Ўзбекистон: Тест ҳаммага етадими ва Сурхондарёда суд ходими нега калтакланди? Koronavirus

12 июль куни 484 ҳолатда касаллик аниқланиб, шифохоналардаги коронавирус беморлари сони 5 минг нафардан ошган.

Шу билан бирга, кун давомида Тошкент шаҳрида 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

13 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 197 нафарга ортиб, 13,193 нафарни ташкил этмоқда.

Шу вақтга қадар 7,852 бемор соғайган, 5,280 нафар бемор эса касалхоналарда қолмоқда.

Улардан 43 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда экани айтилади.

Қайд этилган ўлим ҳолатлари сони 61 та.

Қанча тест захираси мавжуд ва у қанчага етади?

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида мамлакатда 1 миллион коронавирус инфекциясини аниқлаш тести мавжудлиги, захира янгиланиб боришини маълум қилган.

Бироқ у фуқароларни ўзбошимчалик билан тест топширмасликка чақирган.

«Фуқаролар ўзларида коронавирус белгиларини сезмаётган бўлса, ўз-ўзича бориб тест топшириш керак эмас. Аҳолидан илтимос қиламан, тест биринчи навбатда беморлардан, карантиндаги фуқаролардан ва клиник белгилари бор шахслардан олинади. Ундан кейин бошқа аҳоли қатламларидан», деган вазир ўринбосари.

Қон зардоби самара бермади

"Коронавирус инфекциясини юқтириб олиб, кейинчалик тузалган беморларнинг қон зардобларини (қон плазмаси) беморларга қуйиш самара бермади. Чет эл тажрибасида ҳам бу иш бермагани сабабли Ўзбекистонда ҳам бу амалиёт тўхтатилди", маълум қилган коронавирусга қарши курашиш махсус комиссияси аъзоси Ҳабибулла Оқилов 13 июль куни ўтган брифингда.

Апрель ойининг бошида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез кунларда бу амалиёт жорий этилиши ва у илмий асосларга эга эканини хабар қилган эди.

Тест олиш пунктлари кўпайди

Илгари Тошкент шаҳрида 5 та пунктда аҳоли коронавирусга тест топшириш мумкин бўлган бўлса, энди 6 та нодавлат ташкилотга тест олишга рухсат берилди, дея маълум қилган Тошкент шаҳри санитария- эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўринбосари Бобур Қурбонов 13 июль куни ўтган брифингда.

Сўнгги вақтда коронавирусга тест топшириш аҳоли учун мушкул ҳолатга айлангани, ҳатто, айрим тест олиш пунктлари вақтинча ишламай қолгани тўғрисида хабарлар чиққан эди.

Жарқўрғонда суд ходими дўппосланди

10 июль куни Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов ва туманнинг бошқа раҳбар ходимлари одамлар кўз ўнгида судьяларни обрўсизлантирган, суд ходими дўппосланган.

Бу ҳақида Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекциясига таянган ҳолда Уза.уз хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, 10 июль куни соат 8.30 ларда Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг раиси Я.Беккамов ҳамда ҳайдовчи Р.Раҳимназаров ва Жарқўрғон тумани маъмурий судининг раиси Х.Раҳимова ҳамда ҳайдовчиси хизмат машинасида туман суди биноси томон ҳаракатланиб келаётганида туман марказига кираверишда блок постдан ўтказилмаган.

"Шу вақтда постда бўлган туман ҳокими З.Давлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарорига зид равишда, туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай, хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиб, ишга боришга имконият бермай, йўлдан ўтишга тўсқинлик қилиб, ишчи гуруҳ аъзоларидан биттаси хизмат автомашинасининг орқа ўнг эшигини очиб қўлидаги уяли алоқа телефони билан тасвирга тушириб, постдан ўтиш учун навбат кутиб турган тирбанд фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган", дейилади хабарда.

Бундан ташқари ҳайдовчи Раҳимназаровга ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари ҳамда бошқа ходимлар иштирокида енгил тан жароҳати ҳам етказилгани айтилмоқда.

Айни вақтда Сурхондарё вилояти прокуратураси туман ҳокими дохил бошқа алоқадор шахсларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларни ўрганиб чиқмоқда.

Кадастр тизимида "тозалаш ишлари" бошланди

10 июль куни республика, вилоят ва туман миқёсидаги 7 нафар раҳбар кадастр тизимидаги эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бу ҳақида Давергеодезкадастр қўмитаси хабар бермоқда. Хабарда бу раҳбарлар "ўз нафсини ўйлаганлар" ўлароқ тасвирланади.

"Бу бошланиши! Соҳанинг ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар бир муаммони ечиш қўмита олдида турган пировард мақсад бўлиб, мана шундай ходимлар доимий нишонда бўлади", дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek