тадбирлар, учрашувлар ва кутиб олиш маросимларида ҳам Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ёлғиз кўриниш бериши одатий тус олган.
Дейлик, Туркманистон Саноат ва қурилиш вазири бўлган Сардор Бердимуҳаммедов ўтган йил 1 май куни "Туркман Алабай итлари" уюшмаси раиси этиб ҳам сайланган.
Буларнинг барчаси эса, аллақачон "Марказий Осиё: демократиями ва ё монархия, Марказий Осиёда демократия ишлайдими? Балки хонликлар ва бекликларга қайтиш маъқулдир?", - каби саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Бошқа томондан, таҳлилчилар диққат-маркази ва хулосасидаги бу каби саволлар ҳалича бирор бир минтақа давлати оммавий-ахборот воситаларида ўзининг таҳлилий талқини, баҳосини топмаган.
Оддий аҳоли, оддий одамларнинг бу хусусдаги фикр, мулоҳаза ва муносабатлари ҳам аксарият ҳолларда ўзаро суҳбатлар ёки ижтимоий мулоқот тармоқларидаги коментлардан нарига ўтмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













