Ўзбекистон, коронавирус: Фура ҳайдовчилари иммунитети борми? Ёхуд айб коронавирусдан ҳимоя қилувчилардами? Koronavirus, O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUzbek.com
Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони кўпаяётгани инфекция тарқалиши олдини олишга масъулларнинг фаолиятидан норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Интернет ижтимоий тармоқларида мамлакатда коронавирусга қарши кўрилаётган чораларнинг самараси савол остига олинаётган муҳокамалар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.
Хусусан, охирги вақтларда COVID-19 тарқалишига сабаб бўлаётган халқаро юк ташувчи автомобиллар ҳайдовчиларининг карантинга олинмаётгани сўралмоқда.
Агар охирги кунлардаги вазиятга эътибор қаратилса, Ўзбекистонда карантин чоралари енгиллаштирилиши билан янги юқтириш ҳолатлари кўпайди, ўзбекистонликлар четдан келганлардан эмас, охирги уч ойда Ўзбекистоннинг ўзида бўлган инсонлардан юқтираётганлари маълум бўлмоқда.
Давлат Бош санитар врачи Нурмат Отабеков охирги юқтириш ҳолатларининг манбаларини тополмаётганларини тан олди.
Расман хориждан Ўзбекистонга кирган инсонлар орасида халқаро юк автомобиллари ҳайдовчиларида коронавирусни юқтирганлари аниқлангани, улар орасида бир ҳайдовчи оламдан ўтгани хабар берилган эса-да, четдан кирган ҳайдовчида дастлабки текширув вирус борлигини кўрсатмаганини, аммо бу ўша ҳайдовчи соғ эканини англатмаслиги аён бўлмоқда.
Хусусан, оммавий юриш ташкил қилинган Андижоннинг Избоскан туманилик фура ҳайдовчисида бўлгани каби.
"Шу йилнинг 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган. Шу куннинг ўзида ўрнатилган тартиб бўйича постдаги СЭОМ ходимлари томонидан ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ.да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган. Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган", деб хабар тарқатди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби.
"Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчи ҳам ўз уйидан топилган.
Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.
Эпидемиологик суриштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р. ва Б.Қ. билан мулоқотда бўлган барча 100 нафарга яқин фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.
Ачинарлиси, ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, қўшнилари ва бошқа кўплаб инсонларнинг коронавирусда гумонланиб карантинга олинишига, уларнинг соғлиги хавф остига қўйилишига сабаб бўлган", дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби.
Бундан келиб чиқадики, халқаро юк автомобиллари ҳайдовчиларини бир эмас, бир неча бор текшириш лозим ва суртма натижалари чиққунча ҳайдовчиларни автотураргоҳда эмас, хориждан чартер рейсларда олиб борилган инсонлар сақланаётган карантин зоналарида туришларини таъминлаш талаб қилинади.
"Кириб келиши билан ҳар бир фура ҳайдовчисини карантинга олиш лозиммасмиди? Ёки бу ҳайдовчиларда иммунитет бор деб ўйлашадими?", деб ёзди социал тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
29 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий вилоятида коронавируснинг бешта ўчоғи аниқлангани ва вилоятга Тошкентдан мутахссислар юборилгани, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманига кириб-чиқиш тақиқланганини хабар қилди.
Расмийларга кўра, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Хатирчи, Конимех ва Томди туманларида 119 кишида коронавирус аниқланган.
27 май куни Шофиркон туманидаги бир оиланинг етти аъзосида коронавирус аниқланган, бу инсонлар туман марказидаги Star Market супермаркетига кириб-чиққанларини айтганлар.
Энди 24 майдан кейин Star Market супермаркетига кириб чиққан барча одамларни текширувдан ўтказишга тўғри келади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 май кунигача Ўзбекистонда коронавирусни юқтирган инсонларнинг сони 3468 га етганини, 2773 киши соғайганини, 14 инсон ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди.

- Ўзбекистон: Ҳукумат коронавирус тарқалишида назоратни қўлдан чиқардими?
- Тошкент карантинни енгиллатиб бироз шошдими?
- Ўзбекистон: Коронавирус хавфи аригани йўқ
- Коронавирус, шифокор кундалиги: Юмшатилаётган карантин ва йўл ҳаракати маданияти
- Ўзбекистон: Карантин чекловлари янада кескинлашиши мумкин - янгиликлар
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














