|
'Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ёпмаган' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли "Жаҳон" ахборот агентлиги Россия телеканалини икки қўшни ва қардош давлат, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида танглик юзага келтирувчи бузғунчи хабар тарқатишда айблаб чиқди. Россиянинг "РБК" телеканали Ўзбекистон қўшни Қозоғистон билан чегарасини огоҳлантиришсиз, бир томонлама ёпиб олгани ҳақида хабар қилган эди. "Жаҳон" агентлиги хабарига кўра, аслида "гап Ўзбекистон томони мавсумий грипп тарқалиши туфайли 13 ноябр кунидан чегарада вақтинчалик карантин чорасини қўллагани ҳақида кетмоқда ва бу ҳақда қозоқ томони аввалдан огоҳлантирилган." Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг аччиқ-тизиқ бу баёноти ортидан қайтага кўпроқ саволлар ўртага чиқмоқда. Аввало, Россия телеканалидан ташқари Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги воизи ҳам душанба куни шу хил баёнот берган ва Ўзбекистон томони чегарани бир томонлама ёпиб, бу ҳақда огоҳлантириш ҳам бермаганини айтган эди. Қолаверса, мамлакат ичида тақиқланган мустақил интернет нашрлари хабари ва оддий одамлар орасида юрган гап-сўзларга қараганда, чегарадаги карантин мамлакатга "чўчқа гриппи" кириб келишини олдини олиш учун қилинган. Тошкентда "чўчқа гриппи" мавжудлиги ва бу касаллик туфайли бир неча киши вафот этгани ҳақидаги хабарлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бироқ Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги мулозимлари бу каби хабарларни зўр бериб рад этиб келмоқда. Давлатга қарашли матбуот нашрлари ва телеканаллари кун ора Ўзбекистонда "чўчқа гриппи"га қарши кўрилган чоралар ва мамлакатда, дунёнинг аксар давлатларидан фарқли ўлароқ, ҳалигача бу касалликка чалинган киши қайд этилмаганини тинимсиз такрорлаб келмоқда. Лекин аксар аҳоли давлат матбуотига аллақачон ишонмай қўйган ва бу каби хабарларни киноя билан қабул қилар экан, одамлар орасида тарқалаётган миш-мишларга кўпроқ ишонмоқда. Айрим интернет нашлари хабарига кўра, мавсумий грипп кенг тарқалгани учун баъзи ўқув юртларини вақтинчалик ёпиш зарурияти туғилсада, раҳбарлар ғазабидан қўрқиш туфайли ҳеч ким бу ҳақда оғиз оча олмайди. Ўзбекистонда эпидемик касалликлар, табиий офатлар қурбонлари ҳақидаги ҳар қандай маълумот давлат сири сифатида кўрилади ва кузатувчиларга кўра, президент девони тасдиғидан ўтсагина, тарқатилиши мумкин. Шу боис "чўчқа гриппи"га оид ҳар қандай маълумот энг юқори даража кўрилади ва "аҳоли орасида ваҳима тарқалишини олдини олиш" важига асосан аҳолини огоҳлантириш эп кўрилмаслиги мумкин, дейди аксар кузатувчилар. Тошкентлик ўрта ёш кишининг айтишича, унинг 14 ёшли ўғли ҳам давлат "чўчқа гриппи" ҳақидаги маълумотларни яшираётганига ишонади. "Ҳамма жойда шу ҳақда шов-шув, лекин телевизорда сира тўғри ва ишончли хабар берилмайди," дейди у. Жаҳон Соғликни Сақлаш Ташкилоти фаолияти доирасида Ўзбекистонда "чўчқа гриппи" бўйича назорат комиссияси аъзоси Боқижон Маткаримов "чўчқа гриппи" билан касаллаган беморлар борлигини рад қилар экан, шу пайтгача 1500 нафардан зиёд бемор айни шу шубҳа билан текширилгани, лекин бирортасида ҳам "чўчқа гриппи" тасдиқланмаганини айтади. | ИЧКИ САҲИФАЛАР 'Тошкентдаги уч беморда 'чўчқа' гриппи аломати'23 Ноябр, 2009 | Bosh Sahifa Ўзбекистонлик мусулмонлар ҳаж зиёратини бошлашди20 Ноябр, 2009 | Bosh Sahifa "Ўзбек-қозоқ чегараси тумов туфайли ёпилган"17 Ноябр, 2009 | Bosh Sahifa Чўчқа тумови: жаҳон ва Ўзбекистондаги вазият05 Ноябр, 2009 | Bosh Sahifa Дунёда 'чўчқа гриппи' тарқалиши борасида янги хавотир 03 Ноябр, 2009 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||