Ўзбекистон энг кўп кимдан қарздор, коронавирус юқтирганлар 5 мингдан ошди - O'zbekiston

Сурат манбаси, Ulugbek Meylikov/Facebook
Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони расман 5 минг нафардан ошди.
Якшанба, 14 июнь Тошкент вақти билан соат 23:00 маълумотига кўра, Ўзбекистонда шу пайтгача коронавирус юқтирганлар сони 5080 кишига етган.
Беморларнинг аксар қисми Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқлангани айтилмоқда.
Энг кўп бемор Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида аниқланган.
Маълум бўлишича, Тошкент, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида аҳоли орасида ҳам вирус топилган.
Бу эса коронавирус кенг аҳолиси орасида мавжудлигини англатиши мумкин.
Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда бир муддат кундалик вирус юқтириш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатилган ва бир кунда 200 нафар атрофида бемор аниқланган ҳоллар ҳам учраганди.
Аммо охирги кунларда кундалик ҳолатлар бўйича расмий рақамлар яна тушганини кўриш мумкин.
Жами мингдан зиёд киши ҳозир касалхонада қолмоқда,
Шу пайтгача Ўзбекистонда коронавирус юқтиргач, оламдан ўтган беморлар сони 19 нафар.
Ўзбекистон кескин карантин чоралари киритган давлатлардан.
34 миллионли мамлакатда расман 5 минг беморнинг аниқланиши, бу нисбатан кам рақам.
Шунингдек, расман вирусдан ўлиш кўрсаткичлари ҳам жаҳондаги ўртача ҳолатдан анча паст.
Қарз ва қўрқув
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон олаётган ташқи қарзлар мамлакат ичида ҳам, ташқарида ҳам турли мулоҳазаларга ундамоқда.
Ўзбекистонда баъзи иқтисодчилар мамлакат олаётган қарзларини қанчалик самарали ишлаётганини савол остига олмоқдалар.
Олдинроқ эса АҚШда жойлашган S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон ташқи қарзлари кутилганидан кўра анча тез ошаётганини маълум қилганди.
Батафсил ўқинг:
Ўзбекистон мулозимлари мавжуд ҳолатни дунёга қиёсан мўътадил, деб изоҳлашган.
Бу борада ёзган кун.уз нашрига кўра, Молия вазирлиги вакили жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра давлат қарзи 18.2 миллиард АҚШ доллари эканини билдирган.
Англашилишича, давлат қарзлари ЯИМнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этмоқда.
Ўзбекистон кимдан қарздор?
Айни пайтда, расмийлар ташқи қарзлар асосан кимлардан олинганини ҳам айтганлар.
Кун.уз вебсаҳифасидаги иқтибосларга биноан, асосий икки кредитор - Осиё тараққиёт банки (3.9 млрд доллар) ва Хитой банклари (3.6 млрд доллар).
Кейинги ўринларда Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги банклари келадилар.
Қатор таҳлилчилар Ўзбекистон олаётган ташқи қарзлари бу мамлакатнинг жаҳондаги сиёсий мавқеига ҳам таъсири қилиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилганлар.
Бироқ расмийлар ташқи қарзлар манбалари етарлича ранг-баранглашганини айтишган.
Ўзбекистон олган қарзларнинг асосий ҳиссаси энергетика, транпсорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига тўғри келиши билдирилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












