Ўзбекистон: Туман ҳокими ўринбосари $60 минг пора олса, нима деган гап – президент, video, O'zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон: Туман ҳокими ўринбосари $60 минг пора олса, нима деган гап, «кейинги қадам - божларни тушириш» , 14 йил қамоқда ўтирган таниқли ёзувчи вафоти ва паспорт қудрати. bbcuzbek.com дайжести:

Туман ҳокими ўринбосари $60 минг пора олса...

15 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ер ҳисоби ва кадастр масалалари юзасидан йиғилиш ўтказган ва ушбу мажлисда ер сотаётган пайти қўлга тушган амалдорлар тўғрисида маълумот берилган.

Бу ҳақида Ўзбекистон 24 телеканали тайёрлаган лавҳада сўз боради.

Лавҳада ўтган олти ой давомида коррупцияга қарши кураш «ўз натижасини бериб», бир қатор амалдор пора олаётган вақтда ушлангани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.

Шунингдек, телеканал пора билан қўлга тушган амалдорлар исмларини ҳам келтириб ўтган.

Лавҳада билдирилишича, июнь ойида Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими ўринбосари Ж. Машрабов 9 гектар майдонли ерни $60 минг эвазига таклиф этиб, $35 минг пора олаётган пайтда қўлга олинган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги капитал қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б. Алламуратов 1 гектар ерни Чилонзор тумани ҳокимлиги инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Х. Шукуралиевга $1,4 миллион эвазига сотаётган пайтда 25 июнь куни ушланган.

Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси У. Алижонов сентябрь ойида «яқин алоқалари орқали» 11 гектар майдонли ерни ажратиб бериш учун $29 минг олаётган вақтда қўлга олинган, дейилади давлат телеканали лавҳасида.

Бундан ташқари, президент селекторида кўп минг долларлик пора билан қўлга тушган бошқа амалдорлар номлари ҳам тилга олингани хабар қилинган.

"Битта районнинг ҳокими ўринбосари 60 минг доллар пора олса, бу нима деган гап? Энди бундан кейин ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар Миллий геоахборот тизимига киритилгандан кейин ҳақиқий, деб ҳисобланади", таъкидлаган президент йиғилиш давомида.

14 йил қамоқда ўтирган таниқли ёзувчи вафоти

Таниқли адиб Эврил Турон - Мамадали Маҳмуд вафот этди. Ёзувчининг ўлими сабаби ҳозирча номаълум.

Мамадали Маҳмуд озодликка чиққанидан тўрт йил ўтиб, Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан - 2017 йилда "қора рўйхат"дан чиқарилган.

Ёзувчининг 14 йиллик умри қамоқхонада ўтган. У 80 ёшда эди.

Мамадали Маҳмуд "Ўлмас қоялар" каби забардаст асарлар муаллифи бўлган.

Совет даврида асарлари таъқибга ҳам учраган.

Ислом Каримов бошқаруви даврида тақдири халқаро миқёсда энг кўп хавотирларга сабаб сиёсий маҳкумлардан бири бўлган.

У Шўролар тузуми даврида Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган таниқли ўзбек зиёлиларидан бири сифатида ҳам эътироф этилади.

Мамадали Маҳмуд 1940 йил Жиззахнинг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган.

Отаси Маҳмуд Аҳмад ўғли Тоғ бегиси 1943 йилда урушга кетиб, бедарак кетган.

Ёзувчининг ҳикоя қилишича, шўроларга қарши қуролли курашда иштирок этган бобоси Аҳмад Бек 1936 йилда осиб ўлдирилган.

Мамадали Маҳмуд ҳаёти ва ижоди мураккаб кечган адиблардан бири.

Асарларида ўзбек халқининг миллий озодлик курашларини қаламга олган адибнинг ўзи бу озодлик юзага чиққан пайти озодликдан маҳрум қолган эди.

Адиб ўзининг 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди.

Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан ишдан олиниб, КГБ томонидан сўроқ қилинган Мамадали Маҳмудни, ўзининг айтишича, ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов қамоқдан асраб қолган.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган.

У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби, Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси нашри -"Эрк" газетасини сақлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва кейинроқ давлат мулкини ўғирлашда айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1996 йил 6 август куни авф қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда юз берган қатор портлашлар ортидан қайта ҳибсга олинган ёзувчи бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланади.

Маҳкама жараёнида у ўзининг портлашларга алоқаси йўқлиги ва қийноққа солинганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририяти марҳум адибнинг яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради.

Паспорт қудрати

"Henley&Partners" халқаро консалтинг компанияси жаҳон паспортларининг янгиланган рейтингини эълон қилган.

Унга кўра, Ўзбекистон 106 мамлакат орасида 83-ўринни эгаллаган.

2019 йилда Ўзбекистон паспорти 88-ўринга муносиб кўрилган эди.

Рейтинг паспорт эгаси визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сони бўйича баҳоланади.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 57 та мамлакати ва ҳудудига визасиз киришлари мумкин.

Паспортлар рейтингида Марказий Осиё давлатларидан энг юқори ўринни Қозоғистон эгаллаган (67-ўрин).

«Кейинги қадам - божларни тушириш»

«UzAutoMotors» монополиясига қарши курашда асосий эътибордаги шахслардан бири - Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Расул Кушербаев, эндиликда, мамлакатга импорт қилинувчи хорижий автомашиналарга нисбатан жорий этилган юқори даражали божларни тушириш учун ҳаракат бошлаш ниятида эканини билдирган.

Депутат бу ҳақида Kun.uz нашрига интервьюсида айтиб ўтган.

«Божлар масаласини кўтариш учун бизга асос керак эди. Ўзи менинг бош мақсадим ҳам божларга етиб бориш. Лекин [автомашиналар] нархини ҳам асоссиз оширган экан, шундан бошлаб кўрайлик, деб ўйлаган эдим. Бундан кейинги қадам - божлар масаласи», деган Кушербаев.

Бироқ у «UzAutoMotors»ни «қудратли, хоҳлаган масаласига таъсир ўтказа оладиган компания» ўлароқ тасвирлаб, божларни тушириш йўлидаги кураш осон кечмаслигини билвосита тан олган.

28 миллиард сўмлик машиналар

Маҳаллий нашрлар Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ учун август-октябрь ойларида умумий қиймати 28,3 миллиард сўмга тенг 100 дан зиёд автомашина сотиб олгани маълум бўлгани ҳақида ёзган.

Ёзилишича, Давлат харидлари порталида келтирилган маълумотлардан ИИВ ўтган уч ой ичида 30 та Equinox, 14 Malibu-2, 40 та Cobalt, 28 та Lacetti ва бошқа русумдаги автомашиналарни сотиб олгани аъён бўлган.

ИИВ, ҳозирча, ушбу харидларнинг мақсади тўғрисида бирор изоҳ бермаган.

10 метрлик кабоб

Туризмни ривожлантириш қўмитаси 18 октябрь куни пойтахтдаги «Наврўз» истироҳат боғида 10 метрлик кабоб фестивали бўлиб ўтишини хабар қилган.

Қўмита фестивалда, шунингдек, миллий таомлар ва мусиқий чиқишлар ҳам томошабинларни кутаётганини қўшимча қилган.

2017 йилда Тошкентда тайёрланган дунёдаги энг улкан — оғирлиги нақ 7,360 кг келувчи палов Гиннес Рекордлар қўмитаси томонидан расман рўйхатга олинган эди.

Ушбу палов Гиннес рекордлар китобига кирган биринчи ўзбек миллий таоми бўлган.

Уни тайёрлаш учун 50 нафар ошпаз 6 соат вақт сарфлашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek