Ҳукумат $16 дан ёрдам пули бермоқчи - бу етадими? - Ўзбекистон, коронавирус O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонда яна кучайтирилган карантин тартибининг ўрнатилиши ортидан сўнгги бир неча ой давомида такрорланиб келган бир савол яна ўртага чиқа бошлади: ҳукумат ҳеч бўлмаганда бу сафар аҳолига моддий ёрдам кўрсатадими?

Кўплаб иш жойлари яна ёпилди, машиналар ҳаракати яна чекланди.

Карантиннинг биринчи даври давомида ҳукумат аҳолига бевосита ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади. Фаоллар ташкил этган мустақил хайрия ҳаракатлари кейинчалик Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига бўйсундирилиб, асосан, тадбиркорлар ва бошқа оддий фуқароларнинг эҳсонлари муҳтожларга тарқатилди.

Аммо ҳудудлардан келган мурожаат ва шикоятлардан хулоса қилинса, бу тизим ҳам ўзини у қадар оқламаган.

Айниқса, Сардоба фожиаси ортидан маблағларнинг катта қисми жабрдийдаларга йўналтирилиши ортидан бошқа ҳудудлардаги кам таъминланганлар давлат марказлаштирган хайрия тизимига шунчаки боғлана олмаганлар.

«Пандемия натижасидаги карантинда ҳам, Сардоба фожиасида ҳам Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя жараёни бир хил сценарий асосида кечди - давлат мустақил хайрия ташкилотларининг фаолиятини чеклаб қўйди, одамларга воқеа жойида бўлиб, ёрдам кўрсатишга рухсат бермади. Бунинг ўрнига хайрия ҳаракатларининг барчаси бир том остида жамланди. Бундай тизим шаффофлик талабларига жавоб бермайди. Маблағлар қаерга ва нима мақсадда сарфланаётгани ҳақида ҳеч ким батафсил била олмайди», дея Кун.уз нашрига ўз фикрларини билдирган давлат бошқарувини модернизациялаш бўйича мутахассис Азиза Умарова.

Талон-тарож бўлиб кетади…?

Расмийлар эса аҳолига бир марталик беғараз ёрдам кўрсатишнинг салбий иқтисодий оқибатларига ишора қилдилар, агар аҳолига тўғридан-тўғри кўмак ажратилса, маблағлар талон тарож бўлиб кетиши мумкинлигини айтиб, ҳукумат ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида кўплаб ишга қўл ураётганини таъкидлаб келдилар.

Хусусан, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов М-Фактор лойиҳасига апрель ойида берган интервьюсида аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатиш ўзини оқламаслигини таъкидлаган.

«Биринчидан, бу талон-торож бўлиши мумкин. Иккинчидан, одамларнинг масаласини ҳал қилиб бермайди. Пул ишлатиб юборилади, ундан кўра келгусида тадбиркорларимизга иш билан таъминлаши учун, саховат қилиши учун ёрдам берилса, ютуғимиз кўпроқ бўлади», деган у.

Аммо бу чоралар, асосан, турли солиқ имтиёзлари, тўлов муддатларининг кечиктирилиши, айрим озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотларига акциз ҳамда божхона тўловларининг бекор қилиниши кўринишида бўлиб, иқтисодчилар бундай амалиёт билан ҳақиқий ёрдамга муҳтожларнинг аҳволини ўнглаб бўлмасликни бир неча бор тилга олган.

Апрель ойида яна М-Фактор лойиҳаси меҳмони бўлган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов инқироз пайтида йирик компанияларга эмас, балки аҳолига пул тарқатиш заруриятини таъкидлаган.

Одамлар давлатнинг ижтимоий ҳимоясини ҳис қилмаслиги оқибатида аксар ўзбекистонликлар карантин пайтида ҳам тирикчиликни давом эттиришга мажбур бўлганлар.

Бир пайтнинг ўзида эса ҳукумат касаллик тарқалишининг авж олишида одамларнинг карантин талабларини менсимаслиги сабаб эканини кўп бор таъкидлаган.

20 кунга 166 минг сўм…

Ниҳоят, 11 июль куни кўпчилик кутган қарор эълон қилинган.

Республика махсус комиссияси 20 кунлик карантин даврида оғир аҳволга тушиб қолган энг муҳтож 120 мингга яқин оилани озиқ-овқат, дори-дармон ва биринчи эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлашга қарор қилган.

120 мингга яқин оила учун давлат 20 миллиард сўм маблағ ажратган.

Ушбу хабар эса одамларнинг ҳам кулгиси, ҳам ғазабига сабаб бўлган.

Сабаби ажратилган маблағ оила бошига сочилганда кам эмас, кўп эмас - 166 минг сўм ёки 16 доллардан тушар эди.

Одамлар агар бир оилада ўртача 5 аъзо бор, деб ҳисобланса, бир оила аъзоси 20 кун давомида давлатнинг 33 минг сўм ёки 3 доллардан сал кўпроқ ёрдамидан умидвор бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганлар.

Бироқ ушбу қарор диққат билан ўқиб чиқилса, муҳтож оилалар, аслида, бунданда камроқ суммага даъвогарлик қилиши эҳтимоли юқори эканини англаш мумкин.

Бунинг сабаби ёрдамни етказиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар агентлиги ва маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар, шунингдек, ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари тузилган.

Ёрдамни тегишли жойга етказувчилар эса тиббий комбинезон, ниқоб, қўлқоп, дезинфекция воситалари ва транспорт билан таъминланиши белгилаб қўйилган.

Аниқроқ айтганда, 20 миллиард сўмлик маблағ ичига нафақат ижтимоий ёрдам, балки хайрия марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва етказиб бериш харажатлари ҳам киритиб юборилган.

"Юқорида кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди", дейилади махсус комиссия қарорида.

Бизнеслар орқали ёрдам?

120 минг оила давлатдан илк бор, кўпи билан, 16 доллар ёрдам олаётган бир вақтда Юксалиш умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон коронавирус пандемияси асоратларини юмшатишга сарф этган умумий маблағ миқдорини очиқлаган.

Хабарда 9 июлга қадар аҳоли, иқтисодиёт ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга 62,5 триллион сўм ёки 6,1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ йўналтирилгани айтилади.

Ҳаракат келтирган рақамларда 500 минг тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан зиёд фуқаролар 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференцияларга эга бўлгани билдирилади, лекин тадбиркорлар ва оддий аҳолига қандай имтиёз берилгани юзасидан аниқ маълумотлар келтирилмаган.

Айни вақтда эса банк соҳасини қўллаб-қувватлаш, божхона ва солиқ тўловлари бўйича триллионлаб сўм кўмак ва имтиёзлар ажратилган.

Бироқ аҳолига бевосита пул тарқатиш коррупцияни авж олдиришидан огоҳлантирган расмийлар, банклар, давлат ташкилотлари ва йирик компанияларга ажратилган триллионлаб маблағларнинг қанчалик мақсадли сарфлангани ва бу амал аҳолининг моддий турмуш даражасига қанчалик ижобий таъсир кўрсатгани борасида шаффоф маълумотларни ҳозирча эълон қилмаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek