Коронавирус: энди самолётда қандай учамиз? Koronavirus

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Коронавирус пандемияси йўловчи парвозлари саноатини кескин ўзгартирди.

Бир неча ой авиа ширкатларнинг иши деярли тўхтади, 15 июндан кўплаб авиакомпаниялар, жумладан, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг ҳам йўловчилар учун парвозларни қайта йўлга қўйгани эълон қилинди.

Аммо бугун кўп одамларнинг хаёлида "самолётнинг ичида коронавирусни юқтириб олмайманми?" деган савол.

Йирик молиявий зарар кўраётган авиация ширкатлари йўловчиларнинг имкони борича тезроқ қайтишларини истамоқда ва пассажирлар учун янги хавфсизлик чораларини жорий этмоқда.

Мутасадди ташкилотлар берган маълумотларга қараганда, коронавирус пандемияси туфайли дунё бўйича 17000 самолёт туриб қолди.

"Ҳар бир дақиқаси ва соати пул турадиган" бу учоқлар глобал авиация флотининг учдан икки қисми деганидир.

Ўзбекистон нега Хитойга очилмоқчи? - O'zbekiston, Xitoy, dunyo - BBC Uzbek

Жаҳон бўйлаб авиация саноати жорий йил охиригача жами 270 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўради, дея башорат қилинаяпти.

"Энди самолёт бортига чиқишга кўпроқ вақтингиз кетишига тайёрланинг!"

"Бундан кейин самолётга чиқиш кўпроқ вақт олади", дейди саёҳат ва авиация бўйича эксперт Сам Чуи.

Чунки аэропортда ҳар бир йўловчининг соғлом эканига ишонч ҳосил қилиш керак, бунинг учун унинг иммунитет паспортини текшириш, терминалнинг ўзида Covid-19 тестини олиб, бу тест натижасининг чиқишини кутиш керак.

Шунингдек, йўловчининг багажида ҳам ҳеч қандай вирус бўлмаслиги чораларини кўриш талаб қилинади, токи етиб борган мамлакати аэропортидаги чемоданлар каруселида санитар тозаланган багаж бўлсин.

"Саёҳатнинг янги санитар дунёсига хуш келибсиз", дейди Сам Чуи.

"Барча авиа компаниялар учун ягона хавфсизлик чораси зарур"

Кенг омманинг учоқлар парвози хавфсизлигига ишончи қайтиши муҳим, авиа ширкатлар айнан шунга ҳаракат қилмоқдалар.

Турли авиа компаниялар турли хавфсизлик чораларини жорий этмоқда.

Самолётдаги уч ўриндиқ ўртасидаги ўриндиққа йўловчи ўтирғизмаслик, самолётда мажбурий юз ниқоби ва шаффоф юз қалқони каби тартиблар йўлга қўйилди.

Туркиядаги саёҳат бўйича эксперт Абдулла Нергиз эса ҳамма авиа компаниялар учун ягона сиёсат ишлаб чиқиш муҳим деб ҳисоблайди.

"Ҳар хил сиёсат, аксинча, йўловчиларни қўрқитиши мумкин", дейди эксперт.

Пекин яна карантинда, бироқ Хитой Ўзбекистоннинг "яшил" мамлакатлар рўйхатида

Ўзбекистон 15 июндан хорижий мамлакатлар билан йўловчилар ҳаво қатновларини қайта тиклашга қарор қилди.

Бунда халқаро авиарейслар "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратилди.

Ўзбекистоннинг "яшил" тоифа мамлакатига эпидемиологик вазият барқарор деб кўрилган Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Исроил киритилгани хабар қилинди.

"Сариқ" тоифага Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар, Малайзия, Таиланд ва Сингапур киритилган, бу мамлакатлардан Ўзбекистонга учиб борган инсоннинг 14 кун уй карантинида сақланиши талаб қилинади.

"Қизил" тоифага коронавирус камаймаётган давлатлар киритилган, булар — Россия ва бошқа МДҲ давлатлари, Туркия, БАА, Эрон ва Афғонистон. Бу мамлакатлардан эвакуация рейсларида Ўзбекистонга олиб борилганлар 14 кун карантин марказида сақланиши хабар қилинди.

Хитой расмийлари 56 кунлик "сукут"дан кейин пойтахт Пекинда янги коронавирус ҳолатлари аниқланганини эълон қилдилар, 21 миллион аҳоли яшайдиган шаҳарнинг ўнлаб мавзелари карантинга олинди.

Пекиндан юзлаб парвозлар бекор қилинди, мактаблардаги сабоқлар тўхтатилиб яна масофали таълимга қайтилди.

18 июн тонгигача 137 янги вирусни юқтириш ҳолати аниқлангани хабар қилинди.

Янги коронавирус ўчоғи деб шаҳарнинг 80 фоиз гўшт ва сабзавот билан таъминлайдиган Ксинфанди бозори деб кўрилмоқда.

Маълум бўлишича, бозорда музлатилган гўшти қизил балиқ савдоси билан шуғулланадиган эркак илк бор коронавирусни юқтирган.

Барча дўконлар ва емакхоналар салмон балиғи гўштини савдодан қайтариб олганлар.

Аксар мутахассислар музлатилган балиқ гўшти коронавирус манбаси бўлмаса керак деб айтмоқдалар.

Пекиндаги коронавирус иккинчи тўлқинининг қайтиши энди дунёнинг янги нормал ҳаётига айланишини англатади, дейишади кузатувчилар.