|
Кинорежиссёр Али Ҳамроев Би-би-си меҳмони | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
ВГИК яъни Бутуниттифоқ Давлат Кинематография институтида таълим олган санъаткорнинг ижоди 60-йилларнинг ўрталаридан бошланган. Али Ҳамроев сценарий ёзган ва ё режиссёрлик қилган "Оппоқ лайлаклар", "Фавқулодда комиссар", "Инсон қушлар ортидан боради", "Учлик", "Еттинчи ўқ" ва "Кобулдаги жазирама ёз" каби фильмлар нафақат Марказий Осиёда, балки бутун собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида ҳам эл оғзига тушган. Али Ҳамроев ҳозир Россияда истиқомат қилади. Шунингдек, имконият ва шарт-шароит туғилса, Ўзбекистонда ҳам фильмлар олиш ниятида. Али Ҳамроевнинг яна бир орзуси вақти етиб Тошкентга қайтиш, нураб ётган дала ҳовлисини тузатиб, чорпояда беданалар сайрашини тинглаганча, қариндошлари ва юртдошлари даврасида кексалик гаштини суришдир. Али Ҳамроев ўз жавоблари билан: Би-би-си: Тоҳир исмли Англияда истиқомат қиладиган тингловчимиз бир неча савол йўллаган. Аввало, Сизнинг фильмларингизни Интернет орқали сотиб олиш мумкинми, деб сўрамоқда. Али Ҳамроев: Йўқ, ҳалича менинг фильмларимни Интернетдан сотиб олиш имкони йўқ. Лекин ҳозирда бир ширкат менинг энг яхши фильмларимни Интернетга қўймоқчи. Худо хоҳласа, янаги йилдан мумкин бўлади. Би-би-си: Тоҳир сизнинг италияликлар билан бирга ишланган "Бо-Ба-Бу" номли фильмингиз ҳақида, унинг маъноси нимани англатиши ва фильмда ўзбекистонлик актёрлар ҳам иштирок этишгани ё йўқлиги хусусида ҳам қизиқади. Али Ҳамроев: "Қуръон"да бир оят бор. Унда "Оталарингизнинг аёлларини турмушга олманг", деб айтилади. Биз ана шу фикр атрофида бадиий фильм яратдик. Номи - "Бо-Ба-Бу". Бо -отасининг исми. Бу - ўғли. Саҳрода у бир аёлни топиб олган бўлади ва бу аёлга Ба, деган исм қўяди. Фильмдаги чўпоннинг ўғлини ўзбекистонлик Жавоҳир Зокиров ўйнаган. Жавоҳир жуда ёш ва истеъдодли йигит. Кейин ҳам кино ва ҳам театрда ишлайдиган катта санъаткорларимиздан Фарҳод Абдуллаев ҳам роль ижро этган. Қозоғистондан ҳам артистлар иштирок этишган. Би-би-си: Тингловчимиз Ўзбекистонда ҳозир олинаётган фильмлар борасидаги фикрларингизни ҳам билишни истайди. Али Ҳамроев: Ҳар хил фильмлар бор. Ҳозир, асосан, ёшлар фильм яратишмоқда. Зулфиқор Мусҳоқов деган режиссёримиз бор. У "Ватан" номли жуда зўр бир фильм яратибди. Бу фильм менга жуда ёқди, жуда. Би-би-си: АҚШдан келган савол. Акром исмли тингловчимиз Россияда ҳозир қандай фильмлар олаётганингиз хусусида билишни истайди. Али Ҳамроев: Мен ҳозир Россияда фильм олмаяпман. Ҳозир фильм олиш учун камида бир ярим миллион доллар маблағ лозим. Келаси йили маблағ топсам бир фильм ишламоқчиман. Андрей Платонов номли мумтоз ёзувчининг Ўзбекистон тўғрисида ёзган "Жан" деган асари бор.Ундаги воқеалар 1934 йилда содир бўлади. Унда болалар уйида улғайган етим бола, ўқиш учун Москвага боради. Институтни тамомлаб, Тошкентга қайтади. Бу ерда унинг бошлиқлари: "Устюрт текислиги атрофида, Орол денгизи бўйларидаги бир халқ йўқолиб кетган. У халқнинг оти "жан", яъни "жон". Шу халқни танийсанми! ?" - дея сўрашади. Йигит эса: "Менинг ўзим ана шу халқдан чиққанман!" - деб айтади. Шу асно Назар Чиғатоев исмли бу йигит Хива атрофидан ўтиб, Устюртга боради. Бир неча кун сувсиз, овқатсиз юриб, ниҳоят, ўз халқини топади. Бу халқнинг ичида ўзбегу қорақалпоқ, тожигу туркман, қозоғу қирғиз, рус ва украин ҳам бор экан. Бу халқ жуда камбағал бўлиб қолган, ҳатто уйлари ҳам, бирон нарсалари ҳам йўқ экан. Аммо бу халқда бир нарса - Жон бор экан. "Жон", яъни русчасида "душа" бор экан. Шундай қилиб, Назар Чиғатоев ўз халқини сақлаб қолади. Агар Назар Чиғатоев келмаса, бу халқ ярим йилдан кейин йўқолиб кетарди. Ана шу асарни фильм қилмоқчиман. Би-би-си: Орландодан, АҚШдан Бек Матчоҳи сўрамоқда. Наҳот Амир Темур ҳақида ҳеч бўлмаганда икки серияли бадиий фильм ишлашнинг ҳам иложи йўқми? Али Ҳамроев: 1990-йиллари мен бу лойиҳани бошлаганман. Аммо ўша пайтлари Совет Иттифоқи қулади ва менинг Амир Темур ҳақидаги лойиҳам ҳам йўқ бўлиб кетди. Келаси йил мен бу лойиҳани бошламоқчиман. Улуғ Амир Темур ҳақидаги лойиҳа учун пул топилади, иншоаллоҳ. Чунки Амир Темур - улуғ одам. Амир Темур ҳам Александр Македонский, Чингизхон ва Наполеон каби шахслар ичидадир. Би-би-си: Ўшлик Одилжон Дадажонов сизнинг не боис Россияга кетганингиз сабабини билишни истайди. Али Ҳамроев: Менинг ўғлим ҳозир Москвада ўқияпти. Гулбўстон билан биз ҳам Москвага келдик, чунки ўғлим ёш, жуда қийналган. Унга эҳтиёт бўлиш, қараб туриш, ёрдам бериш керак. Мен ўғлимга ҳам ҳайдовчилик, ҳам ошпазлик қиламан. Худо хоҳласа, келаси йили ўқишини тугатади ва биз ҳам Ўзбекистонга қайтиб келамиз. Тошкентда уйим бор, тоғда дала ҳовлимиз, боғимиз бор. Ойимнинг қабрлари ўша ерда. Ким мендан сўраса доим "Мен ўзбек режиссёриман", деб жавоб бераман. Би-би-си: Туркиядан ўзини Маҳмудов деб таништирган ўқувчимиз саволлар йўллаган ва, барибир, ўзбек киноси бугун Марказий Осиёда етакчилик қилмасмикан қабилида истиҳола билдирган. Али Ҳамроев: Ўрта Осиёда ҳозир кино қолиб кетди. Одамлар, оилалар ҳозир нон топишни ўйлашади. Олдин халқнинг қорнини тўйғазиш керак, овқат бериш керак. Ана ундан кейин секин-секин кино ҳам яхши бўлади. Ҳозир қийинчилик... Ҳозир Ўзбекистондаям, Россиядаям ва ёки бошқа республикаларда ҳам ишланаётган фильмлар Америкага қараб яратилмоқда. Доим қон, доим биров-бировни уради, биров-бировни алдайди... Би-би-си: Хитойдан электрон мактуб йўллаган Раҳматулло, балким бугун Ўзбекистондаги санъаткорларга, режиссёрларга ижодий эркинлик бериш керакдир, деб айтади. Али Ҳамроев: Озодлик бор, пул йўқ. Кино яратиш учун пул етишмайди, ҳукуматда пул кам. Ўзбекистонда ҳозир элликка яқин режиссёр бор. Агар ҳукумат, дейлик, кино учун ярим миллион доллар пул ажратса ҳам, элликта режиссёрга 10 минг доллардан тегса, нимани олади? Қанақа фильм олади? Бизда ишбилармонлар, бой одамлар бор. Бу одамлар пул топиб, маҳаллада масжид қуришади. Бир боғча ёки мактаб қургин. Кинога, театрга, рассомларга озгина пул бергин. Йўқ, улар масжид қурсам, Худо мени кечиради, деб ўйлашади. Би-би-си: Туркистоний исмли тингловчимиз яқинда Андижон воқеаларига 3 йил тўлишини эслатган ва бошқа санъаткорлар билан биргаликда Андижон воқеалари ҳақида бирон фильм яратиш истагингиз бор ё йўқлигини сўраган. Али Ҳамроев: Мана яқинда Жиззахдаги қийинчиликлар туфайли бош кўтарган халқнинг отиб ташланганига 100 йил тўлади. Ўшанда Оқ подшо қанча одамларни отган, осган. Шу Жиззах воқеалари бўйича биронта фильм яратилдими?! Жиззах воқеасидан бери 100 йил ўтди, лекин битта ҳам фильм ишланмаган. Андижон тўғрисида нима? У қандай бўлган? Мен у ёққа бормаганман, ўзим кўрмаганман. Мен газетада ўқидим, радиода эшитдим. Биттаси унақа деса, иккинчиси бунақа, деб айтади. Юз йил, эллик йил ўтсин, кейин ҳақиқий гаплар чиқади. Нима? Қанақа бўлган? Ким биринчи отган? Ким айбдор? Ким бошлаган? Ким пул берган шунга? Ким халқни, майдонга чиққан оддий одамларни жангга қўшган? Ким? Буларни яхши билдириш керак. Агар мен ўша ерда бўлган ва ўз кўзим билан кўрган бўлсам, албатта фильм қилардим. Ҳозир нимаман? Кимнинг томонини оламан? Шу учун, 10-15 йилми, 20-25 йилми ўтсин. Кейин ҳақиқат, ҳақиқий гаплар чиқади. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||