Коронавирус, шифокор кундалиги: Тошкентда карантинни қандай енгиллаштирмоқдалар? O'zbekiston

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Карантин ўрнатилганига бир ойдан ошди.

Биринчи майдан бошлаб босқичма-босқич карантин чоралари енгиллаштирилмоқда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мана куннинг маълум қисмларида стикерсиз машина билан эҳтиёж юзасидан шаҳарга чиқиш мумкин.

Бунгача эса фақат фавқулодда ҳолатларда масалан, касалхонага шошилинч бориш керак бўлганида, тўлғоқ тутган аёл ёки ҳаёти хавф остида бўлган бемор билан машина ҳайдаш мумкин эди.

Карантиннинг илк кунларида махсус рейдлар уюштирилиб, ҳуқуқ-тартибот ходимлари мавжуд чекловлар бажарилиши кузатиб туришди.

Карантин юмшатилиши ортидан эса постларда машиналар тўхтатилар ва ҳайдовчилардан қаерга ва нима учун кетаётганлари сўраладиган бўлди.

Эрталаб соат 10 дан то кеч соат 5 қадар машинада юриш мавжуд чеклов қоидаларини бузиш деб кўриладиган бўлди.

Карантин юмшатилиши ортидан тоғам Тошкент вилоятидаги уйини олти ҳафталик мажбурий танаффусдан кейин кўриб келмоқчи бўлди.

У ўз уйига қоровул ҳам ёллаган эди.

Уйининг қоровулига егулик оламан деб тоғам белгиланган вақт орасида сафар қилишга улгуради.

Аммо далаҳовлисида иши кўпайиб, ортга қайтар экан, белгиланган вақтда чиқишга зўрға улгурди. Шаҳарга етмай, постда ЙПХ ходимлари уни тўхтатишибди.

- Қани машинани четга олинг.

Ҳеч нима сўрамасдан протокол ёза бошлашибди. Тоғам протоколнинг мазмуни билан қизиқибди.

- Огоҳлантириш протоколи ёзаяпмиз. Кейин кетаверасиз.

- Мени бошқа постда тўхтатса, яна протокол ёзишадими?

Йўқ, дейишди. Шу ёзганларимизнинг ҳаммаси бир маълумотлар базасига кираркан. Аммо сизни яна иккинчи марта тўхтатсак, унда қонунбузилиш бўлади, дейишди унга ЙПХ ходимлари.

У уйгача етиб олгунича ҳеч ким уни тўхтатмади. Бундан келиб чиқадики, Тошкентдан ташқарида шаҳар ичидан кўра, қаттиқроқ назорат қилинаркан.

Биз ҳаммамиз карантин чораларининг юмшатилишини хурсандчилик билан қабул қилдик.

Бу албатта, шахсий эркинликни ҳис этиш учун яхши бўлди, аммо унинг салбий томонлари ҳам кўринди.

Белгиланган вақт ичида ҳаракатланган ҳайдовчилар йўлларда ўзларини жуда тажовузкор тутишди, худдики занжирдан узилиб кетгандек.

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Кўпчилик ЙҲҚ га риоя этишмади ва бу авария ҳолатларига олиб келди.

Гарчи ЙПХ ходимлари йўлларда навбатчиликни давом эттиришган бўлса-да, барибир ўзимни хотиржам ҳис қила олмадим.

«Учар» ҳайдовчилар оддий хурмат қоидаларини ҳам унутиб, қаерларгадир шошарди.

Менда шундай хиссиёт уйғондики, карантин киритилиши билан шаҳарда худди йўл ҳаракатининг ҳамма қоидалари бекор қилингандек.

Кўпгина ҳайдовчилар бир кун яшаймиз ва карантин шароитида ҳаммаси бўлаверади, деган ақида билан юрарди. Иста - қизилда ўт, иста - қаер тўғри келса, ўша ерда бурил…

Менга тиббиёт ходими сифатида юриш учун махсус рухсатнома талаб этилмади.

Аммо клиникага навбатчилик учун бориш анчайин хатарли бўлиб қолди.

Менинг тўғримдан машиналар кесиб ўтаверганидан кейин... карантин тугамагани яхши эди, деган фикрлар ҳам пайдо бўлди менда.

Мажбурий ва зарурий иҳоталаш даврида одамлар кўпроқ сабрли ва бир-бирларини янада хурмат қиладиган бўлишади дея тахмин қилгандим. Аксинча бўлиб чиқди.

Карантин чоралари юмшатилганининг биринчи хафтасида транспортларнинг катта тиқинига учрадим.

Машинада мен билан клиника ходимлари бор эди. Уларни навбатчиликдан кейин уйларига элтиб қўйишни таклиф қилгандим. Ахир жамоат транспорти ҳали ишлагани йўқ.

Чорраҳада светофор ҳам ишламаяпти. Ҳеч ким ҳеч кимга йўл бермади, ҳар бирлари тезроқ ўтишга интилди. Яна айримлари сал бўш жойга ҳам суқилиб киришга уриниб тиқилинч ҳосил қилаётганди.

Чорраҳада чангалзор қонуни ҳукм сурарди - ким эпчилроқ бўлса, ўтиб кетаяпти.

Менда тиббий кийим, шапка ва ниқоб бор эди. Нигоҳим билан излаб, ёнимда турган машинани мени ўтказиб юборишини сўрадим. У бизнинг тиббиёт ходимлари эканимизни ва машинамдаги тиббий хоч белгисини кўриб, йўл берди.

Айни шу пайтда чап томонда қаердандир катта тезликдаги машина рўпарамга чиқди…

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, kun.uz

Мен беихтиёр ўнгга бура олдим, шу пайтда бошқа машинани туртиб юборишимга сал қолди… Хамкасбларим жуда қўрқиб кетишди. Улар шу лаҳзада юракларини ҳовучлашганини айтишди. Кейин менинг қўлларим анча пайтгача титради…

Кейинчалик 6 майдан бошлаб бизни ҳудудларга бўлишди: яшил, сариқ ва қизил. Тошкент сариқ ҳудудга кирди. Шахсий транспортда юриш вақтини 6:00 дан 22:00 гача узайтиришди. Кўплаб таксилар пайдо бўлди.

Аввалига уларни махсус ҳимоя кийимларида юришларини шарт қилишди. Карантин юмшагач, одатий либосларида ишлашларига рухсат беришди, шу билан бирга ўзларини асрашни чораларини ўзлари кўришлари шарти билан.

Ахир такси кўпчилик учун зарарланиш жойи бўлиши мумкин. Уларнинг хизматидан кунда кўп миқдордаги одамлар фойдаланади.

Менда, шифокор сифатида машина ичида ҳайдовчи ва йўловчи орасига полиэтилен тўсиқ қўйган такси ҳайдовчиларига нисбатан хурмат уйғотади.

Бу ҳозирги шароитимизда муҳим ҳимоя чорасидир. Ахир, хавф ҳали бартараф этилмаган.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek