Ўзбекистон: Халқаро рейтингларга кириш асосий мақсад бўлмаслиги керак – II Халқаро рейтинглар форумида нималар муҳокама қилинди? Дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, official
10 декабрь куни Молия вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда "Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни баҳолаш: Халқаро рейтинг ва индекслар" мавзусидаги II Халқаро рейтинглар форуми ўтказилди. Унда Би-би-си мухбири ҳам иштирок этди.
Онлайн тарзда ташкилланган форумда БМТ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари вакиллари, хорижий давлатлар элчилари дохил 300 га яқин иштирокчилар қатнашди.
Форумнинг пленар йиғилишида чиқиш қилган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева анжуманни очиб берди.
Пленар йиғилиш давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, адлия вазири Русланбек Давлетов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, Париж сиёсий тадқиқотлар институтининг профессори Сергей Гуриев ва бошқалар маъруза ўқиди.
Форумнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий масалаларга бағишланган иккинчи қисмида эса ушбу соҳалардаги мавжуд ўзгаришлар ва муаммолар муҳокама қилинди.
Форумда асосий эътибор Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларини яхшилаш масаласига қаратилди.
Аммо пленар йиғилишда сўз олган Сергей Гуриевнинг сўзларига кўра, халқаро рейтингларга кириш мамлакатнинг асосий мақсади бўлиб қолмаслиги лозим.
"Рейтинглар шунчаки ўлчов, холос"

Сурат манбаси, videograb
Таниқли иқтисодчи олимнинг таъкидлашича, мамлакатларнинг халқаро рейтинглардаги ўз ўрнини яхшилашга интилиши ижобий ҳолат, аммо халқаро обрў ортидан қувиш билан чекланиб қолмаслик лозим. Йўқса, мамлакат борасида чалғитувчи тасаввур шаклланиб қолиши мумкин.
Гуриев мамлакатлар ва компаниялардаги бизнес муҳитини тадқиқ қилувчи Doing Business индексини мисол келтириб, халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келувчи давлатлардаги ички муҳит, аслида, абгор аҳволда бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзлаган.
"Биз Doing Business рейтингида энг юқори ўнталик, йигирматаликка кирувчи давлатлар ҳақида ўқиганимизда, бу мамлакатларда ҳануз юқори даражада коррупция мавжудлиги, хорижий инвестиция кирмаётганини кўрамиз", дея билдирган у.
Иқтисодчи олим халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат билан бир вақтда бизнес муҳитини тартибга солувчи ислоҳотлар ўтказиш, ҳар қандай ҳажмдаги бизнеслар фикрига қулоқ тутишни тавсия қилган.
"Ўзбекистон ғурур билан ўзи амалга ошираётган ислоҳотлари, рейтингларда юқорилаб бораётган топ йигирматаликка кирганини олқишламоқда. Бироқ рейтинглар шунчаки ўлчов эканини ёдда сақламоқ лозим. Муваффақиятнинг ҳақиқий кўрсаткичи - бу иқтисодий ўсиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадининг ўсишига эришиш", таъкидлаган Гуриев.
Пленар йиғилишда чиқиш қилган адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам Ўзбекистон учун халқаро рейтинг ва индексларда эгаллаб турган ўрни аҳамиятга эга экани, аммо бу бирламчи мақсад эмаслигини билдирган.
"Пировард мақсадимиз - ҳаётни енгиллаштириш, тизимни либераллаштириш, давлат органларининг масъулияти ва самарадорлигини ошириш", деган вазир.
"Тартибга солиш гилъотинаси"

Сурат манбаси, videograb
Шунингдек, Aдлия вазири сўнгги тўрт йил давомида 10 мингдан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ва булар мустақиллик даврида қабул қилинган ҳужжатларнинг 30 фоизини ташкил этиши, оқибатда, ҳуқуқшуносларга бўлган юклама ҳажми кескин ошганини тилга олган.
"Вазирлар Маҳкамаси қарорларини қабул қилиш йилига 3 баробардан ошди. Президент ҳужжатлари 4 баробарга ошди. Бу дегани бизга — ҳуқуқшуносларга бўлган юкламаларнинг кескин ошишига олиб келди", маълум қилган Давлетов.
Шу сабабдан адлия вазири регулятор гилъотина тамойили, яъни эскириб қолган, ривожланишга ғов бўлувчи қонун ҳужжатларини бекор қилиш тизими жорий этилаётгани ҳақида сўзлаган.
"Охирги мисоллардан бирини айтадиган бўлсак, президентнинг 500та ҳужжатлари бир қарорнинг ўзи билан бекор бўлди. Худди шундай яна 2 мингта ҳужжат ҳозир ҳукумат даражасида кўриб чиқиляпти. 2 мингта тўғаноқ бўлаётган ҳужжатларни биз гильотина принципи асосида йўқотишни кўзда тутяпмиз", сўзлаган у.
Форумда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов эса халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаш Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрўси учун муҳимлиги ва хорижий инвестиция ҳамда илғор технологиялар кириб келишида кўприк вазифасини бажаришини таъкидлаган.
Саидов Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий рейтинглардан кўра сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар соҳасида муаммолари кўпроқ экани тўғрисида гапирган.
"Кўрсаткичларимиздан фахрланиб бўлмайди"

Сурат манбаси, videograb
Форумнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон расмийлари иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳаларда бўлаётган ўзгаришлар ва муаммолар ҳақида сўзлаганлар, БАА, АҚШ, Туркия, Франция каби давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари эса ўз тажрибалари мисолида ўзбекистонлик ҳамкасбларига ушбу соҳалардаги ноқисликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берганлар.
Янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов коррупция билан боғлиқ ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида сўзлаган.
"Ҳуқуқ устуворлиги индексида коррупциядан холилик алоҳида индикатор сифатида баҳоланади ва мазкур рейтингда 2019 йилда 126 давлат ичидан 94-ўринда қайд этилган бўлсак, 2020 йилда 128 давлат орасида 92-ўринга муносиб кўрилдик".
"Худди шундай, Жаҳон Банкининг бошқарув сифати индикаторларида ҳам коррупцияни тийиб туриш даражаси алоҳида баҳоланади. 2019 йилда Ўзбекистонда коррупцияни тийиб туриш даражаси 183-ўринга баҳоланган. Кўриниб турибдики, ушбу кўрсаткичлар билан мақтаниб ҳам, фахрланиб ҳам бўлмайди", деган Бурхонов.
Бурхонов ўзи раҳбарлик қилаётган тузилманинг асосий вазифаларига жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат хизматчиларининг даромади, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тизимини жорий этиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш ва давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга қарши назорат олиб бориш кабилар киришини эслатиб ўтган.
Сайлов тизимидаги ислоҳотлар тўғрисида маъруза қилган Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамов эса яқинлашиб келаётган президентлик сайловида иштирок этиш учун мамлакатда тузилиши мумкин бўлган янги сиёсий партиялар номзодларига ҳам тенг имконият яратиб берилишини билдирган.
Рейтинглар Ўзбекистон учун нимага керак?

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан сўнг Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини оширишга қаттиқ бел боғлади.
Унга қадар узоқ йиллар давомида Ўзбекистон зулмкор тузум, абгор иқтисодиёт ва ёпиқлик билан ном чиқарган эди.
Президент Мирзиёев ҳаракатлари бесамар кетмади - 2019 йилда Британиянинг нуфузли The Economist нашри Ўзбекистонни йил мамлакати, дея эътироф этган эди.
Нашрга кўра, Ўзбекистон 2019 йилда энг кўп яхши томонга ўзгарган мамлакатга айланган.
Мамлакат Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қатор халқаро рейтингларда сезиларли даражада юқори поғоналарга кўтарилган.
Хусусан, Ўзбекистон ўтган давр мобайнида Doing Business рейтингида 87-ўриндан 69-ўринга, Иқтисодий Эркинлик индексида 166-ўриндан 114-ўринга муносиб кўрилган.
Жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланишда халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқени яхшилаш зарурлигини англаган президент Мирзиёев жорий йилнинг июнь ойида "Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида"ги фармонга имзо чеккан.
Бироқ мамлакатнинг, айниқса, коррупция, инсон ҳуқуқлари, матбуот ва демократияга оид халқаро рейтинглардаги мавқейи ҳануз пастлигича қолмоқда.
Масалан, Freedom House ташкилоти ўзининг 2020 йилдаги ҳисоботида Ислом Каримов вафотидан сўнг сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлсада, мамлакат ҳануз "кучли авторитар режим" бошқаруви остида "эрксиз" қолаётганини таъкидлаган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















