You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Бекор бўлган Ҳаж ва янги эгасини қидираётган Coca-cola O'zbekiston Haj
Расман: Президент Россияга жўнаб кетди
Президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москвага жўнаб кетди.
Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар қилган.
"Бугун куннинг иккинчи ярмида олий даражада икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилади", маълум қилади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шунингдек, Президент Мирзиёевнинг баҳсларга сабаб бўлган Ғалаба парадида иштирок этиши ҳам расман тасдиқланган.
"Эртага, 24 июнь куни давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади".
Ҳаж бекор қилинди
Дин ишлари бўйича қўмита жорий йилда хорижлик зиёратчилар учун Ҳаж мавсуми бекор қилинганини хабар қилмоқда.
"Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги, бу йилги Ҳаж мавсумини фақат Саудия Арабистони ичида бўлиб турган фуқаролардан иборат зиёратчилар учун чекланган миқдорда ташкил этиши ҳақида қарор қабул қилди. Хорижий мамлакатлардан зиёратчилар қабул қилинмайди", дейилади қўмита хабарида.
Яна кучайтирилган карантин
Республика махсус комиссиясининг қарори билан санитария-гигиена назорати яна кучайтирилмоқда:
Хусусан:
· Тошкент шаҳридаги «қизил» ҳудудлар яна блокпостлар билан беркитилади, карантинга олинганларнинг хонадони олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилади.
· Супермаркет ва йирик дўконларга киришда бир марталик бепул қўлқоплар тарқатилади
· Жамоат транспорти ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилади ва касаллик тарқашига сабаб бўлиши мумкин йўловчи ташиш ҳолатларига нисбатан жавобгарлик белгиланади
· Барча бозорлар дезинфекция ўтказиш мақсадида ҳафтада бир маротаба ёпилади
· Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси жамоат жойларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда кучайтирилган тартибда рейдлар уюштиради
· Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўзига тегишли ҳудудда карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун шахсан жавобгар бўлади; агар ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўйилса, раҳбарларга лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазо қўлланилади
Ўзбекистонликлар учун назорат ва жазо чоралари кучайтирилаётган бир вақтнинг ўзида эса махсус комиссия чет элликларга қулайликлар яратишга эътибор қаратган.
Эндиликда, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, уларнинг хоҳишига кўра, 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда, меҳмонхонада ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари мазкур тоифадаги давлатлардан келган хорижликлар, ўз хоҳишига кўра, 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ҳам ўтказиши мумкин.
Coca-cola сотилади
Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd масъулияти чекланган жамияти, шаффофлик таъминланган ҳолда, оммавий савдолар асосида хусусийлаштиришга тайёрланмоқда.
Бу ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар тарқатган.
"Бу жараёнга нуфузли халқаро молия ташкилотлари, хорижий инвестиция воситачилари ва аудиторлик компанияларини жалб этиш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги - 57,118 фоиз улуш Ўзбекозиковкатхолдинг холдинг компаниясига ва 42,882 фоиз The Coca-cola Export Corporation (АҚШ) компаниясига тегишли", билдиради агентлик.
"Бундан буён ҳеч қандай ахборотни жиловлай олмаймиз"
Gazeta.uz нашри ўтган ҳафта бўлиб ўтган Сенатнинг 5-ялпи мажлисида Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг блогерлар ва ахборот эркинлиги тўғрисидаги нутқига эътибор қаратган.
7 соатдан зиёд вақт давомида жонли эфирга узатилиб турилган, аммо онлайн тарзда жуда кам одам томонидан кўрилган мажлис давомида Давлетов "ҳар бир айтган сўзи учун блогернинг ортидан қувишни бас қилиш" ҳақида гапирган.
"Блогерларнинг орқасидан қувиб юриш керак эмас. Тўғри ишлаш керак - тамом. Ҳамма нарсанинг ечими бор… агар нотўғри ахборот тарқатган бўлса, кимгадир тухмат қилган бўлса… ноқонуний ахборот тарқатган бўлса, биз тегишли тартибда ҳал қилишга ўрганишимиз керак… бундан кейин ахборот замонида биз ҳеч қандай ахборотни жиловлай олмаймиз. Шунинг учун, иложи борича, тарқатилаётган маълумотлардан тўғри хулоса қилиб, тўғри ишлашга, қонун устуворлигини таъминлашга, шаффофликни таъминлашга, мана шунақа замонавий услубда ишлашга ўтишимиз керак", деган вазир.
"Бошқа буёқда йўл йўқ. Ахборот жиловланмайди буёғига", давом этган у.
Хусусий клиникаларда тест топшириш мумкин
24 июндан бошлаб нодавлат тиббиёт муассасаларида ҳам COVID-19'га таҳлил топшириш имконияти пайдо бўлди.
Бундан ташқари фуқаронинг ихтиёрига кўра, таҳлил учун суртмани яшаш жойига ҳам келиб олишга рухсат берилмоқда.
Хабарда таҳлил нархини нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўзи мустақил белгилаши айтилади.
Коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?
23 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6500 нафарни ташкил этмоқда.
"Янги беморларнинг 15 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 13 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 12 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида), 11 нафари Сурхондарё вилоятида (шундан 9 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида) аниқланган", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Шу вақтга қадар 4450 нафар бемор соғайган, касалхоналарда 2031 бемор қолмоқда.
Улардан 15 нафари оғир, 4 нафари ўта оғир аҳволда экани маълум қилинган.
- Ҳаж бекор бўлади - энг йирик мусулмон давлати қарор қилди. Ўзбекистон-чи?
- Ўзбекистон ҳукуматига ҳам коронавирус кирди: касалланган ким?
- Ўзбекистон: Коронавирус юқтирган сайёҳларга 3000 доллар берилиши пиар билан тушунтирилди
- Тошкент ИИББ сохтакорлик билан қўлга тушди, қоидалар фақат оддий халқ учунми?
- Коронавирус: энди самолётда қандай учамиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek