You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Коронавирус бўйича етарли маълумот йўқ
Ўзбекистоннинг Британиядаги Туризм бўйича элчиси Софи Ибботсон Ўзбекистон ҳукуматини коронавирус эпидемияси манзарасида мамлакатга сафар қилмоқчи бўлган хорижлик сайёҳлар учун саёҳат маслаҳатларини ҳар куни янгилаб туришга чақирди.
Унинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, етарли маълумотнинг йўқлиги сайёҳлар орасида тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.
"Мен Ўзбектуризм ва Ўзбекистон ҳукуматидан турли давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга саёҳат бўйича аниқ маслаҳатлар бериб боришини сўраган бўлардим. 27 феврал куни ҳукумат қарор чиқарган. Аммо ундан буён бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтди. Вазият жуда тез ўзгармоқда. Ҳар кунлик вазият турли давлатлар фуқароларининг саёҳатига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасидаги ахборот ҳар куни зарур. Бу каби маълумотлар инглиз ва рус тиллари ҳамда Ўзбекистонга бораётган сайёҳлар учун бошқа асосий тилларда Ўзбектуризм ва Ташқи ишлар вазирларининг расмий веб-сайти ва бошқа ахборот воситалари орқали ҳар куни эълон қилиб борилиши керак", - деб айтди Софи Ибботсон.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати коронавирусга қарши чораларни эълон қилган 27 феврал кунидан буён бу каби маслаҳат ҳеч қаерда эълон қилинмаган.
27 февралдаги ҳукумат қарорига мувофиқ коронавирус кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича тартиб ишлаб чиқилган.
1 мартдан амал қилишни бошлаган тартибга мувофиқ, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Афғонистон ва Япония фуқароларини 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.
Расмий ва ҳукумат делегациялари аъзолари, шунингдек, хизмат ва дипломатик паспорт эгалари, авиакомпаниялар учувчилари ва экипаж аъзолари, локомотив бригадалар, темир йўл транспортининг транспорт фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар бундан мустасно экани айтилган.
Қарорда шунингдек, Таиланд, Озарбайжон, Буюк Британия, Малайзия, БАА давлатларидан келган фуқароларнинг яшаш жойларидаги даволаш-профилактик муассасалари шифокорлари томонидан 14 кун мобайнида тиббий кузатувга олиниши кўзда тутилган.
Аммо Софи Ибботсон, хусусан, Британиядан борганларга нисбатан 14 кунлик тиббий кузатув тадбиқ қилинмаётганини айтмоқда.
"Британиядан борган сайёҳлар, назарий жиҳатдан, 14 кунлик тиббий кузатувга олинишлари керак. Аммо амалда бундай бўлмаяпти. Шунинг учун одамлар Ўзбекистонга боришса, меҳмонхонада тиббий кузатувга олинадиларми, йўқми, билишмаяпти. Бу эса сайёҳлар орасида тушунмовчиликларга сабаб бўляпти", - деб айтди Софи Ибботсон.
Унинг айтишича, британиялик кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонга сафарни бекор қиляпти ёки вазият ўнгланиб қолар, деган умидда кейинга қолдирмоқда.
Хорижлик сайёҳларда Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ тартиб юзасидан саволлар пайдо бўлаётганини Ўзбекистон Туризимни ривожлантириш бўйича давлатт қўмитаси вакили ҳам тасдиқлади.
Қўмита Матбуот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоеванинг Би-би-сига айтишича, қўмита шу кунларда британ сайёҳларининг бу ҳақдаги сўровини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига йўллаган.
"Вазиятга ойдинлик киритилмоқда", деб айтди Туризм қўмитаси вакили.
Раҳмонбоеванинг айтишича, ҳозирда бу борадаги тезкор маълумотларни етказиш учун алоҳида мобил иловани ишга тушириш режаланмоқда.
'Меҳмонхонадан қайтади'
Айни пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вакили Би-би-сига Британия дохил беш давлат фуқароларига нисбатан жорий этилган карантин - тиббий кузатув амал қилаётганини таъкидлади.
Коронавирусга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Ўктам Каримовнинг айтишича, жумладан, Тошкент аэропортга келган Британия фуқаролари аэропортдаги бирламчи тиббий кўрикдан ўтгач, анкета тўлдирилади ва маълумотлар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига жўнатилади.
"Биз маълумотларни туман марказий поликлиникалари қошидаги штабга узатамиз, уларни тиббий кузатувга олади. 14 кунгача меҳмонхонадан чиқмаган ҳолатда. Чиқса, маъмурий жавобгарлик бор", - деб айтди коронавирусга қарши курашга маъсул агентлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, Таиланд, Озарбайжон, Буюк Британия, Малайзия, ёки Бирлашган Араб Амирликларидан 10 кунга келган сайёҳ "меҳмонхонадан чиқмасдан қайтиб кетади".
Ўктам Каримов Туризм қўмитаси ва сайёҳлик ширкатларига бу каби сафарларни бекор қилишни маслаҳат бераётганликларини айтди.
Унинг айтишича, ушбу тартиб "вазият барқаролашгунича" давом этади.
10 март ҳолатига Британияда коронавирусга чалинганлар сони 373 кишига етган, олтинчи киши вафот этган.
Туризмга зарба
Ўзбекистоннинг Британиядаги Туризм бўйича элчиси Софи Ибботсонга кўра, коронавирус дунё туризм соҳасига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда.
"Ҳозирга қадар 100 дан ортиқ давлатлар коронавирус тарқаганини эълон қилишди. Бу эса, ҳам ушбу мамлакатлардаги аҳоли ва ҳам сайёҳларни ниҳоятда эҳтиёт бўлишга ундамоқда. Ҳозирнинг ўзида кўпгина халқаро парвозлар бекор қилинди. Баъзилари, масалан, Хитойга ва Хитойдан парвозлар ҳукуматларнинг чекловлари натижасида бекор бўлди, бошқалари эса етарли сондаги йўловчилар бўлмагани учун бекор бўлмоқда", - дейди Софи Ибботсон.
Аввалроқ Британияда чиқадиган The Telegraph газетаси Ўзбекистонни коронавирусдан холи ва саёҳат қилишга арзийдиган 16 та давлат рўйхатига киритганди.
Софи Ибботсоннинг фикрича, вазиятнинг қандай ривожланиши ва Ўзбекистоннинг туризм соҳасига қанчалик таъсир кўрсатишини ҳозирдан башорат қилиш мушкул.
"Ҳозирда Жаҳон соғлиқ ташкилоти коронавирус эпидемияси апрел ойи ўрталарида юқори чўққисига чиқиши ва ундан кейин, ҳаволар исиши билан вирусга чалиниш ҳоллари камайишини башорат қилмоқда. Ўзбекистоннинг ўзида ҳозиргача коронавирус ҳолати аниқланмаган. Аммо вирус борган сари кўпроқ давлатларда тарқаётгани назарда тутилса, Ўзбекистонни ҳам буткул истисно қилиш қийиш. Бу каби ҳолатда нафақат Ўзбекистон коронавирус тарқаган давлатлардан сайёҳларнинг келишини истамаслиги, балки сайёҳларнинг ўзлари ҳам Ўзбекистонга сафар қилишдан тийилишлари мумкин. Барча давлатларда оммавий тадбирлар, масалан, Наврўзга ўхшаган байрам тадбирларининг бекор қилинаётганига гувоҳ бўляпмиз", - дейди Ўзбекистоннинг Туризм элчиси.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, коронавирус ўчоғи бўлган Хитойдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими ўтган йилнинг февралига нисбатан 75,2% фоизга камайган.
Хитойликлар Ўзбекистонга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони бўйича иккинчи ўринда туради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek