Ўзбекистон, Мирзиёев ва Толибон: Доҳадан кейин навбат Самарқандгами? - O'zbekiston, Mirziyoyev, Tolibon, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон, Мирзиёев ва Толибон: Доҳадан кейин навбат Самарқандга келадими? - Қатар пойтахти Толибон ва афғон ҳукумати ўртасидаги илк тарихий мулоқотларга сўнгги ҳозирликларни кўрмоқда. Шу кунларда Тошкентдан олинган хабарларга кўра, бу музокараларнинг кейинги босқичларидан бирига Ўзбекистоннинг Самарқанди мезбонлик қилиши мумкин.
Ўтган йили амалий ташриф билан Ўзбекистонда экан, Самарқанд танловини Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти ҳайъати ҳам рад этмаганди.
9 сентябрь куни "Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон" уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтган.
Худди шу йиғилиш чоғида Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирган.
Афғонистон ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш - президент Шавкат Мирзиёев яхши қўшничилик сиёсати, янгича минтақавий дипломатиясининг диққат-марказида турган масалалардан бири бўлади.
Президент Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб, ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаган. Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаганди.
Мирзиёев Афғонистонни ўзлари учун янги қўшни, янги бозор сифатида кўришларини ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан расман ва ошкора баён қилган.
Марҳум Президент Ислом Каримовдан фарқли тарзда, жанубий қўшнилари билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ва мустаҳкамлаш нияти, режасини изҳор этган.
Икки давлат ўртасида олий даражадаги расмий ва амалий ташрифлар фаоллашган.
Ўзи қудратга келган саноқли йиллар ичида Тошкентда Афғонистон масаласига бағишланган юқори даражадаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.
Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти раҳбарлиги остидаги ҳайъатнинг Тошкентга бир эмас, икки бор амалий ташриф билан келишига эришган. Бундан ташқари толиблар билан уларнинг сиёсий идораси жойлашган Доҳада ҳам музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган.
Айниқса, ҳаракат юқори мартабали ҳайъатининг Ўзбекистонга ўтган йилги амалий ташрифи жуда фаол ва қизғин кечгани кўрилган.
Ташриф расмий музокаралардан ташқари, қадим Самарқанд ва Бухоро зиёрати, жума ва Қурбон Ҳайити намозларининг ўзбек тупроғида ўқилиши, зиёфату ҳадябозликлар билан кечган.
Бир неча кунга чўзилган амалий ташриф якунида ҳар икки томоннинг бундан мамнун қолгани кўрилган.

Сурат манбаси, official
Аҳолиси минтақада энг каттаси(34 миллиондан ортиқ - таҳр.) ва денгизга йўли икки бор бекиқ бўлган Ўзбекистон янгидан-янги сармоя ва жаҳон уммонларига чиқишга муҳтож.
Худди шу ниятда Афғонистонни ҳам ўз ичига олган йирик минтақавий лойиҳаларга ҳам бош қўшишдан умидвор.
Тошкентдаги сўнгги мулоқотлари манзарасида чоп этиб борган хабарларидан Толибон томонининг Ўзбекистонга бу хусусда берган ваъдалари озмунча эмасдек кўринган.
Алал-оқибат расмий Тошкент булар барчасини Ўзбекистон дипломатиясининг муваффақияти, деган фикрга қўшилган. Буни расман баён қилган.
Орада Доҳадаги музокаралар ва унда эришилган натижаларни ҳам назардан қочирмаган, олқишлаб, қўллаб чиққан.
Расмий Вашингтон ҳам бу вақт ичида Ўзбек томонининг Афғонистон масаласидаги дипломатик саъй-ҳаракатларини бефарқ қолдирмаган, такрор ва такрор бунга ўзининг ижобий муносабатини билдириб келган.
Айнан афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш йўлидаги бу каби уринишлари Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам муҳим аҳамият касб этувчи фактор, воқеъликлардан бирига ҳам айланган.

Сурат манбаси, official
Ҳаракат ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси саналган.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва унинг сафларидан ажралиб чиққан Исломий Жиҳод Иттифоқи Афғонистонда ҳануз буткул мавҳ этилмаган.
Афғонистон ҳозир ҳам дунёнинг Сурия ва Ироқ билан бирга ўзбек жангарилари бошпана топиб келаётган учта давлатидан биттаси бўлади.
Орада Яқин Шарқдаги ИШИД жангарига гуруҳига тўлиғича байъат келтирган ва бунинг ортидан, сафлари парчалангани ҳам айтилган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг асосий мақсади Ўзбекистондаги дунёвий тузумни ағдариш ва шаръийсини жорий этиш бўлган.

Сурат манбаси, AFP
Афғонистон Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида ўз тарихида биринчи бор Америка Қўшма Штатлари билан тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлган.
Келишув Республикачи президент Дональд Трамп бошқаруви даврига тўғри келган.
Шу йил ноябрь ойида Америка Қўшма Штатларида навбатдаги президент сайлови режаланган.
Трамп маъмурияти сайловга қадар Афғонистон масаласини, таъбир жоиз, бир ёқли қилиб олиш, афғон тупроғидаги қўшинлари сонини кескин қисқартириш ва келаси йил ўрталарига бориб, буткул олиб чиқиб кетишни истайди.
Бу эса, қўлларидан қуролларини қўйиш учун Афғонистон Толибон ҳаракати аввалбошдан илгари суриб келаётган энг асосий талаблардан бири бўлади.
Худди шу мақсадда маъмурият сўнгги пайтларда томонларга яна ўз босимларини кучайтирган, томонларни вазиятни чигаллаштирмаслик, тезроқ бир тўхтамга келишга чақириб чиққан.
Ўзбекистон ҳам бу жараёнларга бефарқ бўлмаган минтақадаги дипломатик ва сиёсий ўйинчи давлатлардан биттаси саналади.
Афғонистон, устига устак, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги - миллионлаб ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Афғонистон сиёсий ҳаётида ўзбекларнинг тутган ўрни қанчалик муҳим эканига эса, Афғонистонда Толибоннинг Исломий амирлиги қулатилиши ортидан кечган барча президент сайловларининг ўзиёқ далолат қилади.
Трамп маъмурияти ҳам орада янги Ўзбекистоннинг тинчлик жараёнидаги ролини ошкора олқишлаб келган, пандемияга қарамай, яқинда ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзодни яна бир бор Тошкентга юборган.
Толибон ҳам расмий Тошкентнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини беэътибор қолдирмаган, яқин-яқингача ҳам Доҳа ва ҳам Ўзбекистоннинг ўзида улар билан музокаралар олиб бориб келган.

Сурат манбаси, official
Ҳаттоки ўтган йил сиёсий қаноти ҳайъати Ўзбекистонда экан, ана шундай тинчлик музокараларидан бирининг қадим Самарқандда ўтказилишига қарши эмаслигини ҳам баён қилганди.
Тарихий тинчлик келишуви афғон ҳукумати ва ҳаракат орасидаги илк юзма-юз мулоқотлар, бунинг ортидан, Афғонистонда доимий оташкесин, толибларни ҳам ўз ичига олувчи кенг қамровли ҳукумат бошқарувига йўл очишига умидлар бор.
Ҳали март ойидаёқ бошланиши кўзда тутилган афғонлараро мулоқотлар эса, шу пайтга қадар амалга ошмай келаётганди.
Бунга зиддиятли президент сайлови натижалари ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.
Сайлов натижалари ортидан, мамлакат тарихида кузатилмаган воқеълик юз берган.
Афғонистонда бирваракайига қўшалоқ президент қудратга келганди.
Сайловда асосий мухолиф номзодлар бўлган амалдаги президент ва собиқ ижроий раис фақат яқинда - май ойидагина бир сиёсий келишувга келишган, қудратни бўлишишга рози бўлишган.
Ярашув ортидан, Муҳаммад Ашраф Ғани якка президент бўлиб қолган, доктор Абдулла Абдулла эса, айнан тинчлик музокараларига масъул янги кенгаш раҳбарлигини эгаллаган.
Орада Толибон ва янги афғон ҳукумати Вашингтон билан тинчлик битимида кўзда тутилган яна бир зиддиятли шарт - маҳкумларни айирбошлаш масаласида ҳам бир тўхтамга келишган, шарт фақат шу кунларда тўлиғича амалга ошган.
Томонлар илк бор эртага, 12 сентябрь куни Толибон ҳаракати сиёсий қаноти идораси жойлашган Доҳада юзма-юз мулоқотларга киришишга рози бўлишган.
Аммо бўлажак давлат бошқаруви табиати, хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи назарда тутилганда, бу мулоқотларнинг осон кечмаслиги кутилмоқда.
АҚШ билан эришган тинчлик битими асосида Афғонистон Толибон ҳаракати яна ўз назоратлари остида бўлган ҳудудларда ўзбекларники илова бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг фаолият юритишига ҳам изн бермаслиги керак.
Сўнгги халқаро тадқиқотлар толиблар Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида у ёки бу даражада ҳозир эканликларига далолат қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















