Юнусобод метроси, Сардоба ва Nasaf Travel: ҳали рўйхат анча давом этадими?

Сурат манбаси, NASAF NEWS
Ўзбекистонда қурилиш сифати кескин пасайиб кетган, шундай бир шароитда янги бинони "байрамгача қуриб топшириш" мусобақаси авж олган. Бугунги бинолар озроқ вақтдан кейин қулаб тушмаслигига эса кафолат йўқ.
Ўзбекистонда сўнгги вақтларда янги иншоотлар билан рўй бераётган ҳодисалар мамлакатдаги техника хавфсизлиги, қурилиш сифати, қурувчилар малакаси ва бино сифатига баҳо берадиган назоратчиларнинг масъулияти билан боғлиқ муаммолар қанчалар ўткир ва долзарблигини кўрсатди.
2019 йил 18 декабрида Тошкент шаҳрида қурилаётган "Юнусобод" метроси янги бекатида тупроқ ўпирилиши оқибатида олтин инсон ҳаётдан кўз юмган, уларнинг қашқадарёлик ва самарқандлик мардикорлар бўлгани хабар қилинган эди.
2020 йил 28 апрелида рўй берган кучли шамол Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида катта вайронагарчиликка сабаб бўлган, қурилиш сифатининг талабга жавоб бермаслиги ҳам бунда асосий омиллардан бўлгани айтилди.
2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори девори ўпирилган, яқин атрофдаги Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ерларини сув босди.
Оқибатда, Ўзбекистонда, камида, 70 минг инсон вақтинча бошпанасиз қолган, аҳолининг турар-жойларига қаттиқ зарар етган.

Сурат манбаси, .
Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги фалокат камида олти инсон (2 нафар аёл, 4 нафар эркак) умрига зомин бўлгани, бир фуқаро бедарак йўқолгани ҳақида хабар тарқатди.
Қурилиш вазирлигига кўра, Қарши шаҳрида 23 июн куни қулаб тушган беш қаватли меҳмонхона Nasaf Travel ширкатининг ўзбошимчалик билан қураётган биноси бўлган.
Бино томининг бетон плитаси қулаб тушиши оқибатида бир қурувчи ҳаётдан кўз юмган.
Ўзбекистонда барпо этилаётган намунавий уйлар қурилишига ўқитувчилар жалб этилиши, "ўзимнинг уйим бўлади" деган умид билан уй олганларнинг қурилиш сифатидан ҳафсалалари пир, ўзлари овораю сарсон бўлганлари матбуотда анчадан буён ёритиб келинади.
Президент Мирзиёев қудратга келганидан кейин аҳолини уй-жой билан таъминлашга, одамлар ҳаётини яхшилайдиган иншоотлар қурилишини кўпайтиришга қарор қилган, мамлакат миқёсида қурилишларнинг кўп бўлиши катта сондаги аҳолини иш билан таъминлашига, қурилиш соҳаси мамлакатдаги ислоҳотлар драйверига айланишига умид қилинди.
Аммо мамлакатда малакали қурувчиларнинг сони камайиб кетгани, тўққиз қаватли бино барпо этишда фойдаланиладиган кўтарма кранларнинг етишмаслиги маълум бўлди.

Сурат манбаси, kun.uz
Охирги йилларда барча биноларни бирор байрам ёки санагача қуриб битказилгани ҳақида "рапорт бериш"га ўрганган қурилиш масъуллари учун техника хавфсизлигидек муҳим талабларни инкор этаётганлари, тезроқ қуриб битказиш учун йўл четидаги лотоклар сингари муҳим унсурларни ҳам "унутиб қолдираётганлари" ошкор бўлди.
Президент Мирзиёевнинг ўзи бино ва йўл қурилишларида "сифат йўқ"лигини эътироф этишга мажбур бўлди, қурилиш соҳаси ислоҳоти долзарблиги ўртага чиқди.
Ўзбекистон президентининг "Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги қурилиш соҳасида назорат инспекцияси низомлари тасдиқланди.
Ўзбекистонда 1 июндан "Қурилишдаги назорат" деб номланган эксперимент Тошкент шаҳрида бошланди, бу ишлар Ўзбекистонда қурилиш сифатига эътибор фақат 2020 йилга келибгина бошланганини англатади.

Сурат манбаси, kun.uz
Сардоба сув омбори ўпирилиши ҳақида мақола ёзган Канадада истиқомат қиладиган ўзбекистонлик инженер Шарофиддин Қарабоев Ўзбекистон қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар ўзи ичига олиши керак бўлган йўналишларни санаб ўтди.
Шулардан бири қурилиш объектларини қуриб фойдаланишга топширишни байрамларга тўғирлашдан воз кечишдир.
"Қурилиш ҳеч қандай байрамларга боғлиқ эмас. Унинг ўз қонун-қоидалари бор. Ҳар бир босқичда бажариладиган ишнинг маълум муддати мавжуд. Муддатни қисқартириш учун ишга зўр бериб тезликни ошириш билан сифатнинг пасайишига эришасиз холос. Бу тизимли муаммо", деб айтган Шарофиддин Қарабоев Kun.uz веб-нашрига берган интервюсида.
"Иккинчи масала, ўқув юртларида муҳандислар тайёрлаш дастурларини янгилаш, таълим сифатини ошириш керак бўлади. Малакали кадрларни ўз жойига тайинлаш, ҳар бир соҳани ўз профессионали бошқаришига йўл бериш керак. Иқтидорли, билимли ёшларга йўл бериш керак", дейди инженер.
Ўзбекистондаги қурилиш сифатига маъмурий-буйруқбозликнинг салбий роли борлигидан кўпчилик хабардор, шундай бўлмаслиги учун ўз соҳасининг билимдон мутахассиси қадрини ошириш зарурлигини урғулайди эксперт
"Бундан ташқари, инженерлик касби нуфузини юқорига кўтариш керак. Канадага биринчи келганимда бу ерда инженерларнинг нуфузи нақадар баландлигини кўриб, таажжубланганман. Бу ҳолат Ўзбекистонда ҳам бўлиши керак. Инженерлар лойиҳалашдан бошлаб, қурилишгача сифатни назорат қилишда, битган объектларни қабул қилишда асосий инсонлардан бўлиши керак. Амалдорларнинг кўрсатмалари билан эмас, мутахассислар тавсиялари асосида қарорлар чиқаришни ўрганишимиз керак", деган Шарофиддин Қарабоев.
Охирги йиллардаги қурилишлар коррупциялашган амалдорлар учун янги даромад манбаига ҳам айланди, бундай шароитда қурилиш билан ким шуғулланиши бўйича тендер масаласи ҳам долзарб мавзуга айланди.
"Шаффоф тендерлар ўтказиш муҳим ўрин тутади. Буни ҳам ташкил этиш шарт. Коррупция, таниш-билишчиликнинг олдини оладиган энг оддий, энг ишончли йўллардан бири шу", дейди Канадада фаолият юритадиган ўзбекистонлик инженер Шарофиддин Қарабоев.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси қурилиш тизимидаги коррупцияга бағишланган эшитув ташкил этгани хабар қилинди, бу йиғилишда "сўнгги вақтларда мамлакатимизда рўй бераётган талофатларда асосий йўқотишлар қаторида уй-жой ва бошқа қурилиш объектлари ҳиссаси катта экани ҳам тизимда бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатиши" таъкидлангани айтилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















