Ўзбекистон: Кластер фермерни хонавайрон қилдими?

фермер
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида жорий қилинган кластер усули ҳақида ҳам салбий ва ҳам ижобий қарама қарши фикрлар билдириляпти. Айрим фермерлар ҳокимлик кластер учун ерларини тортиб олаётгани ва ўзлари эса колхоз давридаги оддий пудратчига айлантирилаётганидан нолимоқда.

Расмий матбуотда Президентнинг шахсий ташаббуси сифатида олқишланаётган бу ислоҳот ҳақида фақат яхши хабарларни кўриш мумкин.

Кластер сўзини инглизчадан таржима қилганда "тўплам" деган маънони беради.

Иқтисодда у бирон маҳсулотни ишлаб чиқариш учун бир неча мустақил компаниялардан ихтиёрий равишда тузилган бирлашмага айтилади.

Яъни, пахта саноатида, масалан, пахта экилишидан тортиб то у тайёр маҳсулотга айлантирилгунга қадар ўзаро бирлашган компаниялар: фермер хўжалиги, пахта заводи, тўқимачилик корхоналари ва хоказолар бирга ишлайди.

6 ноябр, чоршанба куни жонли дастуримизда Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов иштирок этди.

"Фермер мулкнинг ҳақиқий эгаси эмас эди. Қандай нав экиш, қачон ишлов бериш қанча ўғит солиш буларнинг ҳаммаси бошқариларди. Фақат ғалла ёки пахта етиштириш фермернинг номи билан боғлиқ эди, холос. Кластер усулида иқтисодий омил биринчи ўринга чиқди. Маъмурий омил иккинчи даражага ўтди" , дейди Муҳаммаджон Обидов.

Поплик фермер Умида Ибрагимованинг айтишича, кластер тизими жорий этилгач тумандаги 500 фермерга давлатдан ерни 50 йилга ижарага олиш тўғрисидаги шартномадан мажбурий равишда воз кечиш талаби қўйилган.

"Олдин Поп туманида 500 та фермер бор эди. Ҳар бирининг камида 40 гектар жойи ва камида ҳужжат билан ишлайдиган 5 ишчиси бор эди. Энди 2019 йилда кластер кириб келди. Кластерда 160 фермер қолди, қолгани ўз аризасига кўра ишдан олинди, деб ёлғон маълумот беришди. Уларни хонага мажбурлаб қамаб, ички ишларнинг ходимлари билан мажбурлаб, ёзасан аризангни ерингни оламан, деб алдаш усулида ариза олинди. Уларнинг ичида саралаб - саралаб, ўзларига маъқул келган 160 фермерни олиб қолишди", дейди у.

Фермерлар аризада 50 йилга берилган ер ижара шартномасини бошқатдан кўриб чиқишни ёзмоқчи бўлган.

"Лекин "йўқ, еримни қайта заҳирага олишингизни сўрайман, деб ёзасан, кейин тинч қўяман", деди. Яъни, воз кечаман, деб. Ўшанда ҳам юридик шахс сифатида печатсиз ёзилган аризалар. Печатсиз ёзилган ариза қонуний бўлмайди-ку", дейди Умида Ибрагимова.

Унинг таъкидлашича, кластер ташкил қилинган фермернинг роли, Шўро давридаги колхоз пудратчисидек бўлиб қолган.

"Ерга эгалик ҳуқуқимиз йўқ. Юридик шахс эмасмиз. Шунчаки оилавий пудратчи бўлиб қолдим. Пахта плани тўлмади. Аммо кластер тўлди, деб Наманган вилояти ҳокимига ахборот берган. Пахта тўлган йўқ, пахта умуман бўлгани йўқ", дейди у.

Поп тумани бир неча йилдан сўнг бу йил илк бор давлатга пахта сотиш режасини бажарган.

Ушбу мувафаққият ерларнинг кластерга ўтказилгани билан изоҳланганди.

"Сабаби мен фермер бўлсам ҳам ерга эгалик ҳуқуқим йўқ, тоннага жавобгарлигим йўқ. Кластер жавоб беради. Мен просто ишчи бўлиб ишлаяпман. У менга ойлик беряпти. Ҳоким бўлса ерни кластер олди, Президентнинг фармони мен унга жавоб бермайман, деб қочиб қутиляпти. Лекин ҳокимсиз ҳеч ким иш қилмайди. Кластернинг ҳам тепасида ҳоким турибди", дейди поплик фермер.

Кластер усулида иқтисодий омил биринчи ўринга чиқдими?

Фарғона вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов фермерлик пахтачилик ва ғаллачиликда ўз истиқболини топа олмаётгани учун кластер тизими пайдо бўлганини айтади.

Обидовнинг айтишича, Фарғонада 2018 йили бир дона кластер бўлган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 9 тага етган.

"Ҳар қандай янгилик дастлабки бошланишида қаршиликларга учрайди. Аслида, кластер бу янгилик эмас, дунё тажрибасида бор нарса. Лекин Ўзбекистон учун бу янгилик".

Обидовнинг айтишича, Фарғона вилоятида кластерга раҳбар қилиб, тўқимачилик корхонаси бор одамлар танланган.

"Чунки улар илгари бир йилда 2 минг, 5 минг тоннага яқин пахта толаси сотиб оларди. Ундан ип ишлаб чиқарарди. Уларнинг кластерга раҳбар қилинишида сабаблар бор. Биринчидан уларда пахта тўқимачилик саноати учун тажриба бор. Иккинчидан уларда маблағ бор. Илгари фермерга чигит учун, ўғит учун, ёнилғи учун давлат томонидан кредитлар берилган бўлса, энди бу ишларнинг ҳаммасида давлатнинг улуши йўқ", дейди Обидов.

Дастурни bbcuzbek.com нинг YouTube даги каналида томоша қилинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek