You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Тожикистонга газ, Қирғизистонга эса шифохона – видео, янгиликлар
Ўзбекистон 10 йиллик танаффусдан сўнг Тожикистоннинг шимолий Сўғд вилоятига табиий газ етказиб бера бошлаган. Чироқчи туманида 12-16 соатгача электр таъминотида режасиз узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берилди.
Тожикистондаги қатор нашрлар 23 декабрь куни Ўзбекистондан газ етказиб берувчи қувурнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида ёзган.
Хабарларга кўра, ўзбек гази билан, аввало, саноат корхоналари таъминланади.
Кейинроқ, газ аҳоли хонадонларига ҳам етказиб берила бошланади.
- Ўзбекистон: 300 минг одамнинг манфаатини деб иқтисодиётни хавфга қўймаслигимиз керак – Алишер Қодиров яна автосаноат ҳақида, янгиликлар
- Ўзбекистон: UzAuto Motors иши, oйига $200 дан кам пул жўнатаётган мигрантлар уйига қайтарилади – ҳоким, янгиликлар
- Ўзбекистон: Газ қазиб олишга катта маблағ сарфланишига қарамасдан у нега йилдан йилга камаймоқда?
Етказиб бериш ишларига масъул бўлган Тожикистоннинг "Суғдиёнгаз" компанияси раҳбари Абдулҳаким Суфиев Ўзбекистон томони 1,000 куб метр газни $130 дан сотишга тайёр экани ҳақида гапирган.
Суфиевнинг сўзларига кўра, 10 йил аввал Тожикистоннинг айни ҳажмдаги ўзбек гази учун $340-$360 тўлашига тўғри келган, дея ёзмоқда Ациа-Плус нашри.
Тожикистон нашрларидаги эълон қилинган рақамларга таянилса, Сўғд вилояти саноат корхоналарининг табиий газга бўлган ойлик эҳтиёжи 2,4 миллион куб метрни ташкил этади.
Бироқ хабарларда Сўғдга импорт қилинажак ўзбек газининг умумий ҳажмига доир рақамлар келтирилмаган.
Ўзбекистон 2012 йилда Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатган эди.
Олти йиллик узилишдан сўнг - 2018 йил апрелидан Тожикистон яна Ўзбекистондан газ ола бошлаган.
2020 йилнинг январь ойида "Тожиктрансгаз" бош директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Шоимзода мамлакат 2019 йилда Ўзбекистондан $17,7 миллион қийматдаги 140 миллион куб метр табиий газ сотиб олганини маълум қилган.
Ўшанда Шоимзода, шунингдек, Тожикистон 2020 йилда ўзбек газини импорт қилишни 200 миллион куб метрга қадар оширишни режалаётгани ҳақида гапирган.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакат экспорт қилган табиий газнинг 5 фоизини Тожикистон сотиб олган.
Ушбу хабар Ўзбекистонда табиий газ ва электр тақчиллиги борасида аҳолининг шикоятлари авж олиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Муаммога шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам эътибор қаратиб, 16 декабрь куни масъулларга экспортни қисқартириб, биринчи навбатда, аҳолини газ билан таъминлашга кўрсатма берган эди.
Бунга қадар Бухоро туманлари ва Андижон шаҳрида, асосан, аёллардан иборат аҳоли вакиллари газ ва электр тақчиллигидан норозилик билдириб, катта йўлларни тўсиб қўйган эди.
Ўзбекистон Боткенда шифохона қурди
Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистон кўмаги билан қурилган юқумли касалликлар шифохонаси очилди.
Қадамжой туманида қурилган бу шифохонанинг очилиш маросимида ўзбекистонлик расмийлар ҳам иштирок этган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, шифохона икки мамлакатнинг COVID-19'га қарши кураш бўйича ҳамкорлиги доирасида барпо этилган.
Хабарда 200 ўринлик шифохонанинг қурилиши ва жиҳозланиши харажатлари тўлиқ Ўзбекистон томонидан қоплангани айтилади.
"Светчилар" судга берилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонасини судга берган.
Федерация корхонани электрни 8-12 соатга қадар режасиз узиб қўйишда айблаган.
Узилишлар вилоятнинг 9 туманида кузатилган.
23 декабрь куни ҳам федерация Қашқадарёнинг қатор ҳудудлари, хусусан, Чироқчи туманида 12-16 соатгача электр таъминотида режасиз узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Хабарда истеъмолчиларнинг ҳақ ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини юзага келтирган "Ҳудудий электр тармоқлари" бўйича судга даъво аризаларини киритиб борилаётгани қўшимча қилинган.
UzAutoMotors ва солиқ
2021 йилда Давлат бюджетининг 1,5 % даромад қисми "UzAutoMotors" АЖ томонидан тўланадиган солиқлар ҳисобига шакллантирилади.
Бу ҳақда Молия вазирлиги прогнозига таяниб, "Ўзавтосаноат" хабар бермоқда.
Хабарда сўнгги 3 йил ичида тўловларнинг кескин ўсиши муносабати билан автомобиль ишлаб чиқарувчи биринчи марта энг йирик 20 та солиқ тўловчилар қаторига киргани айтилади.
Маълум этилишича, "Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи корхоналар 2018-2020 йилларда давлат ғазнасига 9 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek