Ўзбекистон ҳукуматига ҳам коронавирус кирди: касалланган ким?

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Коронавирус Ўзбекистон ҳукумати доираларига ҳам кириб борди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ходимида коронавирус аниқлангани хабари тарқалди.

Хусусан, Kun.uz нашри Вазирлар Маҳкамаси департамент мудирида коронавирус аниқлангани ва бу маълумотни нашрнинг бир нечта манбаси тасдиқлаганини ёзмоқда.

"…манбаларнинг маълум қилишича, айни вақтда ҳукумат биноси қатъий карантинга олинган, барча ходимлар коронавирусга тест топширишмоқда" - дея ёзмоқда Kun.uz.

Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимида коронавирус инфекцияси аниқланганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон нега Хитойга очилмоқчи? - O'zbekiston, Xitoy, dunyo - BBC Uzbek

Тошкентда бир нечта бозор ёпилди

Пойтахтда Малика савдо мажмуаси, Юнусобод деҳқон бозори ва Ўрикзор бозори фаолияти тўхтатилган.

Бу борада хабар берган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу қарорни коронавирус юқтирганлар сони ошиши билан изоҳлаган.

Бундан ташқари пойтахтдаги 71 та маҳалла қизил ҳудудга киритилган.

Қизил маҳаллалар ёпилади

Қизил ҳудудга айланган маҳаллалар ёпилиб, атрофида постлар ўрнатилиши ва у ерда ҳуқуқ тартибот ходимлари, Милилй гвардия ҳамда санитария-эпидемиология ходимлари навбатчилик қилишлари билдирилмоқда.

"Қизил ҳудудда яшовчи фуқаролаор уйдан фақат озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сотиб олиш учун маҳалласидан ташқарига чиқиши мумкин, холос.

Замҳоким $60 минг билан ушланди

Ўзбекистон 24 телеканали катта миқдорда пора билан қўлга тушган ҳоким ўринбосари тўғрисидаги лавҳани намойиш этган.

Унда Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида ҳоким ўринбосари тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 10 гектар бўш ерни 60 минг АҚШ долларига сотиши ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, 25 минг доллар олаётганда қўлга олингани айтилади.

ДХХ ва прокуратура органлари томонидан қўлга олингани билдирилган бу шахснинг қайси туман ҳокими ўринбосари эканига ойдинлик киритилмаган.

Мажбурий меҳнатга қарши кураш

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йилнинг шу вақтига қадар 28 та мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати аниқланган ва айбдорларга нисбатан жарималар қўлланган.

"Масалан, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳоким ўринбосари 2020 йил 6-7 май кунлари туман умумтаълим мактаблари директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги "Ёшлар майдони"га директорлар ва уларнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилинган.

Самарқанд вилояти Нарпай туман Халқ таълими бўлими мудири эса 2020 йил 22 май куни тумандаги 1, 10, 12, 22-умумий ўрта таълим мактабларида мактаб директорларига мактаб ҳожатхоналарини ходимларга таъмирлашни буюрган.

Фарғона шаҳридаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 18-цех бошлиғи ўринбосари цех ходимини ўзининг яшаш уйида ишлаш учун мажбуран жалб қилган", дея мисоллар келтиради вазирлик.

Вилоятликлар Тошкентда қанча уй сотиб олди?

Адлия вазирлги "прописка очилгани"дан ўтган 70 кун ичида Тошкент шаҳрида 12,799 та уй олди-сотди битими тузилгани ва битимларнинг деярли 70 фоизи пропискаси бошқа ҳудудларда бўлган инсонлар ҳисобига тўғри келишини хабар қилмоқда.

"20 йилдан ортиқ амалда бўлган, Тошкентдан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммоларини ҳам барҳам топишига хизмат қилди.

Хусусан, кўплаб фуқаролар уйни Тошкентда пропискаси бўлган таниши номига расмийлаштириб, кейин "ўз уйида ижарачи" бўлиб яшашга мажбур бўлганлиги ҳам сир эмас. Фармон қабул қилиниши билан яратилган имкониятдан биринчи навбатда шундай фуқаролар фойдаланиб, уйларини ўз номига расмийлаштиришди", дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтиш лозим, пропискаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бўлмаган ўзбекистонликлар 1 апрелдан бу ҳудудлард кўчмас мулк сотиб олиш имконига эга бўлган эдилар.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek