|
Шиор ва сурат пойгасида минтақада ким олдинда? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Қозоғистондаги Орол шаҳарчаси бош майдонига кираркансиз, ҳар тарафдан президент суратлари сизга боқиб туради. "Турмушимиз яхшиланаяпти, бунда эса Нурсултон Абишевичнинг ҳиссалари катта-да, дейишарди оролликлар.
"2030 йилга бориб, Қозоғистон Ўрта Осиёнинг қоплонига айланади" каби башоратларга кўпчилик қозоқлар ишонадилар. Нефть боис иқтисод кучайиб, халқ ҳаёти ўнгланиши айни фикрни мустаҳкамлаган.
Қизилўрда шаҳридаги янги боғ Нурсултон Назарбоев номи билан аталади. "Остонада президентга ҳайкал қўйдик, бу ерда боғ очдик. Нима, ўзбеклар ҳали президент отига боғ очишмаганми?" - дея самимий савол қўйган қозоқлар ҳам оз бўлмади.
Қирғизистонга киришда сизни Президент Қурманбек Бакиев акси кутиб олади. Кейин то чиқиб кетгунингизча ҳам президентнинг ўтган 5 йиллик бошқаруви даврида элни бирлашишга чақирган сўзлари, тушган суратлари йўл-чўлда ҳам сизни ёлғиз қолдирмайди.
Қорасувда мазкур сурат маёқдек иш берди. Киракаш ҳайдовчи катта бозорда адашиб қолсангиз, "Эл бирдамлиги - қўзғалмас қоя", деб битилган суратга қараб, ўнгга юрасиз ва мени топасиз, деб тушунтирди.
Айрим ҳолларда улкан суратлар мамлакат ташқи сиёсатидан ишора беради. Қирғизистон ва Тожикистон президентлари қўл бериб турган чегарадаги ушбу сурат икки давлат орасидаги дўстона муносабатлар аломати ҳамдир.
Тожикистонда Президент Имомали Раҳмоннинг сурат ва сўзлари фуқаролар урушидан чиққан юртни бирлаштиришни мақсад қилгандек... Айни аксда "Миллат боқийлиги бирдамликда"- дея урушдан кейинги миллий ярашув урғуланган.
Ашт туманида эса Президент Раҳмон суратларидан бўш йўл ёқаларида унинг сўзларини ўқийсиз.
Орийлик Тожикистонда қарийб миллий мафкура ва олийнасабликка тенг кўрилади. Хўжанддаги мана бу кўп қаватли бино деразаларини тўсиб турган президент сурати остида "Орийлар тамаддуни жаҳон маънавияти бешигидир" деб битилган.
Конибодомдаги энг улкан сурати остида эса Президент Раҳмон айни бўлганинг хушманзаралиги, пахта ва мева-чевага бойлигини мадҳ этади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||