Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 05 Ноябр, 2007 - Published 11:39 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ўзбекшунос олима Ингеборг Балдауф билан мулоқот
Ингеборг Балдауф
Профессор Балдауф ўз фаолиятини, асосан, Афғонистон ва Ўзбекистондаги ўзбекларнинг урф-одатлари, оғзаки ижоди ҳамда адабиётини ўрганишга бағишлаган
Олмониядаги Ҳумболдт университети профессори Ингеборг Балдауф - замонамизнинг энг атоқли туркшунос ва исломшуносларидан бири.

Балдауф хоним мусулмон туркий халқлар тарихи, фольклори, санъати ва адабиётига қаратилган ўз фаолиятини, асосан, ўзбекларга бағишлаган.

Ҳали Совет Иттифоқидаги ўзбеклар ҳаёти билан танишиш ўта қийин бўлган 1970-йиллари Афғонистон шимолидаги ўзбеклар орасида бир неча йиллар давомида тадқиқотлар олиб борган.

Балдауф хоним ҳозирда ўзбек халқи оғзаки ижоди, санъати ва урф-одатларини ўрганиш қаторида ХХ аср ўзбек адабиёти ва жадидчилик борасида ҳам илмий изланишлар олиб бормоқда.

Олима Совет Иттифоқида тақиқланган ва ҳатто Ўзбекистоннинг ўзидаги кенг ўқувчилар оммасига етиб бормаган асли ўзбек тилида битилган асарларни ўрганишга ҳам эътибор қаратади.

Охирги йиллардаги фаолияти давомида Абдулла Қодирий қаламига мансуб "Хотинбоз" ва Фитратнинг "Шайтоннинг Тангрига исёни" асарларини тадқиқ этди.

Ингеборг Балдауф машҳур жадид адиби ва маърифатчи Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаж сафари кундаликларини ҳам ўрганган ҳамда олмон тилига ўгирган.

Забардаст ёзувчи Шукруллонинг "Кафансиз кўмилганлар" асари ҳам Ингеборг Балдауф меҳнати туфайли олмон ўқувчиларига тақдим этилди.

Ингеборг хоним суҳбатлар чоғи ҳатто айрим ўзбекларнинг ўзлари ҳам унутаёзган мақоллар, маталлар, иборалар ва халқ қўшиқларини ишлатади.

Олимадан ўзбек тилида интервью олган бир журналист ўзи ўзбек бўлишига қарамасдан, Балдауф хоним қўллаган "ёрғучоқ тортиш" ибораси нимани англатишини тушуна олмай, луғат титкилаганини эслаганди.

Қуйида профессор Ингеборг Балдауфнинг веб саҳифамиз ўқувчилари ва радиотингловчиларимиз саволларига жавоблари билан танишинг.

-------------------------------------------------------

АҚШдан Малик исмли тингловчимиз ўзбекларда ёши катталарга керагидан ортиқча ҳурмат кўрсатилишини таъкидлаб, бу ҳолат баъзида суистемъол қилинмайдими, деган маънода сўраган.

Ингеборг Балдауф: Азиз Малик ака, менимча, катта ёшлиларни эмас, "катта" одамларни ортиқча ҳурмат қилишади. Чунки ёши катта бўлсаям, қудрати кам бўлса, барибир, ҳурмат қилишмайди. Бир француз социологи дунёда капитал, яъни сармоя ҳукмронлик қилади, деганди. Аммо сармоя бу ерда биргина пул эмас. Масалан, инсоннинг жамиятдаги обрўси, билими ҳам бир сармоядир. Дейлик, диндор одам сайидларни жуда ҳурмат қилади. Яъни сайид бўлиш ҳам бу ерда бир сармоядек гап. Хуллас, инсоннинг обрўсими, пулими ва ёки яхши номими бўлса, ана шулардан бирининг ҳисобига бу одам ҳурмат қилинади. Тўғри, Ўзбекистонда баъзан катта одамлар ўта ҳурмат қилинади ва бунинг эвазига майдароқ одамларга ҳурмат кам кўрсатилади. Агар Фозил қорининг кассеталарини эшитган бўлсангиз, у киши ҳам, ота-онангни ҳурмат қил, деб айтадилар. Ота-онани ҳурмат қилмайдиган киши одам ҳисобига ҳам кирмайди. Дин ҳам, цивилизация ҳам, илм ва тарбия ҳам одамни инсофга даъват этади. Яъни ёшидан қатъи назар ҳар бир одамни ҳурмат қилишга чақиради. Ёши катта одамни ҳурмат қилиш керак, лекин унинг нуқсони кўп бўлса, ҳурмат қилмаслик ҳам мумкин.

Исмини бермаган бир тингловчимиз, олмон халқи билан ўзбек халқининг урф-одатлари, уларнинг дунёқарашлари, менталитети ва, хусусан, аёллари хусусида нима, дея оласиз қабилида сўраган.

Ингеборг Балдауф: Сизнинг саволингиз жуда катта ва жавоб сифатида ҳам "катта" гапни айтиш керак. Олмония аёлларининг сони 40 миллион. Ўзбекистондаги аёлларнинг сони эса 15 миллион. Мана шу жавоб билан, иншоолоҳ, саволни ҳам тушунтирган бўлсам керак.

Қирғизистондан Одилжон исмли ўқувчимиз "сарт" атамасининг ўзбек миллатига қанчалик аҳамияти борлиги билан қизиқади.

Ингеборг Балдауф: Тарихий маънода "сарт" атамаси ҳақида билмоқчи бўлсангиз, Юрий Бригелнинг бу борадаги мақоласига мурожаат қилинг. Сизнинг саволингиз балки бошқа маънода берилган бўлса керак. "Сарт" калимаси ўз вақтида руслар ва бошқа миллатлар тарафидан ҳозирги ўзбекларга қарши камситиш маъносида ишлатилган экан. Агар бу сўзга худди ана шу нуқтаи назаридан қарасак, ёмон калима бўлиб чиқади. Бир миллатни ўзи ёмон кўрган ном билан номлашнинг нима кераги бор?

АҚШдан Ойбек Мирзонинг мактубини мухтасар тушунтирсам. 1920-йиллари Марказий Осиёда миллатлар бўлмаган ва фақат туркийзабонлар ва форсийзабонлар яшашган ва уларнинг бир неча элатлари бўлган. Аммо уларни нега ўзбек ва тожик, деб аташган?

Ингеборг Балдауф: ХХ аср бошларида миллатчилик янгитдан пайдо бўлган эди. Бу нарса Ўрта Осиёга ҳам ташқаридан кириб келди. Шу боис минтақаликлар ҳам дунёнинг бу янгилигидан бенасиб қолмайлик, деб тўғри келса, келмаса, уни қабул қилишди. Афсуски, бунинг оқибатини ҳозирги кунгача кўрса бўлади.

Анвар исмли ўқувчимиз нега айнан ўзбекларнинг урф-одати, оғзаки ижоди ва адабиётини ўрганишни танлаганингиз билан қизиқмоқда. Бу маънодаги саволга яна жуда кўплаб тингловчиларимиз жавоб исташган.

Ингеборг Балдауф: Бу менинг шахсиятимга тегишли савол. Бахтимга, деб айтаман, 70-йиллари сайёҳ бўлиб Афғонистонга борганман. Ўшанда Афғонистондаги ўзбекларнинг ашулаларини эшитиб, уларга мафтун бўлиб қолдим. Аввалига шу ашулаларни теранроқ ўрганаман, дея кейинчалик ўзбекларнинг тилларига, шеваларига, адабиётига, урф-одатларига ва бора-бора ҳамма нарсаларига қизиқиб қолдим.

Алишер Жума исмли ўқувчимиз эса Афғонистон ва Ўзбекистон ўзбеклари орасидаги фарқни айтиб бера оласизми, деб сўраяпти.

Ингеборг Балдауф: Албатта, улар орасида фарқ бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки тарихий тажриба бошқача. Тил десангиз, урф-одат десангиз, улар бир-бирларига жуда яқинлар. Лекин яқин тарих катта фарқ қилади. Уларнинг бири афғонлар ҳукмронлиги остида қолди. Бошқаси эса советлар тизимида яшади. Шу боис ҳам улар орасидаги фарқ катта бўлиб кўринади.

Япониядан мактуб йўллаганини билдирган Камрон исмли ўқувчимиз ўзбекларда инсоф, виждон, адолат ва қадр-қиммат қолмаяпти, деган фикрни айтади ва бу каби фазилатлардан мосуво бўлиб бораётган миллатни нима бирлаштира олиши мумкин, деб савол қўяди.

Ингеборг Балдауф: Фредерик Барт номли этнологнинг айтишича, бирон-бир гуруҳ ўзининг чегаралари билан белгиланади. Бу гуруҳга кимнинг кириши эса унчалик муҳим эмас. Аммо ким кира олмайди? Яъни биз киммиз, деган саволга, аслида биз ким эмасмиз ёки орамизга ким кира олмайди, деган савол билан жавоб бериш мумкин. Ўзбеклар ўзлигини унча яхши билмаса ҳам, ўз ораларида ким учун ўрин йўқлигини жуда яхши биладилар.

Анвар Исмоилов исмли муштариймизнинг ёзишича, сиз ўз ёзган шеърлари учун Тошкентда маҳкамага тортилган Баҳром Рўзимуҳаммад исмли шоирни қутқариб қолган экансиз. Шу ростми, Баҳромни танийсизми, дея савол сўралган.

Ингеборг Балдауф: Албатта, мен Баҳром акани жуда яхши биламан ва унинг шеъриятини ўта ҳурмат қиламан. Афсуски, ўша вақтда мен ҳеч нарса қила олмадим. Лекин адолатли суд бўлса, одамни дўсти ёки орқа суянчи эмас, балки унинг гуноҳсизлиги қутқаради. Худога шукур, Баҳром ака қутқазилган.

Илҳомжон Бекмирзаев исмли асли ўзбекистонлик шарқшунос тадқиқотчи ҳозир Олмонияда эканлигини ёзади ва Ингеборг Балдауф хоним ўзбек тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қилишга розимилар, деб қизиқади.

Ингеборг Балдауф: Албатта, Ўзбекистон ва ёки бошқа мамлакатдан бўлса ҳам, биз қизиққан мавзуларга қизиқса, бажонидил ҳамкорлик қиламиз. Агар сиз Олмонияга келиб, илмий тадқиқот қилмоқчи экансиз, мен буни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим.

Олим Азизов исмли тингловчимиз Ўзбекистоннинг маданиятини қандай баҳолайсиз, деб сўрайди.

Ингеборг Балдауф: Маданият кўп қиррали бўлади. Аммо менинг фикримча, Ўзбекистондаги маданиятнинг жуда катта қисми адолат ва мувозанат, деган калималарга тортади. Масалан, совға берсам, бунинг эвазига ҳалиги одам ҳам менга совға беради. Яъни адолат ва мувозанат сақланмаса, алоқалар бузилиб қолади. Мен бердимми, шояд ўша одам ҳам қайтарса... Яъни ҳар нарсанинг жавоби ўз андазаси билан бўлиши керак. Бу мени анча пайтдан бери қизиқтиради. Бундайин олди-берди билан оилалар бузилиши ҳам, тузалиши ҳам мумкин.

Яна бир неча саволларимиз бор. Ҳумболдт университетида "Тошкент оилалари" деган лойиҳалар бор эди. Бу каби лойиҳалар ҳамон ишлаяптими?

Ингеборг Балдауф: "Тошкентнинг яхши оилалари" лойиҳамиз учун ўз орамиздан керакли одамни топа олмай қолдим ва уни яхши юритишга муваффақ бўлмадим. Лекин бошқа фаол лойиҳаларимиз бор. Масалан, йигитларимиздан бири Фарғона водийсидаги дорбозларнинг маданиятини чуқур ўрганмоқда. Бир тадқиқотчи ёш қизимиз эса Ўзбекистондаги машҳур раққосаларнинг тарихини ва ҳозирги кундаги вазиятини ўрганаяпти. Яна бошқа мавзуларимиз ҳам бор, аммо ҳаммасини айтсак, бир достон бўлади.

Сиз жадидчилик билан ҳам шуғуллангансиз. Жадидларнинг ғоялари бугунги Ўзбекистон ва, умуман, Ислом оламида ҳамон долзарб, қўлланиши зарур, дейиш мумкинми?

Ингеборг Балдауф: Жадидларнинг энг долзарб ғояларидан бири бу - тафаккур. Тафаккур ҳозир керак бўлмаса, яна қачон керак бўларди? Машҳур жадидчиларнинг бири:"Ҳақиқат натижаи тасодуми афкор ҳаст" - деб айтганди. Маъносини ўзбекча қилиб айтсак, ҳақиқат фикрларнинг тўқнашувидан пайдо бўлади. Шу нуқтаи назардан жадидчилик ўз қуввати кучидан ҳеч нарсани йўқотган эмас.

Айримларнинг айтишларича, Ўзбекистонда жангари ва сиёсий Ислом келиб чиқмаслиги учун суфий Ислом, яъни тасаввуфни ёйишга эътибор қаратилмоқда. Сиз бу фикрларга қандай қарайсиз?

Ингеборг Балдауф: Ўрта Осиёда тасаввуфнинг аҳамияти илгаридан катта бўлиб келган. Менимча, ҳозир ҳам ўрни бор. Аммо бир жиҳатига қўшилмайман. Исломнинг яхшиси ёки ёмони бор, деб айтиш тўғри эмас. Чунки мен Исломнинг ёмонини кўрмадим. Аммо одам Ислом дини номидан ёмон иш қилса, бу энди бошқа гап ва уни Исломга боғламаслик керак. Тасаввуф, албатта, Ислом ичидаги қирралардан биттаси. Тасаввуф одамнинг назари ва эътиборини кўпроқ ўз ички оламига қаратади ва ташқи оламга унчалик жалб этмайди. Шу маънода, тасаввуф инсонни тинчитади. Ташқи олам билан алоқалари камайиб кетган одам ташқи оламга ёмонлик қилмайди. Аммо, минг афсуски, яхшилик қилишга ҳам интилмаслиги мумкин. Чунки ўзи билан ўзи овора бўлади.

Исмини билдирмаган бир тингловчимиз ўзбек адабиётидан ўзингиз ёқтирган бирон шеърни айтиб бера оласизми, деб сўрайди.

Ингеборг Балдауф: Афсус, шеърларни ёд ололмайман. Агар халқ қўшиқларидан десангиз, бошқа гап:

Кичкина чорвоқ ичинда айланар бошим маним,
Ёрим ўтган кўчаларда оқди кўз ёшим маним.
Ёрим ўтган кўчаларнинг олди тор келмасмикан?
Бир Худога нола қилсам, ёр дучор келмасмикан?

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Турсунбой Бакирўғли Би-би-си меҳмони
Турсунбой Бакирўғли саволларга жавоб берди.
Эркин КомиловБи-би-си меҳмони
Таниқли актёр Эркин Комилов билан мулоқот
Елена РябининаБи-би-си меҳмони
Сиёсий қочқинлар ҳимоячиси Елена Рябинина жавоблари
Рихси ИброҳимоваБи-би-си меҳмони
Рихси Иброҳимова саволларингизга жавоб берди
Маҳмуд НамозовБи-би-си меҳмони
Маҳмуд Намозовнинг саволларга жавоблари
Валерия Порохова Би-би-си меҳмони
Қуръон таржимони Валерия Порохова билан мулоқот
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy