You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия: Путин умрбод қолмоқчими? Мирзиёев унга омад тилади - Rossiya, O'zbekiston
1 июль куни Россияда конституцияга ўзгартиришлар бўйича овоз беришнинг асосий куни. Овоз бериш кунлари ўтказилган аввалги 5 кундан фарқли, чоршанба куни мамлакат бўйлаб дам олиш эълон қилинган.
Марказий сайлов қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган беш кун давомида қарийб 50 млн киши овоз берган, иштирок 45,4% ни ташкил этган.
Сешанба куни Москва ва Нижегород вилоятларида таҳрир бўйича электрон овоз бериш якунланди. МСҚ га кўра, унда қатнашишлар 93 % бўлган.
Россия Конституциясининг таҳрири бир неча ўзгаришлар билан бирга Владимир Путинга 2036 йилгача ҳукумат тепасида қолиш имконини беради.
'Ўз сўзингизни айтинг'
Овоз бериш тадбирлари арафасида Россия президенти россияликларга мурожаат билан чиқиб, Конституция таҳрири учун овоз беришда фаол иштирок этишга чақирди. Аммо Путин таҳрирда унинг президентлик муддатининг нолга тенглаштирилиши тахминланаётганини тилга олмади.
Аввалроқ, 1 июлдан олдин Россия ОАВ Путиннинг мурожаатини қисқа шаклда намойиш этишганди.
- «Қадрли дўстлар, сизлардан ўз сўзингизни айтишни сўрайман. Ҳар бирингизнинг овозингиз - энг асосий, энг муҳим», - деди Владимир Путин. Шу билан бирга овоз беришда қатнашиб бўлганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирди. Таҳрир россияликларнинг катта қисми овоз бергандагина кучга киришини таъкидлади.
Сўнгги ойларда Владимир Путиннинг ОАВ лар орқали халққа мурожаатлари сезиларли даражада ошган.
'Аллақачон қилиш керак эди'
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 май кунлари Москвага амалий ташрифида Владимир Путин қабулида бўлганди.
Президентларнинг ўзаро суҳбати чоғида Россиядаги Конституция таҳрири учун овоз бериш мавзуси тилга олинган.
Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни қўллаб-қувватлаган ҳолда фикр билдирган ва унга омад тилаган.
Ўзбекистон президенти Путинга «1 июль янги Россия учун тарихий кун - Конституциянинг ўзгартирилиши» эканини айтган.
- «Биз кўриб турганларимизни одамлар бугун тўғри қабул қилишади, деб ўйлайман. У ерда айтилганларнинг ҳаммаси аллақачон қилиниши керак эди, бугун эса вақти келди. Ўйлайманки, бу Россия халқига хизмат қиладиган таҳрирлар», - деди Шавкат Мирзиёев Россия президентига.
Кўпчилик норози
Россия мухолифати тизимлими-тизимсизми, Конституция таҳририга рози эмаслар. Аммо Путиннинг айрим рақиблари сайлов участкаларига бориш лозимлигини айтишмоқда. Албатта, ўз ҳамфикрларини қарши овоз бериш ва барча жараёнларга бойкот эълон қилиш учун ҳаракат қилишга чақиришмоқда.
Россия пойтахти ва бир неча ҳудудларида Конституция таҳририга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акциялар махсус хизматлар томонидан «ҳукумат билан келишилмаган намойиш» сифатида куч билан бостирилди. Ўнлаб фаоллар ва акция иштирокчилари полиция маҳкамаларига олиб кетилди. Уларга нисбатан маъмурий чоралар ва жарималар белгилангани маълум қилинди.
Россиялик кузатувчилар ва таҳлилчилар конституция таҳрири айнан Путинни хукуматда қолишга йўналтирилган сиёсий тадбири эканлигини ва мамлакат аҳолисининг катта қисми бунга рози эмаслигини таъкидлашмоқда.
'Путиннинг хорижлик дўстлари'
«Юқори стандартлар», «Германиядагидан-да юқори даража» каби иборалар билан Конституция таҳрири учун овоз бериш тадбирларини таърифлашмоқда Россияга келган халқаро экспертлар. Гарчи «референдум»да хорижлик кузатувчиларнинг иштироки кўзда тутилмаган бўлса-да, сайлов участкаларидаги Европадан келган меҳмонлар давлат ОАВларида ёритиб борилмоқда.
Таклиф этилганларнинг аксари Россияга яқиндан боғлиқ, айримлари ультраўнг қарашлари билан хорижда машҳурдир, - аниқлаштирди Би-Би-Си.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek