Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 08 Октябр, 2007 - Published 16:45 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Рихси Иброҳимова - Би-би-си меҳмони
Рихси Иброҳимова айниқса шум боланинг онаси роли билан кўп мухлисларига танишдир
Ўзбекистон театр ва киносининг ёрқин юлдузларидан, Ўзбекистон Халқ Артисти Рихси Иброҳимова веб саҳифамиз ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Рихси Иброҳимова "Шум бола", "Келинлар қўзғолони", "Ёнаётган Фаришта" каби фильмлардаги роли, ҳамда театр саҳнасида Гули, Феруза, Жамила, Офелия, Эмилия, Корделия каби мураккаб фожиали образлари билан яхши танилган.

Суҳроб, Прага: Assalomu alaykum Rihsihon opa. Siz ijro etgan rollarni oz vaqtida sevib tomosha qilganman. Meni sizga savolim, hozirgi Ozbekistondgi ahvolda siz va siz kabi mashhur talantli acterlar qanday hayot kechiryapti. Chet davlatlarda acterlar juda kop pul topadi. Julia Roberts, Nicole Kidmanlarning daromadi million dollarlarda olchanadi. Lekin hozir Ozbekistonda tanikli acterlar arzimagan pulga toyga borib ortakashlik qilishayotgani yoki osha toylardan katta daromad korib televizorga chqayotgan qoshiqchilaning klipiga tushishga ham rozi. Siz bunga qanday qaraysiz. Javobingiz uchun katta rahmat.

Рихси Иброҳимова: Бизда санъаткорларнинг ҳозир биронтасининг нолиганини эшитган эмасман. Айниқса, бизнинг ёшимиздаги санъаткорлар. Минг қатла шукур, ҳам пенсияларини олишади, ҳам, кўплари ўз ихтиёрлари билан чиқиб кетгунча, санъат соҳасида ишлашаяпти. Театр бўлсин, консерваторияда дарс беришади, театр институтларида дарс беришади. Ҳам тўлиқ ойликларини олишади, ҳам тўлиқ нафақаларини олишади. Қолаверса, ижодий учрашувлар бўлиб туради, киноларга тушишади, гонорар деган нарсалар бор биздаям, радиода запись бўлади, телевидение орқали чиқишади, алоҳида санъаткорларни яна ижодий учрашувларга таклиф қилишади, буларнинг ҳаммасидан гонорар тушади. Энди бизнинг ўзбек менталитетимизга ҳос бўлган сабр-тоқатлилик, қаноатлик бор, биз борига шукур қилиб, тинч ҳаётимиз, яшашимиз учун керакли бўладиган нарсаларнинг ҳаммаси бор бўлганидан кейин, бизда унчалик ортиқча бойликка ҳавас йўқ десам ҳам бўлади. Санъаткорга нима керак? Энг биринчи бизни қувонтирадиган нарса ҳалқнинг ардоғидир...

Лазиза, Жиззах шаҳри: Рихси опажон, мен сиз ижро этган ролларни севиб томоша қиламан, сиз ўзингиз актёрлар оиласиданмисиз? Фарзандларингиздан биронтаси сизнинг касбингизни танлаганми? Сизга саволим шу.

Рихси Иброҳимова: Йўқ, бизнинг оилада актёрлар деярли йўқ. Лекин, менинг отам, умуман бизнинг оиладаги муҳит жудаям санъат шинаванда, санъатни севадиган, зиёли деса бўларди. Чунки, менинг отам жуда кўп китобхонлик қилардилар, уруш йиллари, ақлимни таниганимдан биламанки, бизнинг уйимизда китобхонлик қилишарди. Бутун маҳалланинг эркаклари чиқарди, отам ҳам замонавий китоблардан, ҳам пайғамбаримизнинг тарихларидан ўқирдилар, демоқчиманки, улар жуда санъатга берилган одам эдилар. Маҳалла маҳалла бўлиб театрларга боришарди, эсимда бор... Кейин ҳали ў қўшни, ё бу қўшниникида йиғилишганда, менинг отам сибизға чалиб, чиройли ҳиргойи қилардилар. Овозлари жуда чиройли бўлган. Қолаверса мен ўзим, мактабда пайтимда, ҳаваскорлик тўгаракларида қатнашиб, кичик спектакллардан парчалар ижро этганим учун, буни ота-оналаримиз келиб кўришарди. Менда қандайдир иқтидор борлигини сезишганди, аммо мен ҳужжатларимни Тошкент Медицина Институтига топширгандим. Ҳужжатларимни қайтариб олишимга тўғри келган, отамнинг таклифи билан. Уларнинг "Тошкентда театр санъати институти бор экан, санъаткорларни етиштирар экан" деган гапларини эшитганимдан кейин уларнинг рухсати ва ҳомийликлари билан мен театр йўлини танлаганман. Ижодий фаолиятимни биринчи курсда талабалик вақтимда бошлаганман. Миллий Академик драма театрида иш фаолиятимни бошладим, мана 52 йил бўлди.
Биттагина ўғлим бор, бу ўғлим ёшлигидан ман билан театрга бориб, ёш болалар ролларини ижро этиб келди. Лекин, "санъаткор бўласанми?" десам, йўқ деди, ҳозир компьютер бўйича муҳандис, юртимизда энг яхши кўзга кўринган муҳандислардан бири.

Жавоҳир Кимсанов, Калифорния, АҚШ: Salom Rihsi opa, sizga savolim: Siz yaratgan obrazlarni yaxshi ko'rib koramis doim klassik kinolar orqali, lekin hozirda qobiliyati bolmagan qo'shiqchilar ham kinolarda bosh rol o'ynab, o'zbek kinosini obro'sini tushirayapti, shu holatga fikrizi bilmoqchi edim

Рихси Иброҳимова: Бу нарсалар жуда кўп гапирилаяпти. Менинг назаримда, энди нима дейсиз, бизнинг машҳур фильмларимиз бор, масалан "Тоҳир ва Зуҳра", "Алишер Навоий", "Маҳаллада Дув-Дув Гап", "Мафтунингман", "Шум Бола" фильмлари дунё олтин фондидан жой олган. Кўпинча шу фильмларга қараб баҳо берилганида "у қадармас ҳозирги фильмлар" деган гапларни эшитамиз. Лекин, ҳозир бир шундай удум борки, ёш режиссёрларимиз "балки ашулачи санъаткорларимизни бир экранга чиқариб, бошқа қирраларини очармиканман, шу жиҳатдан одамларни кўпроқ жалб қила олармиканман" деган фикри йўқ эмас, назаримда. Лекин, уларнинг ўзлари тан олишаяптики, бу кино санъати мураккаб экан, қийин экан, анча қийналаяпмиз дейишади-ку, лекин ҳавас деган нарса бор. Лекин бизда ҳозир ёшларга имконият берилган, хоҳлаган одам хоҳлаган тарзда ижод қилишига имкон бор. Вақти келиб, буларнинг ҳаммаси, яхшиси яхшига, ёмони ёмонга, сараси сарага ажралиб, буларнинг ичидан дурустларининг ҳам пайдо бўлиб қолиши имкони бор.

Дилфуза, Тошкент: Салом Рихси опа, сизга мени қизиқтирган саволим бор эди. Сиз кўпроқ театрда роллар ижро этасиз, сизга театр роллари афзалроқми, ёки кино роллари?

Рихси Иброҳимова: Энди, ҳар бир санъаткор, айниқса театр санъаткори театрни кўпроқ севади. Чунки, театрда кўзма-кўз, юзма-юз томошабин билан мулоқотда бўласиз-да. Бутун ҳис-ҳаяжонингизни улар қувватлаворади. Улардан илҳом оласиз, уларга руҳ бағишлайсиз, улар сизга шунинг жавобини қайтаради. Мана шунинг ёрдамида ўзингиз юқори чўққиларга кўтариласиз. Ман ўйнаган роллар трагик, драматик бош қаҳрамонлар бўлгани учун, роҳатланиб ўйнаганман ўша спектаклларда, буларда томошабиннинг бир "оҳ" деган сўзи, ёки йиғлагандаги овози, кулганда шарақлаб кулганлари, буларнинг ҳаммаси бизга илҳом беради. Томошабин билан юзма-юз, бақамти ўтирганга нима етсин. Бу ижоднинг лаззати бутунлай бошқа. Лекин, кинода асосан аппарат билан ишлаймиз-да, тўғри, ёнимизда партнёр бўлади, лекин бўлак-бўлак қилиб олингани учун, кинодан у қадар лаззатлана олмайсиз. Аммо, бир томони бор, кино бир умрга муҳрлаб қўяди ёшлигингизни, ўша пайтдаги овозингизни, ўша пайтдаги ҳолатингизни, буни қайтариб бўлмайди, эртага "бошқача ўйнасам бўларди" деб пушаймон қилсангиз, у шундайлигича экранда қолиб кетади. Агар ёмон ўйнаган бўлсангиз, вақтлар ўтиб, бир кўрганингизда, ўзингиздан уялиб кетасиз.

Шоҳруҳ, Лондон: Agar siz O'zbek teatrlarining boshligi bolganingizda, hozirgi teatr sistemasining yahshilash uchun, tomoshabinlarni teatrga jalb qilish uchun nimalarni qilgan bolar edingiz?

Рихси Иброҳимова: Театрнинг иши асосан драматургия билан боғлиқ. Энг мағзи шу демоқчиман. Агар драматургия бўлмаса, актёр яхши актёр бўлгани билан, у нимани ижро эта олиши мумкин? Яхши драматургия бўлса, актёрнинг ҳам, режиссёрнинг ҳам иши сал камроқ бўлади. Актёрлар шунақанги талашиб ўйнайди агар яхши драматургия бўлса. Афсуски, ҳозирги замонавий асарларимиз ичида миллий классикамиз даражасидаги асарлар камроқ. Лекин яхши замонавий асарларимиз бор, айниқса комедия жанрида. Залларимиз тўла, бир ҳафталаб билетларимиз сотилган бўлади. Ҳатто қўлдан сотиб олиб, киришади. Минг қатла шукур, ҳозир шу даражага кирганмиз. Илгари айтишарди "театр вақти келиб ўлади, кино ва телевидение чиқаяпти, театрнинг иши унча бўлмайди" деган гаплар ҳаммаси бекор эканини ҳозирги кунда кўриб турибмиз.

Лола Раҳимова, Дубай, Бирлашган Араб Амирликлари (телефон орқали): Assalomu alaekum Hurmatli BI-bi-si manda savol bor RIHSI IBROHIMOVAga bugungi kunda Mashhur Artistimiz necha yoshga kirdilar va SHUM bola rolida necha yoshda edilar.Men ukishiga uzoq umr tilaeman va Soglik salomatlik. Kattakon RAHMAT.

Рихси Иброҳимова: Шум бола фильмида ўйнаганимда... Мен ҳудо хоҳласа, етмишга кираман янги йил арафасида. Шум Бола 1976 йилда қўйилган. Демак, 31 йил бўлибди бунга. Демак, 39 ёшимда ўйнаганман.

Шоҳруҳ, Лондон: O'zbekistonda aktyorlik olamida raqobat haqida gapirsangiz.
Dushmanlaringiz kopmi? Chet elda aktyorlar orasida raqobat katta, lekin Ozbekiston bu unchalik sezilmaydiku.

Рихси Иброҳимова: Йўқ, йўқ, умуман бизда бунақа рақобат деган нарса йўқ. Ҳалиги ёмон маънодаги рақобат, бир-бирининг тагини қирқиш, ёки пул билан сотволиб роль ўйнаш, ёки режиссёрни қўлга олиш, бировни суриб чиқариб, унинг ўрнига ўзини қўйиш деган нарсалар бизда умуман йўқ. Бизда яхши маънода ҳавас қилиш бор. "Ўша одамга етсам, шу даражага етсам" дейдиган яхши умидлар бўлади. Устоз ва шогирдлик деган нарса бор бизда.

Би-би-си: Сизда шу давргача ҳали ижро этмай, сиз учун армон бўлиб турган роль борми?

Рихси Иброҳимова: Ман энди армоним бор десам, уят бўлади. Ҳақиқатан ҳам кўнглимдаги ролларимини ҳаммасини ўйнаганман, рус ва ўзбек классикасидаги ҳамма бош ролларни, ёш санъаткорлар, санъатга қадам қўйиб келган ҳар бир санъаткор орзу қиладиган деярли ҳамма ролларни ижро этдим. Битта орзуим бор эди, ўз пайтида, ёшим тўғри келганида, Нодирабегимни ўйнай олмаган эдим. Мана шу армон бўлиб қолганди. Нодирабегимнинг ҳаёти, бутун бошидан ўтганлари, ғазалиёт ва шеъриятини жуда яхши кўрардим, шуни ўйнамагандим. Лекин йиллар ўтиб, ёшим катта бўлганидан кейин, Нодирабегимнинг оналик даврини ўйнадим. Буни кичик саҳнада рус тилида ижро этиб, бу билан Россиянинг Владивосток шаҳри, ҳатто Чернобилга бордик, Нодирабегимнинг ҳаётига бағишланган "Сўнги Тун" асари билан. Демоқчиманки, бу орзуим ҳам бир қадар бўлса ҳам амалга ошди, армоним йўқ десам бўлади.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Маҳмуд НамозовБи-би-си меҳмони
Маҳмуд Намозовнинг саволларга жавоблари
Валерия Порохова Би-би-си меҳмони
Қуръон таржимони Валерия Порохова билан мулоқот
Рустам СаъдиевБи-би-си меҳмони
Рустам Саъдиевнинг мухлисларга жавоблари
Али ҲамроевБи-би-си меҳмони
Кинорежиссёр Али Ҳамроев саволларга жавоб берди
Солижон Шарипов(NASA сурати)Би-би-си меҳмони
Солижон Шарипов саволларга жавоб берди
Севара НазархонБи-би-си меҳмони
Таниқли поп юлдузи Севара Назархон ўз жавоблари билан...
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy