Тошкент, расман: Франция элчихонасида хавфсизлик чоралари кучайтирилди - видео, O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

Toshkent

Сурат манбаси, BBCUzbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тошкент, расман: Франция элчихонасида хавфсизлик чоралари кучайтирилди - буни элчихона хавфсизлик хизмати Би-би-сига тасдиқлади. Шундай манзарада Тошкентдаги француз элчихонаси хавфсизлиги нега кучайтирилди, Ўзбекистон ва француз расмийлари элчихонага нисбатан реал хавф эҳтимолини кўрмоқдаларми, деган саволлар жавобсиз қолмоқда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бундан аввал ижтимоий тармоқда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Одамлар элчихона биноси қаршисида ноодатий равишда патруль машиналарининг кўпайганини пайқаганлар.

2 ноябрь куни элчихона хавфсизлик хизмати раҳбари Би-би-сига айни вақтда дипломатик муассаса кучайтирилган тартибда қўриқланаётганини тасдиқлади.

Шу куни элчихона биноси атрофи темир тўсиқлар билан ўраб олингани кўзга ташланди.

Изоҳсиз хавфсизлик чораси

Toshkent

Сурат манбаси, BBCUzbek

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқда тарқатилган видеода Франция элчихонаси теграсини Миллий гвардия, ЙПХ хизмат машиналари ўраб олгани кўринади, аммо бу тўсиқлар кўзга ташланмайди.

Элчихонани қўриқлаётган хавфсизлик хизмати ходимларининг сўзларига кўра, тўсиқлар шу кунларда ўрнатилган.

Улар 2 ноябрга қадар элчихона олдида бирор нохуш ҳолат кузатилмагани ёки атрофга аксил-француз материаллар ташлаб кетилмаганини маълум қилдилар.

Элчихона хавфсизлик хизмати раҳбари эса Би-би-сига нега дипломатик муассаса ҳудудида кучайтирилган хавфсизлик тартиби ўрнатилгани сабабларини француз дипломатик миссияси расмийлари, ҳозирча, изоҳламасликни маъқул кўраётганлигини билдирди.

Айни вақтда ижтимоий тармоқда ўзбекистонликларнинг Франция элчихонаси қаршисида намойиш ўтказишга чақириқлари деярли кўзга ташланмайди.

Шундай манзарада Тошкентдаги француз элчихонаси хавфсизлиги нега кучайтирилди, Ўзбекистон ва француз расмийлари элчихонага нисбатан реал хавф эҳтимолини кўрмоқдаларми, деган саволлар жавобсиз қолмоқда.

Халқаро вазият

Namoyishlar

Сурат манбаси, EPA

Ўтган ҳафта давомида Покистон, Ливан, Фаластин каби ҳудудларда минглаб намойишчилар Францияга қарши шиорлар билан мазкур мамлакат элчихоналари биноларини ўраб олишга ҳаракат қилганлар, полиция билан тўқнашганлар.

Жума куни Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Ўш вилоятидаги масжидлардан бирининг бўсағасига Франция президентининг турли ҳақоратли сўзлар ёзилган сурати ёпиштириб кетилган.

Шунингдек, Франция раҳбарининг юзига оёқ изи туширилган суратлар Қурманжон Дотҳо ва Алишер Навоий кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойида ҳам кўзга ташланган.

Бу суратлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тарафидан улашилиб, "BOYCOT FRANCE", "I LOVE MUHAMMAD"сўзлари билан челленж ҳам бошланиб кетган.

Франция президенти суратини пиёдалар йўлагига кимлар ёпиштиргани номаълум.

Милиция уларни аниқлаш ишларини олиб бораётганини маълум қилган, дейди Ўшдаги мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, шаҳарда ижтимоий-сиёсий вазият тинч ва диний вазият назорат остида.

Ўшда ижтимоий-сиёсий вазият тинч. Диний вазият ҳам назорат остида. Экстремистик ва террористик гуруҳларнинг фаолияти кузатилмаяпти. Милиция масжиднинг кириш қисмида ёпиштирилган фотосуратлар устида ишламоқда", дейди Замир Сидиқов.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Шунингдек, жума куни жанубий Жалолобод шаҳридаги "Барпи" театри олдида ҳам 20дан ортиқ одам ўз ташаббуси билан йиғилган, тинч норозилик акциясига қўл урган.

Акция иштирокчилари карикатурларда Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳажв қилинишини қоралашган.

Улар Францияда Исломни масхара қилганлар жавобгарликка тортилиши кераклигини урғулашган.

Тинчлик намойишида аёллар ва ёш болалар ҳам иштирок этишган.

Улар қўлларида "Мен Исломни севаман", дея ёзилган шиорларни кўтариб олишган.

Жума куни кузатилган бу воқеъликларга Қирғизистон Дин Бошқармаси ёки маҳаллий дин идоралари вакилларининг расмий муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Аммо аввалроқ Қирғизистон Мусулмонлар диний идораси Францияда Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)ни ҳажв қилинган карикатуралар юзасидан расман баёнот билан чиққан.

"Муфтият шафқатсиз зўравонлик ва терроризмни қоралайди! Аммо дунёдаги миллиарддан ортиқ мусулмонларнинг диний туйғулари ва муқаддас сатҳлари ҳақорат қилиниши мумкин эмас!", дейилади муфтий муовини Қадир Маликов номидан ёйинланган баёнотда.

Бу каби намойишлар 2015 йилда ҳам пойтахт Бишкек ва Ўшда "Мен Чарли эмасман, Муҳаммад пайғамбарни севаман" шиори остида бўлиб ўтган.

Кузатувчилар томонидан Ўзбекистонда Францияга қарши бундай оммавий намойишларнинг юз бериши эҳтимоли паст баҳоланади.

Аммо яқин тарихда Ўзбекистондаги бошқа давлат элчихоналарига ҳужумлар кузатилган.

Масалан, 2004 йилда худкуш ҳужумчи АҚШ ва Исроил элчихоналари қаршисида ўзини портлатиб юборган, 2015 йилда эса номаълум шахс АҚШ элчихонаси ҳовлисига ёндирувчи мослама отган эди.

Реал хавф даражаси паст баҳоланаётган бўлсада, аксар фаоллар ўзбекистонликлар орасида ҳам мутаассиблик кайфияти авж олаётганидан хавотир билдирмоқдалар.

Тармоқда Франция президенти Эммануэл Макрон суратини таҳқирлаётган ўзбекистонликлар постлари ҳануз кўзга ташланмоқда.

Жамиятнинг айрим фаол вакилларининг фикрича, ўзбекистонликларнинг айни масала юзасидан Яқин Шарқдаги жунбишга тушган оломон ҳаракатларидан ўрнак олиши хавотирли тус олмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek