Коронавирус: ИИВда учинчи ўлим, Бош прокуратура имзоларни текширмоқда - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Пайшанба куни Ички ишлар вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган яна бир ходимининг вафот этганини тасдиқлаган.

Сергели тумани бўйича ИИО ФМ подполковниги Абдулазиз Тошев 12 июль куни вафот этгани маълум қилинган.

Бу ҳозирга қадар ИИВ тизимида расман тасдиқланган коронавирусдан учинчи ўлим ҳолатидир.

ИИВ матбуот хизмати душанба куни Тошкент шаҳар ИИББ майори, 35 ёшли Аълохон Шомаҳмудовнинг вафот этганини эълон қилди.

Сешанба куни ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шавкат Нафасовнинг вафоти муносабати таъзия эълон қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар икки ҳолатни матбуотдани хабардан сўнггина тасдиқлаган.

Пайшанба куни шунингдек, Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилоятидаги ходими Адҳамжон Деҳқоновнинг коронавирусдан вафот этгани хабар қилинган.

Охирги ҳолат ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикасида акс этмаган.

15 июль куни коронавирус бўйича кунлик ўсиш 496 нафарни ташкил этган.

Умумий касалланганлар сони 14.5 мингдан ошиб кетган.

Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни "талаб даражасида ташкил этмагани учун" Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилган.

Президентнинг 15 июль кунги видеоселекторда айтишича, умумий касалланганларнинг 40 фоизи пойтахтга тўғри келмоқда.

Вирусдан ваот этганлар сони 72 нафарга етган.

Имзолар текширилмоқда

Айни вақтда Бош прокуратура коронавирусдан даволанганлик тўғрисида аҳолидан олинган имзоларни текшираётганини айтган.

Бош прокуратура матбуот хизмати Gazeta.uz нашрига Telegram'даги Troll.uz каналида чоп этилган хабар юзасидан "ўрганиш" ўтказилишини маълум қилган.

Troll.uz жойларда COVID-19'га топширган тест натижаси "манфий" чиққан одамлардан даволаш учун миллионлаб сўм сарфлангани ҳақида ҳужжатларга имзо қўйдириб олиш ҳоллари ҳақида ёзган эди.

Коронавирусга қарши курашиш махсус комиссиясига мурожаат қилган Troll.uz 40 дан зиёд обуначи сарф қилинмаган харажатлар борасида маълумот тақдим этганини айтган.

«Кекса бир аёл вафот этди, қариндошларига 35 миллион сўм сарфлагани ва Covid-19 билан касал эканлиги ҳақида имзо чекишларини айтишди, қариндошлари рози бўлмагандан сўнг, жасадни очамиз, деб қўрқитишган. Кейин имзолашга мажбур бўлган», дейилади изоҳларнинг бирида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Troll.uz хабарига муносабат билдирганича йўқ.

Тизим қуладими?

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда фаоллар ва блогерлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирусга оид расмий рақамларини савол остига олишмоқда.

Facebookда коронавирусда шубҳа қилиб ўлган шахслар тўғрисида постлар кўпайган.

"Facebook да ҳозир кириб ўқиганим: 6 кишининг яқини коронавирусдан вафот этган, 4 кишининг ўзи ёки яқини бемор - иситмаси чиқяпти", деб ёзади Мусанниф Адҳам.

Мусанниф Адҳамнинг ёзишича, унинг бир дўстида коронавирус аломатлари кузатилган. Бемор хусусий шифохонага бориб анализ топширган, шифохона унга икки томонлама зотилжам, деган ташхис қўйган.

Блогер ушбу ташхисни Covid-19 нинг норасмий номи, деб атаган.

Унга кўра, қўлида хусусий шифохонадан справкаси бор беморни Тошкентдаги бир неча шифохоналар қабул қилмаган. Катта эҳтимол билан коронавирус юқтирган бемор шаҳар шифохоналари ўртасида сарсон бўлиб юрган.

Тошкент туманидаги шифохоналарнинг бирида икки томонлама зотилжамдан даволанаётган бемор Би-би-сига шифокорларнинг етишмаётганини айтди.

Унинг айтишича, шифокорлар келиб кўриши учун яқинлари орқали раҳбариятга телефон орқали чиқишга мажбур бўлган.

Уйида яқинлари томонидан яхши парвариш кўрганини айтган бемор шифохонада сув олиб ичиш ҳам муаммо бўлаётганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан ўлган беморлар ҳақида хабар бераётганда улар ўз вақтида шифохонага мурожаат қилмаганини ўлим сабабларидан бири сифатида эътироф этади.

Бироқ ижтимоий тармоқларда ва Би-би-си гаплашган гувоҳлар коронавирус юқтирган беморларни шифохонага ётқизиш осон бўлмаётгани, баъзи ҳолларда ўртага таниш-билишларни солишга тўғри келаётганини айтишмоқда.

Дарё нашрининг ёзишича, яқин қариндоши коронавирусдан вафот этган фуқаро Соғлиқни сақлаш вазирлиги марҳумга туҳмат қилганидан норози бўлган.

Мақолада айтилишича, коронавирус аломати бўлган беморни бир нечта шифохона қабул қилмаган. Аҳволи оғирлашгандан сўнггина қабул қилишган, бироқ уни асраб қолишнинг имкони бўлмаган.

Вазирлик эса бемор ўз вақтида мурожаат қилмади, деб хабар берган.

Бемор коронавирусдан вафот этган бўлса-да, унинг яқинлари карантинга олинмаган.

Соғлиқни сақлаш тизими қулаётгани ёки коллапсга учраганини бевосита расмийлар ҳам тасдиқлаган.

Коронавирусга қарши курашиш махсус комиссияси аъзоси Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистон вазият ўта жиддийлигини тан олганди.

«Бугунги келиб, вазирлик тизимидаги ресурслар поёнига етди десак муболаға бўлмайди. Койка ўринлари тўлган, барча шифокорлар жалб этилган. Шифокорлар сони қолмади, койка ўринлари сони ҳам қолмади», деганди у 8 июль куни.

Ҳабибулла Оқилов бир кунда касаллар 1,5 мингтадан қўшила бошласа, у ҳолда республика соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ коллапсга тушиб қолишини айтган

Аммо кейинроқ мулозим пандемияга қарши кураш учун барча зарур воситалар мавжудлигини айтиб чиққан.

Блогерлар Оқилов ҳукуматнинг босимига учраган бўлиши мумкинлигини айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek