You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Супермодел Ҳалима: Диним, эътиқодим учун шон-шуҳратдан воз кечдим - Ислом ва мусулмонлар, dunyo, Islom dini, musulmonlar, yangiliklar
Супермодел Ҳалима: Диним, эътиқодим учун шон-шуҳратдан воз кечдим - Ҳалима Vogue журнали муқоваларини эгаллаган биринчи ҳижобли модел бўлади. Уни ҳижобдаги новатор супермодел, деб ҳам аташган. Ҳалима бирданига ҳаммасидан воз кечди.
"Ишимдан нега воз кечдим"
Биринчи ҳижоб ўровчи супермодел Ҳалима Аден Ислом динига мос келмайди, дея ноябрь ойида мода саноатини тарк этган эди. Би-би-сининг "Global Religion" дастури мухбири Судоба Ҳайдарига берган эксклюзив интервьюсида у ўзининг қандай қилиб моделга айлангани ва не боис бу соҳадан кетгани ҳақида гапириб берди.
Ҳалима 23 ёшда, АҚШнинг Миннесота штатидаги Сент Клауд шаҳрида сомалиликлар орасида улғайган. У ҳозир шу ерда, одмигина либосда, ҳеч қандай макияжсиз, кучуги Кокони эркалаб турибди.
"Мен Ҳалима, Какумаданман", дейди у ўзи туғилган Кениядаги қочқинлар лагери номини айтиб. Бошқалар уни ҳижобдаги новатор супермодел ёки "Vogue" журнали муқоваларини эгаллаган биринчи ҳижобли модел дейди. Аммо Ҳалима икки ой аввал буларнинг баридан воз кечди ва мода саноати исломий эътиқодга зид деди.
"Биринчи марта ўзимни ноқулай ҳис қилмай интервью беришим, - деб кулади у. - Чунки ноқулай либосда 10 соатлаб тайёргарлик кўрмадим."
Ҳижобли модел сифатида Ҳалима либосларини танлашда инжиқ эди. Карьераси аввалида у узун кўйлак ва юбкаларини, ҳижобларини чемоданига солиб юрарди. У ўзининг оддий қора ҳижобини биринчи марта Рианнанинг "Fenty Beauty" маҳсулоти учун кампанияда кийган эди.
Шунга қарамай, унинг ҳар бир тасвирга олишда ҳижоб кийиши муҳокама қилинмас эди. Бу унинг учун шу қадар муҳим эдики, 2017 йили дунёдаги энг йирик моделлар агентлиги билан шартнома имзолаганда унга ҳижобни ҳеч қачон ечмаслиги ҳақидаги бандни қўштирган эди. Ҳижоби унинг учун бир дунё эди.
"Шундай қизлар бор моделликка шартнома имзолаш учун ўлишга тайёр, мен эса шартим қабул қилинмаса, индамай кетишга тайёр эдим", дейди у.
Ўша вақтда уни ҳеч ким танимаслиги, у "ҳеч ким" бўлганига қарамай шундай қилди.
Аммо вақт ўтиб, у ўзи киядиган кийимларни назорат қилиши оғирлаша борди ва бошиданоқ рад қилгани бошни шунчаки ёпадиган рўмолларни ҳам қабул қилди.
"Алал-оқибат ўз талабларимдан узоқлашдим, тасвир гуруҳи менинг ҳижобим стилини белгилашига қўйиб бердим."
Карьерасининг сўнгги йилида унинг ҳижоби борган сари кичрая борди, баъзида бўйин ва кўкраклари билинар ҳолга келди. Гоҳида ҳижоб ўрнига жинси ёки бошқа матоларни бошига ўраб чиқарди.
Ҳалиманинг шартномасидаги яна бир бандда унинг кийиниши учун холи жой бўлиши кўзда тутилган эди.
Аммо у кейинчалик бошқа ҳижобли моделлар ҳам мода саноатига кириб келгани, аммо уларга ўзига қилингандек муносабат қилинмаётганини кўрди. Уларга либосини алиштириш учун ювиниш хонасига боришни айтаётганларига ҳам гувоҳ бўларди.
"Бу менга ёқмасди ва мен, Xудойим, бу қизларни ўзимга эргаштириб, арслоннинг чангалига олиб борадиган эшикни очиб қўйибман-ку деб ўйладим."
У ўзига эргашганлар ҳам унингдек ҳуқуққа эга бўлишини кутганди ва бу уларга нисбатан ҳимоя туйғуларини янада кучайтирди.
"Уларнинг кўпи шу қадар ёш эдики, бу саноат улар учун жуда таҳликали бўлиши мумкин эди. Ҳатто биз иштирок этган кечаларда ҳам ўзимни доим катта опадек тутиб, атрофида эркаклар парвона бўлиб юрган ҳижобли моделни қўлидан тортиб, ундан ким билан бўлганини ҳам сўрардим. Бу тўғри эмас, у ҳали бола-ку, деб ўйлар эдим."
Ҳалиманинг бу тахлит масъулият ва жамоавийлик туйғуси унинг сомалилик илдизларига бориб уланарди.
Шимолий ғарбий Кениядаги Какума лагерида ўтган болалик чоғидаёқ онаси унга қаттиқ ишлаш ва бошқаларга ёрдам беришга ўргатган. Бу тарбия Ҳалима етти яшарлигида улар АҚШдаги энг катта сомали диаспораси жойлашган Миннесотага кўчиб ўтганларида ҳам давом этди.
Ҳалима мактабда илк ҳижобли аълочи малика (мактабдаги энг илғор ўқувчиларга бериладиган даража) бўлди.
У 2016 йили Мисс Миннесота танловида қатнашди ва илк ҳижобли иштирокчи бўлиб, ярим финалга чиқа олди.
Сўнг, онасини ранжитиб, у модел бўлишга қарор қилди. Унинг онаси бу касб Ҳалиманинг шахсига - қора танли, мусулмон ва қочқинлигига тўғри келмаслигини ҳис қиларди.
Ҳатто у "Yeezy" ва "Max Mara" брендлари учун дунёнинг энг катта подиумларида юришни бошлаганда ёки АҚШ гўзали танловида ҳакамлардан бири бўлганида ҳам онаси унга ўзига мос иш топишни маслаҳат берар эди.
Ҳалима қилаётган ишнинг гуманитар жиҳати онасини бир қадар кўнглини ҳотиржам қилар эди. 12 кун давомида қочқин бўлиб Сомалидан Кенияга яхши ҳаёт илинжида юриб борганида у ўзгаларга ёрдам бериш қанчалик муҳимлигини билган.
"У менга "агар бир нима бермаса, моделлик қила олмайсан", деди. IMG билан биринчи учрашувимда уларга мени Unicef га олиб боришларини сўрадим", дейди Ҳалима.
IMG бу борада уни қўллаб-қувватлади ва Ҳалима 2018 йили Unicef элчиси бўлди. Унинг болалиги қочқинлар лагерида ўтгани учун иши ҳам болалар ҳуқуқларига дахлдор бўлиб қолди.
"Онам мени ҳеч қачон модел ёки журнал муқовасида сурати босиладиган қиз сифатида кўрмаган. У мени қиз болалар учун умид маёғи сифатида кўрган ва доим мени улар учун намуна бўлишга ундаган."
Ҳалима бошқалар эътиборини қочқин болаларга қаратишни ва болаларга эса, агар мен қочқинлар лагеридан чиқиб кета олган бўлсам, сизлар ҳам шундай қила оласизлар деб кўрсатишни истарди.
Аммо Unicef у кутгандек бўлиб чиқмади.
2018 йилда, Unicef элчиси бўлганидан кўп ўтмай, у Какума лагерига Ted Talk сўзлаш учун борди.
"Мен болалар билан учрашиб, улардан "ҳаммаси аввалгидекми, ҳозир ҳам бу ерга келганлар олдида рақсга тушишга мажбурмисиз?" деб сўрадим. Улар "Ҳа, аммо бу сафар улар олиб келадиган бошқа машҳур одамлар олдида эмас, сизнинг олдингизда рақсга тушяпмиз", дедилар."
Ҳалима ўзини айбдордек ҳис қилди. У ҳозир ҳам лагерга келган машҳур шахслар учун қўшиқ куйлаб, рақсга тушганларини эслайди.
"БМТ ходимлари мени нималар бўлишига тайёрлаган эди. Ана шу ташкилот шарофати билан ўзимга келдим."
Унга бу ташкилот болалар таълимидан кўра, ўзининг брендига кўпроқ эътибор қаратаётгандек кўринди.
"Мен ўз исмимни ёза олмайдиган вақтларимда ҳам Unicef, деб ёза олардим. Исмимни ёзиш учун Ҳ қўярдим, - дейди у. - Миннесота менга биринчи китобни, биринчи қаламни, биринчи сумкани берди. Unicef эмас."
У ишидан кетгандан буён ҳаммаси ўзгарди, деб ҳисоблайди.
Ноябрь ойида у Жаҳон болалар куни муносабати билан Какумадаги болаларга видео қўнғироқ қилганида, бу тарзда ортиқ ишлай олмаслигига амин бўлди. Пандемия даврида, қишда уларни кўриш жуда оғир бўларди.
"Болаларга гапириб бўлгач, менда кучли ўзгариш бўлди", дейди у.
"Мен шунчаки ноҳукумат ташкилот "менинг жасорат ва умид ҳақидаги ҳикоям"дан фойдаланишига чек қўйишга қарор қилдим."
Unicef USA Би-би-сига шундай деди: "Биз [Ҳалиманинг] уч ярим йиллик ҳамкорлиги ва қўлловидан миннатдормиз. Унинг бардош ва умидга йўғрилган ҳикояси ҳар бир боланинг ҳуқуқи учун курашиш ҳақидаги қарашларини шакллантирди. Ҳалима билан ишлаш Unicef учун фахрли иш бўлди. Биз Ҳалимага келгуси ишлари учун энг яхши тилакларни билдирамиз."
Моделлик карьераси ҳам Ҳалимада шубҳаларни орттира борди.
Мода саноатида Ҳалимага қизиқиш ортар экан, унинг оиласи билан ўтказадиган вақти ҳам қисқариб борди, исломий байрам кунлари ҳам у уйидан узоқда бўлди.
"Карьерамнинг илк йили Pамазон ойи ва Ҳайитини уйда ўтказа олдим, аммо охирги уч йилда сафарда бўлдим. Баъзида ҳафтасига 6-7 марта парвоз қилишимга тўғри келарди. Бу жараён тўхтай демасди."
2019 йили сентябрида унинг кўз-қовоқлари қизил ва яшилга бўялган сурати "King Kong" журнали муқовасини эгаллади. Юзини эса худди ниқоб тақилгандек деярли тақинчоқ қоплаб турарди.
"Стил ва макияж қўрқинчли эди. Меннинг оқ танли эркак назаридаги фетиш версиям эди бу", дейди у.
Уни даҳшатга солиб, журналнинг айни шу сонида яланғоч эркакнинг ҳам сурати чиққан.
"Журнал нима сабабдан ҳижобли мусулмон аёлнинг суратидан кейинги саҳифада яланғоч эркак расмини бериш мумкин деб ўйлади?", сўрайди у. Ҳамма нарса унинг ишончига терс кетаётган эди.
King Kong Би-би-сига шундай деди: "Биз ҳамкорлик қиладиган рассомлар, суратчилар ва ёзувчилар ўзларини кимгадир ёқадиган ва яна кимгадир провокатив тарзда кўринадиган шаклда ифода қилишади, аммо улар ўзлари ёритаётган мавзу ва моделни доим ҳурмат қилишади."
"Ҳалима биз билан ҳамкорликда қилган ишидан пушаймондалигидан ва ўша сонда унга ёқмайдиган суратлар чиққанидан афсусдамиз. Аммо у суратларнинг унинг чиқишига алоқаси йўқ эди."
Ҳалиманинг айтишича, у тасвирга олишлар орасида сафарларга чиққанда ўз суратини аэропортдаги журналларда кўрганида ўзини зўрға танирди.
"Ҳеч қандай ҳаяжонга тушмасдим, чунки унда ўзимни кўрмасдим. Бошқа бир одам бўлиб кўриниш қанчалик руҳан зарарли эканини биласизми? Бу мен, менинг суратим бўлгани учун ўзимни хурсанд, мамнун ҳис қилишим керак эди, аммо мен ундан тамоман узоқ эдим."
"Менинг карьерам гўё чўққисида эди, аммо руҳан бахтсиз эдим."
Бошқа муаммолар ҳам бор эди - унинг ҳижоб ҳақидаги қоидаси узилар қадар чўзилаётган ва бошқа ҳижобли моделларга муносабат кўнгилдагидек эмасди.
Коронавирус пандемияси ҳамма нарсага масофадан қараш имконини берди. Ковид-19 модалар учун тасвирга олишларни, подиумдаги шоуларни тўхтатди, у вақтини онаси билан ўтказиш учун Сент Клоудга қайтди. У онасига аввалгидек жуда яқин эди.
"2021 йил ҳақида ўйласам, асабийлашардим, чунки оилам билан уйда бўлиш, дўстларни яна кўриш менга жуда ёқарди", дейди у.
Ана шулар унинг ноябрь ойида моделлик касби ва Unicef даги ишидан кетишига сабабини изоҳлайди.
"Ковид берган ана шу имкониятдан миннатдорман. Биз ўз карьерамиз ҳақида ўйлашимиз ва ўзимизга ўзимиз "бу менга чинакам бахт беряптими, шодлик беряптими?" деб савол беряпмиз", дейди у.
Унинг онаси дуолари ниҳоят ижобат бўлди. У шу қадар хурсанд эдики, ҳатто қизи билан суратга тушишга рози бўлди.
"Мен модел эканимда онам ҳар қандай суратга тушишни рад қиларди. У мени ўзимнинг ижодий муҳитимда кўришини истардим", дейди Ҳалима.
"Мен аввало ундан илҳом олардим, унинг қизи бўлганимдан Аллоҳга шукр қиламан. У ҳақиқатда ажойиб ва бардошли аёл."
Фото сессия Ҳалима севадиган ягона машғулот эмас. У яқиндагина Афғонистондаги урушдан қочганларнинг ҳақиқий ҳикояси асосида олинган фильмга ижрочи продюсер бўлди. I Am You фильми март ойида Apple TV да намойиш этилади.
"Фильмимиз Оскар учун даъвогар бўлармикан, шуни ҳаяжон билан кутяпмиз", дейди у.
Unicef дан кетгани Ҳалима хайрия ишларини тўхтатиб қўйганини билдирмайди.
"Мен кўнгилли бўлишни тўхтатмоқчи эмасман, - дейди у. - Мен дунёга модел сифатида керакман деб ўйламайман. Мен унга Какунадан келган Ҳалима сифатида керакман. Бир пенснинг ва жамоанинг ҳақиқий қийматини биладиган инсон сифатида керакман.
Аммо у аввал бироз танаффус қилиши керак.
"Биласиз, ҳеч қачон рисоладагидек таътилга чиқмаганман. Мен ўз руҳий соғлиғим ва оиламни юқори қўймоқчиман. Мен шунчаки яшамаяпман, ўсяпман. Ўз руҳий саломатлигимни текширтириб, терапия учун вақт олмоқчиман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek