|
Қозоғистоннинг ОХҲТга раислиги минтақа учун нимани англатади? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Cобиқ Иттифоқ давлаталари, жумладан, Ўзбекистон ҳам Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини инсон ҳуқуқлари ва демократияга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратиб, хавфсизлик масаласини эътибордан четда қолдираётгани учун танқид қилиб келишади. Қозоғистон ҳам ҳудди ана шу танқидлардан келиб чиққандек, асосий эътиборни хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларига қаратишини айтмокда. Қозоғистоннинг ОХҲТга раислиги Марказий Осиёда тобора кескинлашиб бораётган сув ва энергетика каби долзарб муаммоларни ечишга ёрдам бера оладими? Би-би-си бу савол билан Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жамули мурожаат қилди. Расул Жамули: Мен Қозоғистоннинг ташкилотдаги раислиги бу муаммоларни ечишга кўмак беришини хоҳлар эдим. Россия ва Қозоғистон охирги 5-10 йилда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини фақат демократия, инсон ҳуқуқларига эътибор қаратиб, хавфсизлик масалаларини назардан четда қолдиргани учун танқид қилиб келишган. Шубҳасиз, бу масалалар собиқ Шўро давлатларида ҳали ҳам долзарб. Аммо шу билан бирга, Марказий Осиёда хавфсизлик масаласи алоҳида эътиборни талаб этиши маълум. Қозоғистон ўзининг раислигидан минтақадаги муаммоларга ечим топиш, ҳеч бўлмаса, ечим учун бир муроса моделини топишга умид қилмоқда. Шубҳасиз, Қозоғистоннинг бир йиллик раислиги муаммоларни ечиш учун етарли эмас. Чунки минтақадаги сув-энергетика муаммолари, наркотрафик ва миграция муаммолари йиллар давомида пайдо бўлган ва уларни бир кунда ечиб бўлмайди. Мен Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги кескин муаммолар ёки Афғонистондаги вазият ҳакида ҳали гапирганим йўқ. Буларнинг ҳаммаси Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ёки БМТ сингари нуфузли халқаро ташкилотларнинг аралашуви билан бир қаторда, минтақа ҳукуматларининг ўзи ҳам уларни тушунишини тақозо қилади. Би-би-си: Президент Назарбоев ўзининг видео мурожаатида Марказий Осиёдаги барқарор ривожланиш ҳақида гапирган. Аммо минтақа давлатларининг иқтисодий ривожланиш даражаси турлича, қолаверса, Қозоғистон Россия ва Беларус билан божхона Иттифоқига қўшилган, Ўзбекистон эса Оврўосиё Иқтисодий Ҳамжамиятини бутунлай тарк этган бир пайтда, минтақанинг бир бутун иқтисоди ва интеграция ҳақида қанчалик гапира оламиз? Расул Жамули: Албатта, 1991 йилда мустақилликни қўлга киритгандан буён, сиёсатчилар ва зиёлиларнинг чақириқларига қарамай, минтақа давлатлари иқтисодда ҳам, ички ва ташқи сиёсатда ҳам турли йўллардан кетишди. Бу жуда ҳам ачинарли, чунки тил, дин бирлигига эга, ягона зеҳниятга эга минтақа давлатларининг биргалашиб, ривожланиш салоҳияти жуда катта эди. Бу ерда сабаблар жуда кўп, албатта. Аммо ҳозирда юзага келган вазиятда, албатта, сиз айтмокчи, интеграция, умумий ривожланиш ҳақида гапириш қийин бўлади. Аммо шунга қарамай, муштарак жиҳатларни топиб, минтақанинг улкан имкониятларини ишга солиш мумкин. Би-би-си: Қозогистоннинг хавфсизлик ва иқтисодий масалаларга урғу бераётгани, унинг раислиги даврида Марказий Осиё учун жуда ҳам долзарб бўлган демократия ва инсон ҳукуклари масаласи четда қолиб кетишини англатмайдими, сизнингча? Расул Жамули: Мен бундай деб ўйламайман. Чунки Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти низомида учта модда қатъий белгилаб қўйилган. Булар, ташкилот номидан маълум бўлгани каби хавфсизлик ва ҳамкорлик, шунингдек, учинчи ўлчов-инсонпарварлик ўлчови ҳам бор. Бунга сиз айтаетган демократия ва инсон ҳукуклари, сўз эркинлиги масалалари киради. Албата, ҳар қандай давлат, қолаверса, раислик қилаётган давлатнинг ўзи бу ташкилот доирасида олган мажбуриятлари билан ҳисоблашишга мажбур. Мен Қозоғистон фақат хавфсизлик ва иқтисодга эътибор қаратиб, демократия ва инсон ҳуқуқларини бир четга суриб қўяди, деб уйламайман. Аксинча Қозоғистоннинг раислиги унинг ўзидаги инсон қуқуқлари ва демократиянинг аҳволига кўпроқ эътибор қаратишини тақозо қилади. | ИЧКИ САҲИФАЛАР Қозоғистон ОХҲТга раислиги даврида нималарни режаламоқда?14 Январь, 2010 | Bosh Sahifa Шиор ва сурат пойгасида минтақада ким олдинда?24 Декабр, 2009 | Bosh Sahifa 'Янги қонун сўз эркинлигини чеклайди'09 Декабр, 2009 | Bosh Sahifa Миклош Харашти ўрнига ким бўлиши мумкин?08 Декабр, 2009 | Bosh Sahifa 'Иқтисодий таназзулга қарамай, Қозоғистон иқтисоди ўсди'04 Декабр, 2009 | Bosh Sahifa 'Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ёпмаган'25 Ноябр, 2009 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||