You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Коронавирус юқтирган сайёҳларга 3000 доллар берилиши пиар билан тушунтирилди
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга кўра, ҳукуматнинг мамлакатга келган сайёҳ коронавирус юқтириб олгани тақдирда унга 3000 АҚШ доллари миқдорида компенсация тўланиши ҳақидаги қарори Ўзбекистонни хорижда PR қилиш учун қўйилган қадам.
Бу ҳақда мулозим Kun.uz нашрига интервьюсида маълум қилган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг айтишича, туризм, "энг аввало PR".
"Ўзбекистонга келиб коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3 минг доллар миқдорида компенсация тўлаб берилишига изоҳ беришдан олдин битта нарсани - туризм энг аввало PR эканини эслатиб ўтмоқчиман. Яъни Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёда тарғибот қилишимиз керак. Шу маънода президент қарорида кўзда тутилган бу тадбир аслида ўзига хос «PR юриш» эди. Ҳозирги вақтда дунёда сайёҳларни жалб қилиш учун Ўзбекистон томонидан кўрилган ушбу чора жуда катта резонансга сабаб бўлмоқда, халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Демак, Ўзбекистонни PR қилиш учун қўйилган ушбу қадам ўзининг натижаларини бера бошлади", деб айтган Абдуҳакимов.
Абдуҳакимовга кўра, сайёҳларга берилиши кўзда тутилган компенсация миқдорига Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун сарфланаётган маблағ асос қилиб олинган.
"Хабарингиз борки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган бир нафар беморни даволаш учун давлат 32,3 млн, касаллиги оғир кечаётган ҳар бир бемор учун эса 64,4 млн сўм харажат қилинаётгани маълум қилганди. Ушбу харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланмоқда. 32 млн сўмни долларга ўгирадиган бўлсак, 3000 доллардан ошади. Мана қаердан олинди бу миқдор!", деб айтган Бош вазир ўринбосари.
Ўтган ҳафта Президент Мирзиёев "Кучайтирилган санитария-эпидемиологик хавфсизлик режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда туризм соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаганди.
Қарорнинг Ўзбекистонга келиб коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3000 доллар бериш ҳақидаги банди ижтимоий тармоқларда мунозараларга сабаб бўлган.
"Камбожага саёҳат қилиш учун туристлар 3000$ депозит қўйишлари керак экан. Мабодо вирусга чалинса, харажатларни қоплаш учун. "Жаҳон тажрибасини" кимдур хато тушунган, ёки биз ёки Камбожа" деб ёзган Малайзияда яшаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Анвар Назруллоҳ.
Айрим фойдаланувчилар пандемия шароитида халққа тўғридан-тўғри ёрдам беришдан бош тортган ҳукуматнинг сайёҳларга саҳийлик кўрсатаётганидан ҳайратларини изҳор қилишган.
Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, сайёҳларга 3 минг доллар шунчаки бериб юборилмайди.
"Сайёҳлар борадиган жойлар мутасадди ташкилотлар томонидан эпидемиологик жиҳатдан текширувдан ўтказилади, дезинфекция қилинади. Сайёҳлар белгиланган барча санитар-гигиена талабларига риоя қилинган муассасаларгагина олиб борилади. Бироқ қарорни тўлиқ ўқимасдан, унинг мазмунидан яхши хабардор бўлмасдан айрим юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда «Ҳозирги мураккаб шароитда шу керакмиди, ҳар бир сайёҳга нақд 3 минглаб доллар бериб юбораверилса, ғазнада пул қолмайди-ку, ундан кўра ўша пулни карантин даврида ишсиз қолиб қийналган халққа тарқатиш керак», деган мазмунда изоҳлар қолдиришмоқда. Хотиржам бўлинг, мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳларга минглаб доллар пул шунчаки бериб юборилмайди", деб айтган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.
Коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистоннинг туризм соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Ҳукумат айни соҳада банд фуқароларга солиқ ва кредит имтиёзлари беришга доир қатор қарорларни қабул қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek