|
"Ўзбек-қозоқ чегараси тумов туфайли ёпилган" | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ўзбекистон Қозоғистон билан чегараларини чўчқа тумови хавотири сабаб ёпиб қўйган. Икки мамлакат ўртасидаги "Қоплонбек" ўтиш нуқтасида хизмат қилувчи исмини ошкор қилишни истамаган қозоғистонлик зобит Би-би-си мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон томони беш кундирки чегарани қозоғистон фуқаролари учун буткул ёпиб қўйганини айтди. Охирги чорага кўра қозоқ фуқаролари Ўзбекистонга киролмайди, аммо ватанига қайтиб чиқиши мумкин. Ўзбекистон фуқароларига Ўзбекистонга кириши рухсат этилади. Уларнинг қайтиб Қозоғистонга чиқишлари чекланган. Чегара зобитининг айтишича, чекловлар туфайли ноқонуний йўллар билан Қозоғистонга чиқиш авж олган. "Бу ҳақида Ўзбекистон томони бизни расман огоҳлантиргани йўқ, Астанадан ҳам ҳеч қандай хабар олмадик," - деди чегарачи. Би-би-си чекловларни тасдиқлаш учун Ўзбекистонда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти доирасида чўчқа тумовига қарши кураш мақсадида очилган комиссия раҳбари Боқижон Маткаримов билан суҳбатлашди. Жаноб Маткаримов Ўзбекистон ҳеч қандай қўшниси билан чегараларни чўчқа тумови туфайли ёпиб қўймаганини билдирди. "Эпидемиология маркази бундай тавсия бермаган, ва республика миқёсида бундай қарор қабул қилинмаган," - деди у. Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг чегара хизмати ходими ҳам бу каби чекловлар ҳақида Ўзбекистондан ҳеч қандай маълумот олмагани, бироқ суриштириб кўришини ваъда қилди. Қозоқ-ўзбек чегарасидаги "Қоплонбек" чегара нуқтасида хизмат қилувчи зобитнинг айтишича чекловлар икки мамлакат ўртасидаги бошқа ўтиш нуқталарида ҳам тадбиқ қилинган. У Жиззах вилояти яқинидаги "Еттисой" ўтиш нуқтасида ҳам қозоғистонликлар Ўзбекистонга киритилмаётганини билдирди. Минтақадаги мухбирларимиз фикрича, чўчқа тумовига қарши чеклов аслида Ўзбекистонда декабрь ойи охирида ўтиши мўлжалланган парламент сайловлари олдидан киритилган хавфсизлик чораси бўлиши мумкин. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||