Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 11 Август, 2007 - Published 14:04 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ишбилармон Анвар Ҳусайнов саволларга жавоб берди
Анвар Ҳусайнов
Ишбилармон Анвар Ҳусайнов Россия ва Ўзбекистон орасида кичик ва ўрта тижоратни кучайтириш ниятида ҳам фаолият олиб бормоқда

Анвар Ҳусайнов 1993 йилдан буён Россияда истиқомат қилади, аммо иқтисодий, тижорий ва жамоатчилик фаолиятини Ўзбекистон билан боғлиқликда олиб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида тижоратни ривожлантириш, бизнес юритиш жараёнида салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Москва ва Тошкентда ўз консалтинг ширкатига эга.

Айни пайтда, Россиядаги ўзбек жамоаси ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муҳожирларининг шароитларини яхшилаш ва бегона юртда кўникишларига ёрдам бериш борасида ташаббуслар билан чиқмоқда.

Ҳуқуқшнуослик бўйича ҳам мутахассис бўлмиш бу тадбиркор марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг аҳволи ва уларга нисбатан учрайдиган қонунбузарлик ҳоллари ҳамда айрим ноинсоний муносабатлар борасида Россия мулозимларини танқид қилиб келади.

Шу қаторда, минтақа давлатлари ҳам четдаги ўз фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари ва шароитларини яхшилаш борасида жиддий саъй-ҳаракат қилишлари лозим, деган фикрда.

Анвар Ҳусайнов Россия муфтийси Равель Ғайнуддиннинг маслаҳатчиси ҳамдир.

Ҳозир Волгабўйи минтақасида ўзбек маданият ва бизнес маркази очиш саъй-ҳаракатида.

1990-йиллар бошларида "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинги раиси муовини, нефть ва газ маҳсулотлари экспорт-импорти Давлат қўмитаси раиси сифатида ишлаган.

Айни ўша пайтлари Россия ва Ўзбекистон орасида нефть ҳамда пахта маҳсулотларини айирбошлаш шартномасининг Ўзбекистон тарафидан раҳбарлигини ҳам бошқарган.

Мазкур шартнома фақат бир тарафдан 1 ярим миллиард долларга тенг эди.


Би-би-си меҳмони Анвар Ҳусайновга илк савол қирғизистонлик Одилжон Дадажоновдан. У не боис Марказий Осиёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетган, дея савол берган.

Анвар Ҳусайнов: Деҳқончилик ва гўшт маҳсулотлари нархи кескин ошгани кузатилаётгани аниқ. Биз ҳозирда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларнинг майдалашиб кетганини кўриб турибмиз. Илгари ихтисослашган хўжаликларда юқори ва сифатли ҳосил олинарди. Ҳозир улар Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам фермер хўжаликларига айлантирилган. Фермер хўжаликлари эса тўла оёққа туриб улгурмади. Фермерларнинг кучга киришлари учун уларнинг маҳсулотларини хорижга чиқариш ва мамлакат ичкарисида қайта ишлаш жараёнларини яхшилаш лозим. Деҳқон меҳнати илмий тарафдан ҳам қўлланиши шарт, уларга сифатли уруғлик ва кўчатлар берилиши муҳимдир. Айниқса, Ўзбекистон фермерларининг Россия ва Қозоғистон бозорларига чиқишлари учун давлат кўмак кўрсатиши керак. Масалан, маҳсулотларни жўнатиш учун тўплаш каби амаллар орқали ҳам бу кўмакни амалга ошириш мумкин.

Исмини бермаган интернет ўқувчимиз эса Россиядан туриб, Ўзбекистон келажаги сизга қандай кўринмоқда, қабилида савол сўраган.

Анвар Ҳусайнов: Мен Россияда яшасам ҳам, барибир, Ўзбекистон билан қаттиқ боғланганман. Мен ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш борасидаги камчиликларни очиқ-ойдин кўриб тураман. Аммо Ўзбекистон халқининг меҳнатсеварлиги, еримиз унумдорлигини, бойликларимиз кўплигини ва ёки хорижий юртларда ишлаётган юртдошларимиз ватанга қайтиб келиб, ишлашга тайёрлигини назарда тутсак, Ўзбекистон яна ривожланиш йўлига киришига ишонаман. Мана яқинда, Туркманистон газининг Ўзбекистон орқали Хитойга ўтказилиши лойиҳаси устида Ўзбекистон тарафи ҳам жиддий ишлади. Россиянинг йирик газ ширкатлари, АҚШ тоғ-кон корхоналари келишмоқда.

Савол: Аммо мана шу йирик бизнеслардан кўра, кичик ва ё ўрта тижорат кириб келганида эди, оддий ўзбекистонлик одамларга кўпроқ фойдали тегмасмиди?

Анвар Ҳусайнов: Албатта, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш керак. Хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини мамлакатда қайта ишлаб, ташқарига олиб чиқишга интилган ишбилармонлар қўллаб-қувватлансалар, жуда катта фойдали иш бўларди. Масалан, сотаётган пахтамизни кийим-кечакка айлантириш керак. Бир кило пахта толаси бир ярим доллар бўлса, ундан ишланадиган иккита кўйлак улгуржи савдонинг ўзида йигирма доллардан токи юз долларгача туради. Энди шундай давлат дастурлари керакки, иқтидорлари тижоратчиларни топиб, уларнинг қўлига керакли маблағлар ва технологик воситаларни бериб, хорижга мол чиқаришни миллий саноат сиёсатимиздаги бош йўналишга айлантиримиш зарур. Аммо бу учун биз мавжуд тўсиқларни бартараф этмоғимиз шарт. Дейлик, кичик корхоналар ва тадбиркорлар учун бериладиган банк кредитлари жуда узоқ ва фоизлари баланд. Масалан, Фарғонадаги фермерлар жаҳон бозорлари сифати даражасида маҳсулот етиштиришни ҳали 20 йил илгари ҳам эгаллаб олишганди. Аммо уларга ёрдам бериш лозим. Дейлик, бу деҳқон ва фермерларнинг молларини сотиш учун Москва, Урал, Сибирь ва Санкт-Петербургда катта-катта Ўзбекистон бозорлари очиш, махсус терминаллар барпо этиш даркор. Шу қаторда, йирик вилоятларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тўплаб, улкан эшелонларда ташқарига олиб чиқадиган давлат корхоналари ташкил этилса, ўзбек деҳқони Россия ва Қозоғистон бозорларидаги ўрнини қайта тиклаб, янада ривожлантириши ҳам мумкин бўларди.

Оврўполик бир талаба эса ўзбекларнинг Россияда "қулдек" ишлашга мажбур бўлишаётганига ўз ҳукуматимиз айбдор эмасми, деб сўраган.

Анвар Ҳусайнов: Ўзбекистонда аҳоли сонининг тез ўсгани мамлакат демографиясининг ютуқли жиҳатларидан бири эди. Аммо бу ўз навбатида муҳожирот ва кўчманчи ишчиларни ҳам яратди. Ҳақиқатан ҳам ҳозир Россиядаги кўчманчи ишчиларимиз аҳволи жуда оғир. Уларни ҳуқуқий ва саломатлик жиҳатидан ҳимоя қилиш бўйича қийинчиликлар кўп. Бир-икки ҳаракатлар ҳам қилинди. Масалан, яқинда Сергей Иванов Тошкентга борганида Россиядаги ўзбекистонликлар ва ёки, аксинча, Ўзбекистондаги россияликларни ҳимоя қилишга қаратилган шартнома имзоланди. Аммо давлат тизимларининг бир-бири билан мувофиқлашмасдан, келишиб олмасдан ишлаши ҳам ноқонуний муҳожиротнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, бошқа давлат ташкилотлари муҳожирлар ҳуқуқлари бузилишига оид ҳар бир ҳолатга ўз муносабатини билдириши керак.

Умар исмли тошкентлик ўқувчимиз айнан ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалада Россия ҳукуматини ҳам жалб этишнинг йўллари йўқми, деган маънода савол беради.

Анвар Ҳусайнов: Россия қонунларига кўра, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини бузганлик учун чоралар кўзда тутилади. Масалан, уларни қабул қилгандан кейин 10 кун давомида рўйхатдан ўтказишмаса ва ёки маошларини ўз вақтида беришмаса, 800 минг рубль жарима солиниши керак. Аммо айни қонун ҳалигача деярли ишламайди. Бу масалаларда биз Ўзбекистон матбуотида танқид қилишимиз керак. Россия ҳукуматига жиддий таклифлар киритиш керакки, улар ўз қонунларидан фойдаланишсин. Агар бир-иккитаси жазоланса, бошқалари ўйланиб қоларди. Ҳозир бизнинг меҳнат муҳожирларимизни ишлатаётганлар кўпинча жиноий гуруҳларга боғлиқ ва ёки яқин бўлган шахслардир.

Ўзини Банкир, деб таништирган бир ўқувчимиз эса "Ўзбекнефтгаз"да катта лавозимда ишлаган экансиз, нега энди Россияга кетиб қолгансиз. дея сўраяпти.

Анвар Ҳусайнов: Фарзандларим ва уларнинг олий маълуот олишга интилишлари туфайли, ўзимнинг эркин тадбиркорликка қизиққаним боис ҳамда Россия-Ўзбекистон иқтисодий алоқаларини ривожлантиришнинг янги моделларини топиш борасидаги ғояларимни руёбга чиқариш учун ҳам мен Россияга йўл олдим.

Салимбой исмли тингловчимиз мактубида эса сиз ҳозир Ўзбекистонга қайтиб, у ердаги муҳитда иш юрита билармидингиз, қабилида савол сўралади.

Анвар Ҳусайнов: Менинг ҳозир Россиядаги каби имкониятларим Ўзбекистонда йўқ. Менимча, биз Ўзбекистондаги яхши тайёрланган, ўзининг ишлаб чиқаришини ташкил эта биладиган тадбиркорларни Россияга жўнатишимиз керак. Ва уларга банк кредитларини бериш даркор. Айниқса, деҳқончилик ва чорвачилик соҳасида Россияда бу қадамлар жуда ҳам қўллаб-қувватланган бўларди.

Салимбой Ўзбекистондаги солиқ тизими борасидаги фикрингизни ҳам билишни истаган.

Анвар Ҳусайнов: Ўзбекистондаги солиқ сиёсати тадбиркорни анчайин қўллаб-қувватлашга қаратилган. Масалан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни тайёрлайдиган корхона ташкил қилинса, 3 йил давомида фойдадан олинадиган солиқлардан озод қилинади. Аммо бугунда юксак даромад олиб ишлаш учун солиқ ташкилотлари сиёсати айрим ўринларда халақит беради. Менимча, агар корхона кўрган ўз даромадини ишлаб чиқаришни ошириш ва ё янги иш ўринлари яратишга сарфласа, уларни фойда солиғидан янада узоқроқ муҳлатга озод қилиш керак.

Анвар исмли ўқувчимиз эса амалдорлар нима қилиши керак ва ёки йўқлиги борасида фикрингизни билишни истайди. Шу қаторда мамлакат раҳбарияти ўзгарса, Ўзбекистоннинг бирданига гуркираб ривожланиб кетишига ишонасизми, деб савол қўяди.

Анвар Ҳусайнов: Менимча, ҳар қандай сиёсий ўзгариш тарихан муҳим омил бўлиб келган ва бўлади. Лекин иқтисод соҳаси ҳақида гапирганда, уни давлат билан боғлайвермаслик керак. Иқтисодиёт аҳволи борасида тадбиркорлар жавоб беради.

Лекин бугун кўплаб мутахассислар Ўзбекистонда иқтисод устидан давлат назорати ўта қаттиқлиги ҳам ислоҳотларга халақит бераётганини айтишади-ку?

Анвар Ҳусайнов: Албатта, тадбиркор устидан назорат керак эмас. Тадбиркорларга эркинлик, рақобат учун имконият яратиб, уларнинг чет элларга тез-тез бориб, ўзларига ҳамкорлар топишларига ёрдам бериш ҳамда уларга банк кредитлари ажратиш орқали кўмаклашиш зарур. Бугунги кунда тадбикорга нисбатан амалдорларнинг ҳуқуқлари кўпроқ. Халқни тадбиркор боқади, амалдор эмас. Бу - оддий ҳақиқат. Агар давлат сиёсатида амалдорларнинг тадбиркорлар ишларига аралашуви чеклаб қўйилса, тез орада тадбиркорларимиз яхшилаб уюшиб, масалан, ўзларини ҳимоя қилишга ҳам кучлари етади.

АҚШдан мактуб йўллаган Мурод Охунбобоев эса Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги ишлари келажакда қаттиқ танқидга учрайдими деб савол сўраган. Айни пайтда, бугун Ўзбекистонда ҳамма нарса талон-тарож бўлиб кетмадими, деган хавотирини ҳам билдирган.

Анвар Ҳусайнов: Йўқотишлар унчалик катта эмас. Ўзбекистондаги асосий саноат корхоналари, ер-сув бойликлари, хазиналаримизнинг кўпчилиги бугунги кунда Ўзбекистоннинг мулкидир. Аммо ўтиш даврида ҳаммада ҳам хато-камчиликлар бўлади. Албатта, келажакда ўтган хатоларни яхшилаб мушоҳада этиб, уларга йўл қўймаслик учун тарих китобларимизни яратамиз. Ўйлайманки, ўшанда ҳамма қилинган яхши ишларга ҳам, хатоларга ҳам ва уларга йўл қўйган алоҳида шахсларга ҳам тўғри баҳо берилади.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Аҳад АндижонБи-би-си меҳмони
Аҳад Андижон саволларга жавоб қайтарди
Имрон ВоҳидБи-би-си меҳмони
"Ҳизбу-таҳрир" воизи Имрон Воҳид билан мулоқот
Суръат ИкромовБи-би-си меҳмони
Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов
Обидхон қори НазаровБи-би-си меҳмони
Обидхон қори Назаров билан мулоқот
Крейг МаррейБи-би-си меҳмони
Крейг Маррей саволларга жавоб берди
Муҳаммад СолиҳБи-би-си меҳмони
Муҳаммад Солиҳ саволларга жавоб қайтарди
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy