Путин: Тоғли Қорабоғда минглаб одам ўлган – Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

A picture provided by the Armenian Defence Ministry Press Office via PAN Photo shows Armenian soldiers fire during military combat with the Azerbaijani army in the Nagorno-Karabakh Republic

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Сўнгги Тоғли Қорбаоғ уруши - арман ҳарбийлари жанг устида

Путин: Тоғли Қорабоғда минглаб одам ўлган - бу рақиб тарафлар келтираётган рақамлардан бир неча баробар кўп. Россия президентининг айтишича, Тоғли Қорабоғдаги ҳар икки томон билан ҳар кун алоқада. Аммо Путин ўз ҳисоб-китоблари манбасини очиқламаган.

Россия президенти Тоғли Қорабоғ уруши қурбонларига оид ўз рақамларини кеча, пайшанба куни эълон қилган.

Владимир Путиннинг айтишича, жанглар билан кечаётган қарийб бир ой ичида Тоғли Қорабоғда камида 5 минг киши қурбон бўлган.

"Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳар икки томондан қурбонлар сони икки мингдан ошиқ. Жаъми рақамлар эса, беш мингга яқинлашиб қолган", - деган Россия президенти.

Владимир Путин "Валдай" клубининг видеобаҳси чоғида бу саволга ҳам ойдинлик киритган.

Аммо Россия президенти ўзи тилга олиб ўтган рақамлар манбасини очиқламаган.

People in Shusha of Nagorno-Karabakh

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Талаш бўлиб келаётган бу ҳудуд устидан уруш илк бор кузатилаётгани йўқ

Путин Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни дастаклаб келаётган Туркия билан гаплари бир жойдан чиқмай келаётганини ҳам айтган.

Россия президенти Тоғли Қорабоғ урушини тинчитиш учун кўмак беришини сўраб, Америка Қўшма Штатларига ҳам мурожаат қилган.

Бугун, жума куни Вашингтонда Арманистон ва Озарбайжон вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлари режаланган..

АҚШ, Россия ва Франция ЕХҲТининг Минск гуруҳи ҳамраислари саналишади.

Рақиб томонлар орада икки бор инсонпарварлик мақсадида муваққат сулҳга рози бўлишган. Уларнинг дастлабкисига айнан Россия воситачилигида эришилган.

Аммо ҳар икки сулҳ ҳам бузилган, томонлар бунда бир-бирларини айлаб чиқишган. Жасадлар ва асирлар ҳали ҳам айирбошланмаган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда расман Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида тан олинади.

Талаш бўлиб келаётган бу ҳудуд устидан уруш илк бор кузатилаётгани йўқ.

1994 йилда сулҳ билан якун топгани олти йил давом этган.

Ҳозиргиси шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган, ўшандан буён энг қақшатқичи экани айтилмоқда.

Озарбайжон фақат уруш тугашидан кейин эълон қилишини айтиб, шу пайтгача ҳарбийлари орасидаги талафотлар сонини расман ошкор қилмай келади.

Арманистон томонига кўра, жаъми 874 одамини бой берган.

Агар, ҳар икки тарафнинг расмий маълумотларига таянилса, жангларда ҳозирга қадар ўнлаб тинч фуқаро нобуд бўлган.

Россия президентининг айтишича, ҳар икки давлат раҳбарлари билан мунтазам алоқада.

Ҳам Арманистон Бош вазири ва ҳам Озарбайжон президентига кунига бир неча бор сим қоқиб турибди.

Жангларнинг 26-куни силсиласи

  • Озарбайжон президентининг айтишича, ҳарбийлари жанубда Арманистон чегарасига чиқишган. Натижада Эрон билан чегарани тўлиқ ўз назоратлари остига олишган.
  • Озарбайжон ҳарбийлари интернетда янги видео жойлашган. Унда Лочиндан тахминан 16 чақирим узоқликдаги қишлоқ, Арманистон ва Тоғли Қорабоғни бир-бирига боғловчи асосий йўл акс этган.
  • Расмий Бокунинг таъкидлашича, Арманистон Озарбайжон маркази ва шимоли-шарқидаги қатор шаҳарларига олтита баллистик ракета отган. Аммо уларнинг барчасини тутиб қолишга муваффақ бўлишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek